Халқ депутатлари Шаҳрисабз туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди, унда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев сўзга чиқиб, туманда амалга оширилаётган ишлар талаб даражасида эмаслигини таъкидлади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Зойир Мирзаев, айниқса, фуқаролар мурожаатлари, таълим тизими, йўллар, қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш ва экспорт масалаларига умуман эътибор қаратилмагани ҳақида гапирган.

“Тумандаги 30 та мактабларда иситиш тизими йўқ, 6 таси таъмирталаб. Мактабгача таълимга қамров 47 фоиз. Энг ачинарлиси Президентимиз қарори билан бугун вилоятдаги 20 000 та эҳтиёжманд оилага 1 миллион сўмдан нақд пул берилиши бошланган эди. Аммо, ушбу туманда 1040 нафар эҳтиёжманд оила бўла туриб, бугун ушбу хайрли иш амалга оширилмади. Сабаби – масъулларда хисоб-китоб бўлмаган”, деган вилоят ҳокими.

Юқоридаги бир қатор камчиликлардан келиб чиқиб, сессия ишида ташкилий масала кўрилди:

Бугунгача туман ҳокими лавозимида ишлаб келган Исроил Аманов вазифасидан озод этилди ва унинг ўрнига Муборак тумани прокурори вазифасида ишлаб келаётган адлия маслаҳатчиси Ҳасанов Самад Аҳатуллаевич сайланди.

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг