Шифокор Муроджон Аҳмедов юракларга яшаш имконини берди!

0

Тақдир синовларидан ҳоли эмасмиз. Бу имтиҳонлар агар дилбандингизнинг соғлиғи, ҳаёти билан боғлиқ бўлса юрагингизга қил ҳам сиғмаслиги аниқ. Айниқса, даъвоси йўқ дард бўлса, туғма юрак хасталигига чалинган бўлса ва уни фақат жарроҳлик йўли билангина даъволаш мумкинлигини билиб турсангиз хаёлга нималар келмайди, дейсиз…

Жарроҳлик учун қанча йиллар, йўллар, сармоялар кераклиги кўнглингиздаги сўнгги умидни ҳам юлиб ташлайди. Ахир, чет элларнинг йўлларида сарғайиб, сарсон бўлиб, ноумид қайтганлар озми? Маълумотларга кўра, республикамизда ҳар йили икки ярим мингга яқин болалар юракда турли нуқсонлар билан туғилади. Уларнинг аксарияти жарроҳлик амалиёти орқали тузалишидан умид бор. Ана шундай операция учун навбатда турган навоийлик беморларнинг уч юздан ортиғи болалар. Улардан икки юзга яқини ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг фарзандлари.

Навоий вилоятида “Меҳрибон юрак” акцияси ҳақида хабар тарқалганда, кўпчилик бу хайрли иш ижобий якун топишига унчалик ишонмаганди. Ёшлар иттифоқи вилоят бўлими ташаббусининг вилоят ҳокими томонидан қўллаб-қувватланиши юрак хасталигига чалинган болаларни жарроҳлик усулида даволашга имкон берди.

—  Бу акция аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига катта мадад бўлди, — дейди вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори, тиббиёт фанлари номзоди Муроджон Аҳмедов. — Иш тажрибамдан яхши биламан, бундан ўн йил аввал юрак жарроҳлиги учун беморлар Тошкентдан Ҳиндистон ёки Россияга юборилар эди. Бунинг машаққатлари фақат ота-оналарга аён. Чет эл эмас, ҳатто Тошкентда ҳам хаста боласини олиб, шифокор, яшашга жой, операцияга катта маблағ излаб, изиллаб юрган олис қишлоқлардан келган ҳамюртларимизнинг чорасизликларини кўпчилик яхши эслайди. Пойтахтда бир йилда мингдан ортиқ юрак операцияси амалга ошириларди. Ушбу рақамлар эса бундай беморларни тўлиқ қамраб олиш имкони бўлмаганлигини кўрсатади. Энди бугун Навоийда худди шундай жарроҳлик амалиёти ўтказилаётганлиги ҳам болалар, ҳам ота-оналар учун катта қулайлик бўлди.

Вилоятда ўтказилган ўттиздан ортиқ юрак операциясининг йигирмадан зиёди болалар. Шундан ўн тўрт нафарининг операция ва реабилитацияси “Меҳрибон юрак” акцияси доирасида ўтказилди. Тўғрисини айтсам, бу акциянинг бор масъулиятини бўйнимга олганимдан хавотирлангандим. Кўплар бу хайрли ишимиздан шубҳага бориб, ишонмаганида ҳам, навбат кутиб турган хаста юракларнинг умидвор нигоҳлари қаршисида ўзимни уларнинг ҳаёти учун жавобгар сезганим менга қудрат бахш этди. Вилоят ҳокими Қобулжон Турсунов ва устозим академик, республикамиздаги етук кардиожарроҳ Феруз Назировнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватлаганлиги эса менга далда бўлди. Пойтахтдан келган анестизиолог-реаниматолог Азиз Эшонов ёнимда турди. Энг муҳими, жарроҳлик амалиёти ўтказилган болаларнинг барчаси бугун соғ-омон оиласи бағрига қайтди.

Бу акцияда нафақат республика ёки вилоятдаги саховатли одамлар, етакчи тадбиркорлик субъектлари, балки Япония, Хитой ва Россия каби давлатларда таълим олаётган, меҳнат қилаётган ватандошларимиз ҳам иштирок этишди. Улар гўёки ҳар бир лаҳза ғанимат эканлигини юракдан ҳис этишганди. Тасаввур қилинг, операция столида ётган етти яшар болакайнинг ҳаёти учун курашиш, унинг хаста юрагини асраб қолиш машаққати шифокор учун қанчалик оғир имтиҳон. Бу имтиҳонлардан ҳар сафар ғолибона ўтаркан, бу машаққатлардан ҳар гал шараф топаркан, операциядан сўнг митти юрак­ларнинг бир маромда уришини эшитаркан олам яна ҳам ёришгандек бўлади. Уч ёшлигида бу оламни тарк этган волидаи муҳтарамаси шифокор Маҳфуза Нурмуҳамедованинг орзуларини рўёбга чиқарганини эслаб, юрак зарби тезлашгандек бўлади. Бу ютуқларини онаси кўрмаганлигидан армон қилади. Лекин унга боқиб турган миннатдор нигоҳлар кемтик юрагини тўлдириб туради.

Маруса ҲОСИЛОВА,

“Инсон ва қонун” мухбири