Шофиркон туман ҳокимининг қарори ҳақиқий эмас, деб топилди.

0

Шофиркон туман Талисафед МФЙ Талисафед қишлоғида яшовчи фуқаро М.Намозов “Намоз Мўмин” фермер хўжалигига қарашли ер майдони туман ҳокимлигининг мансабдор шахслари томонидан олиб қўйилганлигидан норози бўлиб, адлия бошқармасига мурожаат қилди. У туман ҳокимининг тегишли қарорини бекор қилишни сўради.
Аниқланишича, фермер хўжалиги раҳбари Ф.Намозовнинг аризаси олинмасдан, туман ҳокимининг қарори билан фермер хўжалигининг жами 2,0 гектар ер участкаси захира ер фонди ҳисобига қайтарилган. Ушбу ҳолат туман адлия бўлими, туман ҳокимлиги ва туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими масъул ҳодимлари иштирокида тузилган далолатнома билан ҳам ўз исботини топган.
Бундан ташқари, ушбу ер участкаси ҳокимнинг қарорига асосан “Ғафур Жўра” фермер хўжалигига қўшиб берилган.
Шунингдек, вилоят адлия бошқармаси томонидан “Қонун ҳужжатларининг бузилиши, уларнинг сабаблари ва бунга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида” туман ҳокимлигига киритилган тақдимномаси юзасидан Шофиркон туман ҳокимлигининг йиғилиши ўтказилган бўлса-да, йиғилишда туман ҳокимининг мазкур қарори қонуний қабул қилинган деб ҳисобланиб, уни бекор қилиш мақсадга мувофиқ эмас деб топилган.

Қонун нима дейди?

Ваҳоланки, Ер кодексининг 24-моддасида ер участкаларини ижарага олиш шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш тарафларнинг келишуви билан, бундай келишувга эришилмаган тақдирда эса, суднинг ҳал қилув қарори билан амалга оширилиши, 36-моддасида бутун ер участкасига ёки унинг бир қисмига эгалик қилиш ҳуқуқи ёхуд ундан доимий ёки муддатли фойдаланиш ҳуқуқи, шунингдек ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи ер участкасидан ихтиёрий воз кечилганда бекор қилиниши кўрсатилган.
Шунингдек, “Фермер хўжалигининг ер майдонини мақбуллаштириш ва уни тугатиш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 13-бандида ер майдонини узоқ муддатли ижарага олиш шартномасини бекор қилиш ва фермер хўжалигини тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари (туман (шаҳар) ҳокими) томонидан тақдим этиладиган даъволар асосида, иқтисодий суд қарорига биноан амалга оширилиши, 21-бандида туман (шаҳар) ҳокими халқ депутатлари туман Кенгашининг ер участкасини ижарага бериш шартномасини бекор қилиш ёхуд ер майдонини мақбуллаштириш тўғрисидаги қарори асосида, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, халқ депутатлари туман Кенгашининг қарорини, Комиссиянинг хулосасини, туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг хулосасини, далолатномани ва бошқа зарур ҳужжатлар ҳамда материалларни илова қилган ҳолда фермер хўжалиги раҳбари билан ер участкасини ижарага бериш шартномасини бекор қилиш ёхуд унинг ер участкаси майдонини мақбуллаштириш тўғрисида фермер хўжалиги раҳбарига таклиф киритиши, шартномани бекор қилиш тўғрисидаги таклиф фермер хўжалиги раҳбари томонидан рад этилганда ёки Фуқаролик кодексининг 384-моддасида белгиланган муддатда жавоб олинмаганда туман (шаҳар) ҳокими, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, халқ депутатлари туман Кенгашининг қарорини, Комиссиянинг хулосасини, туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг хулосасини далолатномани ва бошқа зарур ҳужжатлар ва материалларни илова қилган ҳолда фермер хўжалиги билан ер участкасини ижарага бериш шартномасини бекор қилиш юзасидан иқтисодий судга даъво аризасини юбориши белгиланган.
Фуқаролик кодексининг 12-моддасида давлат органининг ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳамда фуқароларнинг ёки юридик шахснинг фуқаролик ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжати суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкинлиги кўрсатилган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, бошқарма томонидан фуқаро Ф.Намозовнинг манфаатида Шофиркон туман маъмурий судига ариза киритилиб, суднинг ҳал қилув қарорига асосан ариза қаноатлантирилиб, Шофиркон туман ҳокимининг қарори ҳақиқий эмас, деб топилди.

Анвар РАҲМАНОВ,
Бухоро вилоят адлия бошқармаси масъул ходими

Аввалги мақола2020 йил ҳосилидан бошлаб пахта етиштиришда давлат буюртмаси бекор қилинади
Кейинги мақолаМеҳринисонинг хонадони электр тармоғидан нега узилди?