ТаҳлилСимоб билан боғлиқ жиноятлар

Симоб билан боғлиқ жиноятлар

Келинг, шу ўринда бевосита симоб билан боғлиқ қонунни қўллаш амалиётида учраётган муаммога тўхталамиз. Симоб билан боғлиқ жиноятлар ҳақида гапирганда бир нарсани ҳисобга олиш керак. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қизил ёки кумуш рангдаги суюқ металл бўлган симоб моддасининг савдоси тезкор тадбирлар ўтказиш орқали аниқланиб, тегишли тартибда гумонланаётган шахслардан симоб моддаси ашёвий далил тариқасида расмийлаштирилиб, мусодара қилинмоқда.  Жиноят кодексининг 2511-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказишга киришилса-да, аслида симоб металл моддаси билан ноқонуний муомала қилганлик учун айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш учун ҳуқуқий асос ҳанузгача мавжуд эмас.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 октябрдаги 782-сон қарори билан тасдиқланган “Портловчи ва заҳарли моддаларни, уларни қўллаган ҳолда материаллар ва маҳсулотларни, шунингдек, портлатиш воситаларини яратиш, ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш ва реализация қилиш бўйича фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисида”ги Низом мавжуд. Унинг 1-иловаси, яъни “Яратиш, ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш ва реализация қилиш фаолияти лицензияланиши шарт бўлган портловчи ва заҳарли моддалар, уларни қўллаган ҳолда материаллар ва маҳсулотлар, шунингдек, портлатиш воситаларининг рўйхати”га, хусусан, “Б” заҳарли моддалар рўйхатига “металл симоб моддаси” киритилмаган.

Ваҳоланки, бир қатор хорижий мамлакатлар қонунчилигида симоб моддаси билан қонунга хилоф муомала қилган шахсларни тўғридан-тўғри жиноий жавобгарликка тортиш амалиёти аллақачон жорий этилган.

Хусусан, Россия Федерацияси Ҳукуматининг 2007 йил 29 декабрдаги 964-сонли Қарори билан металл симоб моддаси заҳарли модда сифатида тан олиниб, мазкур модда билан ноқонуний муомалада бўлган шахслар Россия Федерациясининг Жиноят кодекси 234-моддаси билан жиноий жавобгарликка тортилади.

Юқоридагиларни эътиборга олиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг юқорида қайд этиб ўтилган қарори билан тасдиқланган Низомнинг 1-иловаси, яъни “Яратиш, ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш ва реализация қилиш фаолияти лицензияланиши шарт бўлган портловчи ва заҳарли моддалар, уларни қўллаган ҳолда материаллар ва маҳсулотлар, шунингдек, портлатиш воситаларининг рўйхати” — “Б” заҳарли моддалар рўйхатида “хом ашё кўринишидаги металл симоб моддаси”ни ҳам заҳарли модда сифатида кўрсатиб ўтиш мақсадга мувофиқ.

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img