Суд очерки"Сизга ютуқ чиқди", деб алдаб пластик картадаги пулларни ечиб олишди

«Сизга ютуқ чиқди», деб алдаб пластик картадаги пулларни ечиб олишди

24 ёшли Бухоро муҳандислик технологиялари институтининг учинчи босқич талабалари Хуршид Соатов ва Нозимжон Норов ўзганинг мулкини талон-торож қилиш мақсадида ўзаро олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, “телеграм” мессенжерида фирибгарликка қўл уришди. Улар  “Оmad Shou” телеграм канали аъзоси, Қоракўл туманида яшовчи Асаджон Бахшиллаевнинг шахсий профилига “750.000 сўм ютуқ чиққанлиги, ютуқни олиш учун пластик карта рақамини юбориш лозимлиги” мазмунидаги хабарни юбориб, А.Бахшиллаевдан акаси О.Бахшиллоев номига “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ томонидан расмийлаштирилган пластик карта паролларини ва тасдиқлаш кодларини олишади. Сўнг унинг ҳисобида бўлган жами 2.152.500 сўм пулларни “Qiwi” электрон ҳамёнига ўтказиш орқали қўлга киритиб, пулларни нақдлаштириб олиб, жабрланувчига моддий зарар етказишади.
Суд мажлисида сўроқ қилинган судланувчи Х.Соатов 2021 йил 12 январь куни курсдоши Н.Норов билан телеграм тармоғи орқали нотаниш фуқароларнинг сайтига кириб “сизга ютуқ чиқди” деган мазмунда смс хабарларни юбориб, уларнинг пластик картасидаги пулларни ечиб олишни режалаштирганларини, ўзининг “Iphone 6” маркали қўл телефони орқали телеграм тармоғидаги “Omad shou” канали орқали А.Бахшуллаевга “сизга 750.000 сўм ютуқ чиқди, ушбу ютуқни олиш учун пластик картангизни фотосуратга олиб расм ҳолатда юборинг” деб ёзганлигини, А.Бахшуллаев пластик картасини расмга олиб юборганлигини, шундан сўнг, картадаги пулларни “Qiwi” электрон ҳамёнига ўтказганлигини, пластик карточкасига тушган 2.100.000 сўм пулларни Н.Норов билан бирга бориб, банкомат орқали нақдлаштириб олиб, 1.050.000 сўмдан Н.Норов билан бўлиб олганликларини, ушбу пулни ўз эҳтиёжларига ишлатганлигини, жиноят оқибатида етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлигини, чин кўнгилдан пушаймонлигини, талаба эканлигини инобатга олиб, қонуний енгиллик беришни сўраб кўрсатув берди.
Суд иш бўйича жиноят оқибатида етказилган зарар тўлиқ қопланганлигини, судланувчиларнинг шахсини, муқаддам судланмаганлигини, талаба эканлигини инобатга олиб, Х.Соатов ва Н.Норовга Жиноят кодекси 168-моддаси 2-қисмининг “б,в” бандлари билан 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Ва Жиноят кодексининг 72-моддаси қўлланилиб, тайинланган жазо шартли ҳисобланиб ва 2 йил синов муддати белгиланди.

Хулоса эса ўзингиздан. Кимдир сизга ютуқ чиқди деб алдаса ишониб, пластик картангиз ҳақидаги маълумотларни бера кўрманг. Унутманг текин пишлоқ фақат қопқонда бўлади.

Нозимжон Жўраев,
Бухоро вилоят судининг судьяси

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img