Сохта ҳужжат билан Россияга юбормоқчи бўлди…

0

2021 йил 13 январь куни Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЖҚББ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси ДХХ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида, Тошкент шаҳар Шота Руставели кўчасида жойлашган “Хумо транс” авиакасса раҳбари К.Е. ушбу авиакассада фуқаро М.З.ни алдаб, унинг ишончига кириб, пандемия шароитида чет давлатга даволаниш учун боришга асос бўлувчи касаллиги ҳақида ҳужжат тайёрлаб беришига ва шу ҳужжатга асосан бемалол Россия Федерациясига бориши мумкинлигига ишонтириб, унинг 1.450 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Олиб борилган тезкор қидирув ишлари давомида фуқаро К.Е. бундан аввал ҳам 79 нафар фуқарони шу усулда алдаб, уларнинг ҳар биридан 1.200 АҚШ долларидан жами 94.800 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағларини қўлга киритганлиги аниқланди.

Мазкур ҳолат юзасидан, 2021 йил 13 январь куни Тошкент шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан фуқаро К.Е.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, эҳтиёт чораси тариқасида қамоққа олинган. Жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЖҚББ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси