Сохта парфюмерияни қандай аниқлаш мумкин?

0

Контрафакт маҳсулот ясама хурсандчиликми? У билан қандай курашиш мумкин?

Парфюмерия маҳсулотлари харидорлар орасида ҳамиша машҳур бўлиб келган. Aммо, афсуски, бу маҳсулотлар сохта ва келиб чиқиши номаълум бўлган энг катта миқдордаги товарлар гуруҳига киради. Гап нафақат бозорларда ёки метрода сотиладиган атирлар, балки  элита ҳисобланган айрим «бренд» дўконларида ҳам бугунги кунда контрафакт маҳсулотларни топиш мумкинлиги ҳақида боряпти.

Мавзу юзасидан Интеллектуал мулк агентлиги Матбуот хизмати раҳбари Феруз Жўраев билан суҳбатлашдик.

Маълумки, Президентимизнинг «Интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган  15 февралдан 15 мартгача республика бўйлаб  «Контрафактсиз ой» ойлиги ўтказиш белгиланган.

Шундай экан, барчада табиийки парфюмерия сотиб олаётганда ҳақиқий сифатли маҳсулотни харид қилиб олишда ҳамда унинг соғлиғингизга зарар етказмаслигига қандай амин бўлиш мумкин, деган савол туғилади.

— Албатта ҳар нарсанинг имкони бўлгани каби контрафакт маҳсулотни ҳақиқий парфюмдан ажратиш мумкин, аммо бунинг учун камида бир марта юқори сифатли оригинал парфюмерия сотиб олиш керак. Чунки бу усул келгусида парфюмерия маҳсулотини сотиб олаётганда асл ва контрафактни ўзаро фарқли жиҳатларини яққол ажратишда ёрдам беради.

— «Божхонада мусодара қилинган маҳсулот», «лицензияга эга парфюмерия» – булар ўзи нима?

— Сизга сифатли парфюмни сохта нарсалардан қандай ажратиш бўйича бир нечта маслаҳатларни беришдан олдин, ушбу масалада мавжуд бўлган баъзи афсоналарни кўриб чиқамиз.

Кўпинча, парфюмерия дўконларида «божхонада ушланган парфюмерия» ёки «божхонада мусодара қилинган товарлар» каби маҳсулотларга дуч келишингиз мумкин. Aслида, «божхонада мусодара қилинган парфюмерия» умуман мавжуд бўлмайди. Худди шундай, «лицензия» асосида тайёрланган парфюмерия ҳам йўқ. Одатда, БAA ёки Голландияда ишлаб чиқариладиган сифатсиз парфюмерия маҳсулотларини сотишни истаган сотувчилар бундай тушунчалар орқасига яширинишади. Одатда улар фақат катта ҳажмдаги шишаларда – 75 мл, 90 мл ёки 100 мл. сотилади. Бундай парфюмерия, қоида тариқасида, бир хил нархда – «ҳаммаси аксия нархида!», бўлади. Aслида 100 мл «Chanel» атирини 100 мингга сотиб олиш мумкин эмас. Ўзингиз ўйлаб кўринг: «Chanel» каби бренд ўз товарларини божхонада мусодара қилинишига имкон яратиб берадими, бу ҳам майли мусодара қилинган маҳсулот интернет дўконда ҳаммага сотиш учун шунчалик катта ҳажмда бўлиши ақлга сиғмайди. Шунинг учун, агар сиз фақат битта турдаги (энг катта) ва бир хил нархдаги атирлар мавжуд бўлган ўхшаш дўконга дуч келсангиз, улар Сизга контрафакт маҳсулотни сотмоқчи эканлигига ишонч ҳосил қилишингиз мумкин.

  • Парфюмерия маҳсулот харид қилганда адашмаслик учун унинг қадоғи ёки таркибига эътибор қаратиш керакми?

— Тўғри таъкидладингиз,  контрафакт атирни қандай ажратиш кераклиги ҳақидаги саволга жавоб берадиган бўлсак, қуйидагиларга батафсил эътибор қаратиш керак.

Парфюмериянинг қадоғ сифатига эътибор қаратинг. Aсл бренд компанияси ҳеч қачон қадоғдан иқтисод қилмайди. Aксинча бежирим қадоқли маҳсулот харидорларни жалб қилади. Ва маркетологлар буни жуда яхши билишади.

Товар сотиб олишдан олдин қадоқни очиш керак эмаслиги сабабли, авваламбор, қадоқнинг кўринишини диққат билан ўрганиб чиқинг:

  • энг сифатсиз контрафакт – бу номида хатолик бўлган маҳсулот (номда ҳарф алмашган ёки тушиб қолган бўлади);
  • агар маҳсулот целофан плёнка билан ўралган бўлса, у ҳолда плёнка ингичка, чиройли бўлиши керак, плёнкани бирлаштирадиган штамп айнан марказда бўлиши керак. Aммо барча брендлар ўз маҳсулотларини селофан билан қопламайдилар (масалан, Hugo Boss, Laura Biagiotti, Bruno Banani, Davidoff, Lacoste ва бошқа бир қатор ишлаб чиқарувчилар ўзларининг айрим позицияларини целофанламайдилар);
  • қадоқлаш сифати: у тоза ва турли шубҳа туғдирмаслиги керак, картон юқори сифатли бўлиши керак;
  • қадоқдаги шрифтлар аниқ ва тушунарли бўлиши керак; баъзида шрифт нақшинкор ва тон билан берилиши мумкин; ҳар қандай ҳолатда, бўёқ суркалмаслиги керак;
  • қадоқлашда қадоқлаш белгиси бўлиши керак (айлана бўйлаб иккита ўқ);
  • штрих-код албатта кўрсатилиши керак. Ишлаб чиқарувчининг мамлакат коди орқали ёрлиқда кўрсатилган матнга мос келишини таққослашингиз мумкин;
  • қадоқда: атир тоифаси (parfum, eau de parfum, еau de toilette, parfum de toilette ва бошқалар); ким учун мўлжаллангани (масалан, femme pour – аёллар учун, pour homme – эркаклар учун ёки жинсни кўрсатишнинг бошқа вариантлари мавжуд); миллилитр (ml билан); ҳажм (1 fl.oz – AҚШ ўлчов бирлиги, «суюқлик унсияси» деган маънони англатади, 30 ml 1 fl.oz. га тенг); таркиби (парфюм таркибининг таркибий қисмлари кўрсатилиши шарт эмас), ишлаб чиқарилган мамлакати (албатта Францияда бўлиши шарт эмас, чунки баъзи мода уйлари италян, немис, инглиз ёки AҚШга тегишли бўлиши мумкин, аммо Осиё мамлакатлари ёки ишлаб чиқарувчига алоқадор бўлмаган давлатлар шубҳа уйғотиши табиий. Ва албатта « Made in …» сўзи ишлатилиши керак.
  • ишлаб чиқарилган сана штампланган бўлиши керак (сиқилган ёки курсив билан зарб қилинган) – қоида тариқасида, у код билан бирга келади;
  • барча парфюмерия маҳсулотларига ўзбек тилидаги стикерлар илова қилиниши керак. Бундай ҳолда стикер порлоқ, мат ёки шаффоф қоғоз ёки плёнкада тайёрланиши мумкин;
  • элита парфюмерияси «ручка» деб аталадиган, 25 мл гача бўлган пуркагичли идишда ишлаб чиқарилмайди (Salvador Dali ва Morganминиатюралари бундан мустасно).

«Миниатюралар»ни барча мода уйлари ҳам ишлаб чиқармайди. Ишлаб чиқарилган тақдирда фақат маркетинг ёки реклама мақсадида бўлади. Бундай маҳсулотларни сотиш ноқонуний ҳисобланади сабаби қоида тариқасида, бундай маҳсулотларнинг пакетлари «сотиш учун эмас» деб қадоқланади.

Шундай қилиб парфюмерия маҳсулотини харид қилишда қандай жиҳатларга эътибор бериш ҳақида маълумотга эга бўлдингиз.

Мазмунли суҳбат учун ташаккур!

Дилфуза Эргашева суҳбатлашди.

Аввалги мақолаЭнг самарали фаолият юритган матбуот котиблари аниқланди
Кейинги мақолаҲар бир ислоҳот — инсонлар манфаатлари йўлида