Солиқчилар яна  трентда…ми? Қачонгача “отангга бор, онангга бор…” дейсиз?

0

Қўйлиқ деҳқон бозорида фаолият юритувчи “Фазлиддин ота” хусусий корхонаси 2019 йилда 1 миллиард сўмдан   ортиқ  савдо-сотиқ қилган ва шунга яраша қўшимча қиймат солиғи ҳам тўлаган.  Тадбиркор  2020 йилда пандемия сабабли савдолари 460 миллион сўмга тушиб қолганлиги боис, қўшимча қиймат солиғидан озод қилиб, айланма солиқ турига ўтказишни сўраб Бектемир тумани давлат солиқ инспекциясига мурожаат қилганда,  лекин унга Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармасига мурожаат қиласиз, деб жавоб беришди, бошқармага мурожаат қилганда эса  туманга боринг дейишди…

Хуллас, “отангга бор, онангга бор” қабилида иш кўрилди.  Шундан сўнг ҳафсаласи пир бўлган сарсон-саргардон тадбиркор  Бектемир туман адлия бўлимига мурожаат қилишга мажбур бўлди.

Солиқ кодексининг 462-моддасида солиқ тўловчи айланмадан олинадиган солиқни тўлашга ўтилаётган навбатдаги солиқ даври бошланишига қадар ўн кундан кечиктирмай солиқ ҳисобида турган жойидаги солиқ органини хабардор қилиши белгилаб ўтилган. Давлат солиқ қўмитасининг 2020 йил 2 майдаги 3232-сонли қарори билан тасдиқланган “Солиқ тўловчиларини қўшилган қиймат солиғи тўловчилари сифатида махсус рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 18-бандида эса йил тугаганидан кейин беш кун ичида, солиқ тўловчи томонидан ихтиёрий тартибда рўйхатдан чиқариш тўғрисида ариза тақдим этилиши белгиланган.

Солиқ кодексининг 13-моддасида солиқ тўловчининг ҳақлиги презумпцияси принципи келтирилган бўлиб, унга кўра солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларидаги барча бартараф этиб бўлмайдиган қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар солиқ тўловчининг фойдасига талқин этилиши белгиланган.

Туман адлия бўлими томонидан  мазкур ҳолат  ўрганилиб, туман солиқ идорасига тақдимнома киритилиши натижасида тадбиркорнинг 30 миллион сўм атрофида ортиқча солиққа тортилиши олди олинди ва  қонунбузилишига йўл қўйган айбдор  солиқ ходимига интизомий жазо чораси  қўлланди.

                            М. АБДИМУРОДОВ,
Бектемир туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси