ТаҳлилСпорт залда рақс тушган қизларнинг ота-оналарига қўлланилган жарима қонунийми?

Спорт залда рақс тушган қизларнинг ота-оналарига қўлланилган жарима қонунийми?

Навоийда ўқувчи қизларнинг спорт залидаги рақси ижтимоий тармоқда кенг тарқалиб кетган эди. Шундан сўнг қизларнинг ота-оналарига маъмурий жавобгарлик белгиланиб, жарима тайинланган эди.

Навоий вилоят адлия бошқармаси мазкур вазиятни ўрганиб, жарима ноқонуний белгиланганини аниқлади ва муносабат берди.

“Ахлоқий меъёрлар муҳим, лекин қонун нормаларини нотўғри қўллаш мумкин эмас” дейилади муносабатда.

Вояга етмаган ўқувчи қизларнинг рақс услублари Ўзбекистон жамиятидаги умумтарқалган маънавий қадриятларга тўла мос келмаслиги мумкин, лекин инсонларнинг аҳлоқий ўлчамлари ва қарашлари қонунлар билан белгиланган нормалардан нотўғри фойдаланишга олиб келмаслиги лозим.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик деганда маъмурий жавобгарликка тортиш назарда тутилган, шахсга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, мулкчиликка, давлат ва жамоат тартибига, табиий муҳитга тажовуз қилувчи ғайриҳуқуқий ҳаракат ёки ҳаракатсизлик тушунилади (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, 10-модда).

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасида ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келиши белгиланган тартибда жарима солишга сабаб бўлиши назарда тутилган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеороликдаги алоҳида бир ҳолатда қизлар даврасида рақс тушилиши “ота-оналарнинг болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслиги” деб нотўғри ҳуқуқий квалификация қилинган, яъни ушбу ҳолатда маъмурий ҳуқуқбузарлик таркиби мавжуд эмас .

“Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида” қонунга асосан:

– боланинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади (4-модда);

– ҳар бир бола эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига, ўз шаъни ва қадр-қимматига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига ғайриқонуний аралашувлардан ҳимояланиш ҳуқуқига эга (10-модда).

Халқаро ҳуқуқ нормаларига тўла мос келувчи ушбу қонунда белгиланган кафолатлар ҳар бир бола учун мактаб ҳудуди бўладими, шахсий уй-жой бўладими, ҳар қандай ҳолатда таъминланиши шарт.

Ота-оналарнинг эътирозларига кўра, лавҳа расмий манбалар ва марказий телеканаллар орқали ёритилиш жараёнида мактаб ўқувчилари ҳамда ота-оналар интервью бериш юзасидан босим остида қолган.

Натижада, вояга етмаган болалар ўз тенгдошлари, мактаб маъмурияти, ота-оналари ва кенг жамоатчилик олдида сазойи қилинган.

Ушбу номақбул ҳаракатлар вояга етмаганларнинг соғлиги ва саломатлигига, руҳий барқарорлигига ўта жиддий таъсир қилган ва болаларнинг шаъни ва қадр-қиммати таҳқирланишига олиб келган. Энг асосийси вояга етмаганларга нисбатан бундай ҳаракатлар ноқонунийдир.

Юқоридаги қонунга асосан, бола фикрлаш эркинлиги ҳуқуқига эга (17-модда), инсон қадр-қимматини таҳқирловчи, болаларга зарарли таъсир кўрсатувчи оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш тақиқланади (16-модда).

Шунингдек, мазкур масалада баъзи бир ижтимоий тармоқлардаги хабарлар ҳамда телевидение орқали берилган интервьюларда мактаб маъмурияти раҳбари ва айрим ўқитувчиларига нисбатан “ҳайфсан” ва “жарима” интизомий жазо чораси қўлланилганлиги ва улар эгаллаб турган лавозимидан озод этилганлиги баён этилган.

Мазкур ҳолат ҳам адлия органлари томонидан ўрганилганда мактабнинг ҳеч бир ходими билан меҳнат шартномаси бекор қилинмаганлиги маълум бўлди.
Бугунги кунда адлия органлари томонидан мактаб маъмурияти ва ўқитувчига нисбатан қўлланилган интизомий жазо чораларининг қонунийлиги ҳолати алоҳида ўрганилмоқда.

Адлия органлари тарбия ва ахлоқ, халқимизнинг маънавий қадриятлари, ушбу қадриятларга мос равишда келажак авлодни тарбиялаш шубҳасиз, жамиятимизнинг муҳим бўғини эканлигини тўлиқ эътироф этади, шу билан бирга ахлоқий масалаларни ҳал этишда ҳуқуқ нормаларининг асоссиз қўлланилиши ва бу орқали шахсларнинг Конституция ва қонунлар билан кафолатланган ҳуқуқ ва манфаатларига дахл этиш мумкин эмаслигини эслатиб ўтади.

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img