Стаж меҳнат дафтарчасида бор аммо архив ҳужжатида чиқмаса нима қилиш керак?

0

— Фуқароларнинг иш стажи меҳнат дафтарчасида кўрсатилган бўлса, аммо архив идоралари сақловидаги ҳужжатларда чиқмаса нима қилиш керак?

— Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 3 сентябрдаги “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги  қонуннинг 42-моддасида белгиланган тартибга асосан меҳнат дафтарчаси иш стажини тасдиқловчи асосий ҳужжат ҳисобланади. Меҳнат дафтарчаси ёки унда тегишли ёзувлар бўлмаган тақдирда иш стажини тасдиқлаш тартиби  Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Меҳнат дафтарчаси мавжуд бўлмаганда, шунингдек, меҳнат дафтарчасида зарур ёзувлар бўлмаган ёки меҳнат фаолияти даврлари тўғрисида нотўғри ва ноаниқ ёзувлар мавжуд бўлган ҳолларда, иш стажини тасдиқлаш учун маълумотномалар, буйруқлардан кўчирмалар, шахсий ҳисобварақлари ва иш ҳақи бериш учун ведомостлар, меҳнат шартномалари (контрактлар), архив маълумотномалари ва меҳнат фаолияти даврлари тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган бошқа ҳужжатлар қабул қилинади.

Ушбу Низомнинг 74-бандига биноан, авариялар ва маҳаллий кўламдаги бошқа фавқулодда вазиятлар (ёнғин, сув босиши), ташкилотнинг тўлиқ тугатилиши ёхуд ушбу Низомнинг 58-бандида назарда тутилгандан бошқа сабаблар бўйича архив маълумотларининг мавжуд эмаслиги муносабати билан мавжуд иш стажи тўғрисидаги ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда ва уларни олиш имкони бўлмаганда иш стажи суд тартибида белгиланади.

Ўз ўрнида таъкидлаш лозимки, “Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ, меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар ушбу дафтарчани тўлдириш ва юритиш пайтида амалда бўлган меҳнат дафтарчаларини юритишни тартибга соладиган қонун ҳужжатлари талабига мувофиқ расмийлаштирилиши керак. Агар меҳнат дафтарчаларида ва бошқа ҳужжатларда ёзувлар белгиланган қоидалардан четга чиққан ҳолда бажарилган бўлса, уларни иш стажининг исботи сифатида қабул қилиш мумкинлиги тўғрисидаги масала Пенсия жамғармаси бўлими томонидан ҳал этилади.

Пенсия жамғармаси