ЯнгиликларМаҳаллийСтажёр нотариал фаолият билан мустақил шуғулланиши мумкинми?

Стажёр нотариал фаолият билан мустақил шуғулланиши мумкинми?

Одамлар сўзлашув истеъмолида «…нотариус стажёри» деган бир ибора пайдо бўлди. Аслида нотариус стажёрлари ким? Улар нима иш қилади, кимлар стажёр бўлиши мумкин? Ёшлар орасида мазкур касбга қизиқиш пайдо бўлиши шубҳасиз. Халқ таъбири билан айтганда, стажёрлар нотариуслар олдида амалиёт ўтовчи касб эгаларидир. Энди мазкур маълумотни ўқиётганларда “муқим иш ўрни излаб юрганларнинг барчаси ҳам стажёр бўлиши мумкинми?”, деган савол туғилиши табиий. Бу борада қонунчиликка мурожаат қиламиз. Ўзбекистонда Адлия вазирининг буйруғи билан «Нотариус стажёрининг фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида» низом ҳам тасдиқланган. Унда олий юридик маълумотга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси стажёр бўлиши белгиланган. Бу касбда ёш муҳим аҳамиятга эга. Стажёр 25 ёшдан кичик ва 60 ёшдан катта бўлмаслиги кўрсатиб ўтилган.

Уларнинг сони кам бўлсада, олий юридик маълумот билан кўнгилдагидай иш топа оламаётганларни инобатга олган ҳолда айтиш мумкинки, мабодо нотариусга стажёрлик қилиш истагида бўлсангиз, стажировка ўташ муддати бир йил қилиб белгиланганини таъкидлаш жоиз. Демак, нотариусга бир йил давомида стажёрлик қилган фуқаро келажакда нотариат тизимида фаолият олиб боришни ният қилади. Бироқ аввал суриштирувчи, терговчи, прокурор, адвокат сифатида фаолият олиб борганлар ҳам тақдир тақозоси билан нотариус бўлишни истаса, улар аввалиги фаолиятларида камида уч йил ишлаган бўлишлари лозим. Агар уларнинг ваколатлари тугатилганига беш йил ўтмаган бўлса, олти ой муддат стажировка ўташлари қонунчиликда белгиланган.

Ҳамма нотариуслар ҳам ёнига стажёр олишга ҳақлими?

Қонунларимиз бунга йўл қўймайди. Аниқлик киритсак, нотариуслик фаолиятини дастлабки уч йилида стажёр олишнинг имкони йўқ. Юқорида келтириб ўтилган Низомга мувофиқ, стажёрга раҳбар этиб нотариуслик лавозимида камида уч йил ишлаган ва нотариал фаолият бўйича етарли тажрибага эга бўлган нотариус тайинланади. Ўшанда ҳам навбат билан қоида тариқасида, бир нотариусга бир нафар стажёр бириктирилади, холос. Шундай замонда яшаяпмиз, аксарият аҳоли қатлами моддий манфаатдорлигини инобатга олиб касб танлайди. Шундай экан, стажёрлар меҳнатига ҳақ қай тартибда тўланишини ҳам айтиб ўтиш жоиз.

Давлат нотариал идораларида стажёрлар меҳнатига белгиланган тартибда тегишлилиги бўйича ўша ҳудуддаги адлия бошқармаси томонидан ҳақ тўланади. Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус стажёри меҳнатига эса унга раҳбар этиб тайинланган нотариус томонидан маош белгиланади. Шу ўринда “непотизм”га, яъни қариндош-уруғчиликка йўл қўймаслик учун бир нозик масалада маълумот киритсак. Стажёрга раҳбар этиб яқин қариндошлар, масалан, ота-она ва болалар, эр-хотинлар тайинланиши мумкин эмас.

Стажёр мустақил нотариал фаолият билан шуғулланишга ҳақлими?

Ҳақли эмас. Стажёр фақатгина нотариус раҳбарлигида нотариал идорада иш юритади, нотариал ҳужжатларнинг лойиҳаларини тайёрлайди, нотариал амалиётни умумлаштириш, статистик ҳисоботларни таҳлил қилишда иштирок этади. Архив ишларини юритишни ўрганади. Яна бир гап. Амалиётда кузатганларимиз, стажёрларнинг ҳам меҳнат шартномаси тугатилади, оддий қилиб айтганда, стажёрликдан бўшайди. Бу қуйидаги ҳолларда амалга оширилмоқда. Кўпинча, стажёр ўзи фаолият юритаётган ҳудуддаги адлия бошқармасига стажёрлар қаторидан чиқариш тўғрисида ариза тақдим этганида;

-стажёрни муомала лаёқати чекланган деб топилган суднинг қарори қонуний кучга кирганида;

-стажёр нотариуснинг шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган, нотариал идоранинг обрўсини туширадиган қилмиш содир этганида;

-стажёр ўз вазифаларини бажармаганида;

стажёр қасддан жиноят содир этганликда айбдор деб топилган суднинг ҳукми қонуний кучга кирганида;

стажёр ишга қабул қилинаётганда ўзи ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар тақдим этганида;

стажёр Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганида унинг меҳнат шартномаси бекор қилинади.

 Стажёр мажбурияти ҳам борми?

Деярли ҳар бир одамни қизиқтирадиган савол. Бу тизимда ҳам иш вақти, меҳнат таътили, ижтимоий суғурта ва бошқа меҳнат қонунчилигига оид масалаларда нотариуслар учун белгиланган қоидалар стажёрларга ҳам татбиқ этилади. Давлат нотариал идораларида стажёрлар сони ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланади. Бунга иш ҳажми, келгусида қўшимча нотариусларга бўлган талаб ва ишдан бўшаб ёки бошқа ишга ўтиб кетаётган нотариуслар сони асос қилиб олинади. Стажировка ўтаганлар тегишли адлия бошқармаси ва Нотариал палатанинг ҳудудий бошқармаси томонидан алоҳида китобда рўйхатга олиб борилади. Энг асосийси, нотариус стажёри стажировкани ўташ даврида амалга оширилган нотариал ҳаракатлар бўйича ўзларига маълум бўлган ахборотларни сир сақлаши, нотариал идоранинг меҳнат интизомига риоя этиши шарт. Шунингдек, компютер саводхонлиги ўта кучли ва “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизимидан пухта фойдаланишни билиши лозим.

Бугунги нотариус стажёри, эртага нотариус бўлади

Хулоса шуки. Бу касб ҳам жуда қизиқарли. Айтишларича, эркин фаолият юритишни яхши кўрадиган ҳуқуқшунослар айнан нотариат соҳасида ўз иқтидорларини синайдилар. Чунки, ҳар бир фуқаро кундалик ҳаётда бирон-бир ҳуқуқий муносабатга киришади. Кимдир меросга эга бўлса, яна кимдир ижара, олди-сотди, ҳадя, кредит муносабатлари билан тўқнашади, муайян бир нотариал ҳаракатлар амалга оширади. Жамиятда мулк тушунчаси бор эканки, демак нотариуслар учун ҳар доим иш топилади. Шуни ҳам айтиш жоизки, хусусий сектор сифатида иш юритиш, аниқроғи, рақобат бозорида ўз ўрнига эга бўлиш, нотариатнинг фаол нодавлат шаклидан нотариуслар каби стажёрларнинг ҳам манфаатдорлиги юқори. Халқ манфаатига мос, одамларнинг оғирини енгил қиладиган, шаффоф уларга қулайлик яратишга хизмат қиладиган хусусий нотариуслар сони ортаётгани бунга мисол.

Фаррух Рўзиев,
Навоий шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус стажёри

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img