ЯнгиликларҲуқуқСубсидия олиш учун учун қандай ҳужжатлар тақдим этилади?

Субсидия олиш учун учун қандай ҳужжатлар тақдим этилади?

Субсидия — ипотека кредитлари асосида уй-жой сотиб олиш учун бошланғич бадал ва (ёки) кредит фоизининг бир қисмини қоплаш мақсадида давлат бюджетидан фуқаро учун банкда унинг номига очилган тегишли ҳисобварағига ўтказилган маблағлар.

Ариза берувчи — ипотека кредитлари бўйича бошланғич бадал ва (ёки) фоиз харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидия олиш мақсадида ариза билан мурожаат қилувчи 18 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси.

Ариза берувчи ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш учун исталган туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат этади ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади.

Аризани кўриб чиқувчи масъул ташкилотлар:
  • тиббиёт бирлашмаси;
  • ички ишлар бўлими (бошқармаси);
  • молия бўлими;
  • давлат солиқ инспекцияси;
  • аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази;
  • ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси;
  • туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари;
  • Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг туман (шаҳар) кенгаши;
  • туман (шаҳар) ҳокимлиги;
  • иштирок этувчи тижорат банклари.
Тақдим этиладиган ҳужжатлар:
  • жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами маълумотлари;
  • оила аъзоларининг жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами маълумотлари ва никоҳ қайд этилганлиги гувоҳномаси (тўлиқ оила ва никоҳ ҳамда вояга етган фарзандлар мавжуд бўлган тақдирда) ва (ёки) фарзандлар туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномалар (вояга етмаган фарзандлар мавжуд бўлган тақдирда) нусхалари;
  • белгиланган тартибда никоҳ бекор қилинганлиги ҳақидаги гувоҳнома ёки никоҳ ҳақиқий эмас деб тан олинганлиги тўғрисида суд қарори (никоҳ қайд этилган ҳолатда) ёки оилавий ҳолати тўғрисида фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари архивидан маълумотнома нусхаси (никоҳ қайд этилмаган ҳолатда);
  • доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган жойидан кадастр рақами ва турига тегишли маълумотлар (агар турар жойи доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган жойи билан тўғри келса);
  • доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган жойидан уй дафтарининг ёки квартиралар бўйича карточканинг (17-шакл) нусхаси (агар турар жойи доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган жойи билан тўғри келса);
  • ариза берувчи ва биргаликда қарз олувчиларнинг даромади ва ушлаб қолинган даромад солиқлари тўғрисидаги маълумотнома (қўшимча даромадлар бўлса солиқ декларацияси).
  • Давлат хизматлари марказидан субсидия бериш тўғрисида ижобий хабарномани олган талабгор хабарномада кўрсатилган сотиб олиниши мумкин бўлган уй-жойнинг юқори қийматидан ошмаган қийматли уй-жойни ипотека кредити орқали сотиб олиш бўйича қурилиш (пудрат) ташкилоти билан шартнома тузади.
Субсидиялар миқдори:
  • қишлоқ жойларда — биринчи беш йил давомида ипотека кредити бўйича фоиз тўловлари билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун — 10 фоизлик пунктдан ошган қисмига;
  • шаҳарларда — бошланғич бадалнинг бир қисмини тўлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун уй-жойнинг ҳисобланган қийматининг 10 фоизи миқдорида ва биринчи беш йил давомида кредит бўйича фоизларни қоплаш учун — Тошкент шаҳрида 12 фоизлик пунктдан ошган қисмига, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар шаҳарларида 10 фоизлик пунктдан ошган қисмига тўланади.
2021 йил 10 декабрдан бошлаб бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш тартиби доирасида
  • даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқароларга Давлат бюджетидан субсидиялар тўлашда квартира майдонининг энг кўп меъёрини белгилаш амалиёти бекор қилинади;
  • Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан ҳар йили бир қарз олувчига ажратиладиган ипотека кредитининг энг кўп миқдори ва дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия миқдори тасдиқланади;
  • субсидия тақдим этиш тўғрисидаги хабарномани олган шахслар ипотека кредити бўйича бошланғич бадалнинг уй-жой қийматининг камида 5 фоизига тенг бўлган қисмини ўз маблағлари ҳисобидан шакллантиради;
  • сотиб олинадиган квартира жойлашуви, қиймати ва майдонидан қатъи назар, дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар — қатъий белгиланган 32 миллион сўм миқдорида, фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар — биринчи беш йил давомида 10 фоизлик пунктдан ошган қисмига тўланади;
  • дастлабки бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар сотиб олинаётган квартиранинг нархи ипотека кредитининг энг кўп миқдоридан ошган тақдирда ҳам тўланади. Бунда, сотиб олинадиган квартиранинг нархи ипотека кредитининг энг кўп миқдоридан ошган тақдирда, қийматнинг қолган қисми қарз олувчи томонидан ўз маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан дастлабки бадал суммасини ошириш орқали тўланади;
  • фуқароларга ипотека кредитини олишда, биргаликда қарз олувчи сифатида улар билан бирга яшамаётган ва яқин қариндоши бўлмаган бошқа шахсларни ҳам жалб қилиш ҳуқуқи берилади;
  • Молия вазирлигининг ресурслари тижорат банкларига тўғридан-тўғри ёки «Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси» АЖ орқали жойлаштирилади;
  • тижорат банкларига қарз олувчи томонидан тўланган дастлабки бадал миқдори, унинг қарз юки кўрсаткичи, имтиёзли давр муддати ва бошқа кўрсаткичлардан келиб чиқиб, субсидиясиз ажратилган ипотека кредитлари бўйича табақалаштирилган фоиз ставкаларини ўрнатиш ҳуқуқи берилади.
  1. 2022 йилда квартиралар сотиб олиш ва якка тартибдаги уй-жойлар қуриш ҳамда реконструкция қилиш учун ипотека кредитлари ажратишнинг мақсадли кўрсаткичлари 1-иловага мувофиқ;
  2. 2022 йилда ипотека кредитлари бўйича субсидиялар ажратишнинг мақсадли кўрсаткичлари 2-иловага мувофиқ;
  3. 2022 йил учун бир қарз олувчига ажратиладиган ипотека кредитининг энг кўп миқдори ва дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун қатъий белгиланган субсидия миқдори 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

  • 2021 йилда ипотека кредитлари бўйича субсидиялар ажратишнинг мақсадли параметрлари доирасида:
  1. субсидия тақдим этиш тўғрисидаги хабарномани олиш бўйича аризалар 2021 йил 20 декабргача қабул қилинади ва 2021 йил 25 декабргача кўриб чиқилади;
  2. субсидия тақдим этиш тўғрисидаги хабарномалар улар берилган вақтдан бошлаб 12 ой давомида амал қилади;
  3. субсидия тақдим этиш тўғрисидаги хабарномани олган шахсларга ипотека кредитлари ва субсидиялар 2021 йил 10 декабрга қадар амалда бўлган шартлар ва миқдорларда ажратилади;
  4. субсидиялар сотиб олинаётган квартиранинг майдони ва нархи 2021 йил учун ўрнатилган квартира майдонининг энг кўп меъёри ва уй-жойнинг ҳисобланган қийматидан ошган тақдирда ҳам тўланади. Бунда, сотиб олинадиган квартиранинг нархи уй-жойнинг ҳисобланган қийматидан ошиб кетган тақдирда, қийматнинг қолган қисми қарз олувчи томонидан ўз маблағлари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан тўланади;
  • 2022 йил учун ипотека кредитлари бўйича субсидиялар ажратишнинг мақсадли параметрлари доирасида аризалар 2021 йил 25 декабрдан бошлаб қабул қилинади.

«Мадад» ННТ билан ҳамкорликда тайёрланди.

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img