Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари кўлами тобора кенгайиб бормоқда

0

Маълумки, янги 2021 йил бошиданоқ Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари кўлами янада кенгайди. Буни эса Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодекслари ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Бинобарин, биз фуқаролар, корхона, ташкилот ва муассасалар учун аҳамиятли бўлган айрим ўзгартиш ва қўшимчаларга тўхталмоқчимиз.

Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс “Адлия органларининг бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномаларини бажармаслик” дея номланган 1984-модда билан тўлдирилди. Унга кўра, адлия органларининг бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномаларини бажармаслик, шу жумладан ўз вақтида ёки тўлиқ бажармаслик — мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, — мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Қолаверса, кодекснинг янги тўлдирилган ҳамда “Ер участкасини ноқонуний олиб қўйиш” деб номланган 2002-моддасига биноан, ер участкасини ноқонуний олиб қўйган мансабдор шахслар базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима жазосига тортилади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик олиб қўйилаётган ер участкасидаги биноларни, бошқа иморатларни, иншоотларни ёки дов-дарахтларни ёхуд уларнинг қисмларини, мазкур мол-мулкнинг бозор қиймати, шунингдек унинг мулкдорига бундай олиб қўйиш муносабати билан етказилган зарарнинг ўрни олдиндан ва тўлиқ қопланмаган ҳолда бузиб ташлашга, уларга кўп бўлмаган миқдорда зарар етказилишига олиб келса, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима жазоси тайинланади.

Амалдаги Жиноят кодекси янги 2295-модда билан тўлдирилдики, бунда ер участкасини ноқонуний олиб қўйганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Мазкур моддага мувофиқ, ер участкасини ноқонуний олиб қўйиш шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан икки юз эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Ер участкасининг ноқонуний олиб қўйилиши олиб қўйилаётган ер участкасидаги биноларни, бошқа иморатларни, иншоотларни ёки дов-дарахтларни ёхуд уларнинг қисмларини, мазкур мол-мулкнинг бозор қиймати, шунингдек унинг мулкдорига бундай олиб қўйиш муносабати билан етказилган зарарнинг ўрни олдиндан ва тўлиқ қопланмаган ҳолда бузиб ташлашга сабаб бўлса, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин ёки анча миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз эллик бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатдан тўрт юз саксон соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд муайян ҳуқуқдан маҳрум этиб уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Худди шундай ҳаракатлар кўп миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан беш юз бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Худди шундай ҳаракатлар кўпчилик учун хавфли бўлган усулда ёки жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилган бўлса, муайян ҳуқуқдан маҳрум этиб беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Албатта, бу нормалар кодексларга бежиз киритилгани йўқ. Негаки сўнгги пайтларда айни тоифадаги қонунбузилиш ҳолатлари кўпроқ кўзга ташланаётганди. Энди эса адлия органларининг қонун устуворлигини таминлашдаги фаолияти янада самарали бўлади. Шунингдек, умуммиллий бойлик саналган ер участкаларини талон-торож қилиш ҳолатларига чек қўйилади.

Фарруҳ АБДУРАИМОВ,
     жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судининг раиси