Конституциямизнинг 29-моддасида ҳар кимнинг фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқи, ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга эканлиги, фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги фақат давлат сири ва бошқа сирларга тааллуқли бўлган тақдирдагина қонун билан чекланиши мумкинлиги мустаҳкамлаб қўйилган. Мазкур нормага кўра ҳар қандай шахс судлар фаолиятига оид ҳар қандай ахборотни олиши ва белгиланган тартибда тарқатиши мумкин, деган маънони англатади.

Мазкур конституциявий қоидада Ўзбекистон Республикасининг “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонунига асосан давлат ҳокимияти, жумладан, суд ҳокимияти ва бошқарув органлари ҳар кимга ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган ахборот билан танишиб чиқиш имкониятини таъминлаб беришга, мақбул ахборот ресурслари яратишга, фойдаланувчиларни фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва мажбуриятларига, уларнинг хавфсизлигига доир ҳамда жамият манфаатларига тааллуқли бошқа масалалар юзасидан ахборот билан оммавий тарзда таъминлашга мажбур эканлиги ўрнатилган.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, ҳар қандай давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари жамият аъзоларини уларни қизиқтирган ҳар қандай ахборот, жумладан, ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш имконини яратиб беришга мажбур. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида ўринли таъкидлаганидек, суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак. Ишонч ҳосил қилиш, бир томондан судлар томонидан адолатли қарорлар қабул қилинишига эришиш бўлса, иккинчи томондан судларнинг очиқлиги ва судлар томонидан ҳар кимни қизиқтирган ҳамда ўзига дахлдор бўлган ахборот билан таъминлашдир.

Давлат олий ҳокимияти органлари тизимида суд ҳокимиятининг янада мустақиллигини таъминлаш, судни чинакам ҳокимият тармоғига айлантириш, судлар фаолиятини янада эркинлаштириш, барча бўғин судлари самарадорлигини ошириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг очиқ ва таъсирчан тизимини яратиш, одамларни судларга ишончини кенгайтириш ҳамда судлар фаолиятидан жамиятни мунтазам хабардор қилиб бориш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июль куни “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6034-сон Фармони қабул қилинди.

Фармон судлар фаолиятига дахлдор бўлган амалдаги қонунчиликни танқидий кўриб чиқиш асосида такомиллаштириш вазифаларини белгилаб бериши билан бирга, судлар фаолиятини кенг ёритиш, жамиятни ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш, суд фаолиятига алоқадор ҳар бир кишининг ҳеч қандай тўсиқсиз ахборот олишини кафолатларини янада кенгайтиришга қаратилгани билан ҳам ажралиб туради.

Фармонда Олий суд билан бирга вилоят ва унга тенглаштирилган судлар тузилмасида матбуот хизматлари тузилиши белгиланди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди тузилмасида 5 штат бирлигидан иборат Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик бошқармаси ташкил этилади. Қорақалмоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларида эса Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўйича бош консультант лавозими жорий этилмоқда.

Матбуот хизматларининг асосий вазифаси – Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунида белгиланганидек, суд ҳокимиятининг очиқлигини таъминлаш ва фуқароларнинг эркин ахборот олишлари учун тенг имкониятлар яратиш ҳамда ишончли ахборотлар тақдим этиб боришдан иборат. Мазкур қонунда белгиланганидек, бошқа давлат ҳокимияти органлари қатори судлар томонидан тақдим этиладиган ахборотдан ҳамманинг фойдаланиши мумкинлиги, унинг ўз вақтида берилиши ва ишончлилиги, судлар фаолиятининг ошкоралиги ва шаффофлиги, суд фаолияти тўғрисидаги ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш эркинлиги, суд фаолияти тўғрисида ахборот тақдим этишда фуқароларнинг ўз шаъни ва қадр-қимматини тажовузлардан, ўз шахсий ҳаётига аралашувлардан ҳимоя қилишга бўлган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, шунингдек фуқаролар ва юридик шахсларнинг ўз ишчанлик обрўсини ҳимоя қилишга бўлган ҳуқуқларига риоя этиш принципларига таянади.

Гулнора Худойбердиева,
Тошкент давлат юридик университети
Ихтисослаштирилган филиали доценти,
юридик фанлар номзоди

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг