Бош саҳифа Янгиликлар Маҳаллий Суд жараёнида прокурор иштироки шарт…ми?

Суд жараёнида прокурор иштироки шарт…ми?

0

Фуқаролик суд ишларини кўриб чиқиш жараёнларида прокурор фаолиятининг таъсирчанлиги ва самарадорлигини оширишда қонун нормаларини халқаро стандартлар талабига мувофиқлаштириб бориш муҳим аҳамият касб этади.

Халқаро стандартлар ва «Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси»да белгилаб берилган талабларга тўла жавоб бера оладиган Фуқаролик-процессуал кодексининг 10-моддасига мувофиқ, фуқаролик суд ишларини юритиш тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги асосида амалга оширилади. Мазкур принцип фуқаролик суд ишларини юритишнинг барча босқичларига бир хилда тааллуқли бўлиб, айниқса, ишларни биринчи инстанция судларида кўриб чиқилишида ўта муҳим аҳамият касб этади.

Эътироф этиш лозимки, суд амалиёти таҳлилига кўра, фуқаролик суд ишлари юритишнинг аксарият қисмида фуқаро билан фуқаро ўртасидаги низоли ҳуқуқий муносабатлар кўриб чиқилади. Низоли ҳуқуқий муносабатда даъвогар ва жавобгар сифатида иштирок этаётган фуқаролар қонун олдида тенг бўлиб, Фуқаролик-процессуал кодексининг исботлаш ва далилларни тақдим этиш мажбурияти тўғрисидаги 72-моддасига мувофиқ ҳар бир тараф ўзининг талаблари ва эътирозларига асос қилиб кўрсатган ҳолатларни исботлаши шарт. Мана шундай ҳолатда, яъни фуқаролар бири-бирига нисбатан тараф сифатида суд жараёнида низолашаётганида нуфузли давлат органининг вакили — прокурорнинг иштирок этиши ва иш натижаси бўйича гарчи қонуний бўлса-да у ёки бу тарафнинг манфаатида фикр бериши тарафларнинг тенглиги тўғрисидаги принципга муайян даражада таъсир ўтказади.

Прокурорнинг фуқаролик суд ишларини юритиш жараёнида иштирок этиши шарт ва мажбурий бўлган ҳолатлар моддий ва процессуал қонун нормаларида аниқ белгилаб берилганлиги, шунингдек, суд ишида прокурорнинг иштирок этишини зарур, деб топган ҳолларда ҳамда прокурорнинг аризаси билан қўзғатилган ишлар бўйича фуқаролик ишларининг муҳокамасида прокурор иштирок этиши шарт эканлигини эътиборга олиб, Фуқаролик-процессуал кодексининг 50-моддаси, 3-бандидаги прокурорнинг бошқа шахслар ташаббуси билан қўзғатилган иш муҳокамасининг бошидан иштирок этиш билан боғлиқ ҳуқуқини қонун нормасидан чиқариб ташлаш керак.

Мазкур ҳолат прокурор томонидан фуқаронинг манфаатида судга даъво қўзғатиш тўғрисидаги ваколатини белгилаб берувчи нормага ҳам тааллуқли бўлиб, юқорида баён этилган асосларга кўра, “Прокуратура тўғрисида”ги Қонуннинг 26-моддасига ҳам тегишли ўзгартиш киритиш масаласини келтириб чиқаради. Яъни, фуқаро билан фуқаро ўртасидаги ҳуқуқий низо юзасидан прокуратура органларига келиб тушган мурожаат юзасидан прокурорнинг даъво қўзғатиш ҳуқуқини чеклаб, фуқаро билан давлат ва жамоат ташкилотлари, корхона ва муассасалар ҳамда мансабдор шахслар билан келиб чиққан низоларда фуқаронинг манфаатида даъво қўзғатиш ҳуқуқини сақлаб қолиш Фуқаролик-процессуал кодексида эътироф этилган принциплар талабига мос тушади.

Қайд этилган фикрнинг эътирофи сифатида мазкур моддани қуйидаги таҳрирда бериш мақсадга мувофиқ кўринади. “Фуқаронинг суд тартибида ҳимоя қилинадиган ҳуқуқ ва эркинликлари давлат ва жамоат ташкилотлари, корхона ва муассасалар ҳамда мансабдор шахслар томонидан бузилса, лекин фуқаро соғлиғига, ёши ёки бошқа сабабларга кўра судда ўз ҳуқуқ ва эркинликларини шахсан ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлмаса, даъвони прокурор тақдим этади ва судда қувватлайди.”

Фуқаролик суд ишларини юритишда прокурор ваколатларини белгилаб берган “Прокуратура тўғрисида”ги қонунинг IV бўлими таҳлил қилинганда унинг айрим моддалари ўртасида муайян тафовутлар мавжуд эканлигини кузатишимиз мумкин. Хусусан, Қонуннинг 33-моддаси, 5-бандида прокурорнинг суд процессининг бошқа иштирокчилари билан тенг ҳуқуқлардан фойдаланиб, судьяларнинг мустақиллиги ҳамда процессуал қонун ҳужжатлари нормаларига қатъий риоя этиш принципига амал қилиши шарт эканлиги алоҳида таъкидлаб ўтилган. Мазкур қоида барча фуқароларнинг қонун олдида тенглиги тўғрисидаги конституциявий норма ва Фуқаролик-процессуал кодексининг 10-моддасида белгиланган фуқаролик суд ишларини юритиш тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги асосида амалга оширилиши тўғрисидаги асосий принципи талабларига жавоб бериши билан алоҳида эътиборга молик.

Айни пайтда Қонуннинг 34-моддасида суднинг ҳукми, ҳал қилув қарори, ажрими ва қарори қонуний кучга кирган ҳар қандай ишни прокурор ўз ваколатлари доирасида суддан талаб қилиб олиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган. Прокурор ёки унинг топшириғига биноан прокуратура органларининг бошқа ходимлари судларда бундай ишларнинг ҳар қандай тоифасини ўрганиб чиқиш ҳуқуқига эга эканлиги қайд этилган. Мазкур ваколатлар Қонуннинг 33-моддаси, 5-банди билан ўрнатилган қоида ва Фуқаролик-процессуал кодексининг асосий принципларидан бири бўлган тарафларнинг тенглиги тўғрисидаги қоидага мутлақо зиддир. Шунинг учун суд-ҳуқуқ ислоҳотлари навбатдаги босқичида прокурорларнинг суд ишларини чақириб олиш билан боғлиқ ваколатларини тарафларнинг тортишуви ва тенглиги тўғрисидаги принципга хилоф институт бўлганлиги учун қонун нормаларидан чиқариб ташлаш мақсадга мувофиқ бўлади.

Маълумки, фуқаролик суд иш юритишининг барча иштирокчилари, яъни тарафлар, учинчи шахслар, уларнинг вакиллари, ариза берувчилар ва судда кўрилаётган алоҳида тартибда юритиладиган ишлар бўйича бошқа манфаатдор шахслар ўзларининг манфаати билан боғлиқ бўлган ишда бевосита иштирок этаётганлиги боис, суд иш юритишининг иштирокчиси сифатида эътироф этилади.

“Прокуратура тўғрисида”ги Қонуннинг 36-моддасига мувофиқ, прокурор ишнинг кўриб чиқилишида иштирок этганлиги ёки этмаганлигидан қатъи назар, ушбу иш хусусида суднинг чиқарган ҳал қилув қарорлари ва ажримлари қонунга ҳамда иш юзасидан тўпланган материалларга қай даражада мувофиқ келишини текширади. Прокурор фуқаролик ишлари бўйича суднинг чиқарган қарорларини ғайриқонуний, деган хулосага келган тақдирда қарорнинг қонуний кучга кирган ёки кирмаганлигидан келиб чиқиб апелляция ёки кассация тартибида юқори турувчи судга протест келтириши мумкин. Яъни, прокурор биринчи инстанция суд жараёнларида иштирок этмаган бўлса ҳам фуқаролик иши юзасидан тўпланган материалларни ўрганиб чиқиши билан боғлиқ ҳолат уни фуқаролик иш юритишининг иштирокчисига айлантиради.

Мазкур ҳолат фуқаролик суд ишларини юритиш тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги асосида амалга оширилиши тўғрисидаги процессуал қонунчилик ва одил судловнинг энг асосий принципига хилоф. Чунки прокурор тарафларнинг тенглиги ва тортишуви асосидаги далилларни текшириш жараёнларида иштирок этмаган, тарафлар, гувоҳлар ва ишда иштирок этган бошқа шахсларнинг суд мажлисидаги кўрсатмаларини, фикр мулоҳазаларини эшитмаган ҳамда уларнинг суд мажлиси баённомасида қанчалик тўғри ифода этилганлигидан хабардор эмас. Шу боис прокурорнинг ўзи иштирок этмаган фуқаролик ишлари бўйича судниниг чиқарган қарорларига нисбатан апелляция ёки кассация тартибида юқори турувчи судга протест келтириши мумкин бўлган ваколатини қонун нормасидан чиқариб ташлаш тарафларнинг тенглигини таъминлашга қаратилган муҳим омил ҳисобланади.

Шерзод ЖАМОЛОВ,
Судьялар Олий мактаби тингловчиси

Изоҳлар йўқ

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг