ТаҳлилСуд жараёнида шахс ҳуқуқлари кафолатланиши керак

Суд жараёнида шахс ҳуқуқлари кафолатланиши керак

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига қўшимча ва ўзгартишлар киритилиши муносабати билан Асосий Қомусимизнинг мазмун ва моҳияти, келгусида унда ўрин оладиган инсон қадр-қимматини юксаклатирадиган устувор масалалар муҳокамаси айни қизғин паллага кирган. 

Конституциявий ислоҳотларнинг ниҳоят муҳим йўналиши шахснинг одил судлов тизимида ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтиришга қаратилган. Айнан шунинг учун Конституциянинг 26-моддаси 7 та янги қисмлар билан тўлдирилмоқда. Конституциямиз лойиҳасининг иккинчи бўлимидаги эркинлик ҳамда шахсий дахлсизлик ҳуқуқига оид қоидалар янада кенгайтирилаётганлигида яққол кўринади. Унга кўра, ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланишига йўл қўйилмайди. Жиноятда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда кўриб чиқилмагунча ноқонуний ушлаб турилиши, унга нисбатан зўравонлик, шавқатсиз ёки қадр-қимматини камситувчи ҳаракатлар олиб бориш мумкин эмаслиги, ўлим жазосининг тақиқланишига оид қатор қоидалар кўрсатилган.

Лойиҳада назарда тутилган нормаларга кўра жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби қонунда назарда тутилган тартибда исботлангунга, қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқлангунга қадар у айбдор ҳисобланмайди. Айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминланади.

Айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши керак. Қонун қўлланилаётганда келиб чиқадиган шубҳалар ҳам гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши керак.

Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмас ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин.

Ҳеч бир шахс ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмас.

Шахснинг ўз айбига иқрор бўлиши унга қарши ягона далил бўлган тақдирда, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмас.

Озодликдан маҳрум этилган барча шахсларга нисбатан инсоний муносабатда бўлиниши ва уларнинг инсон шахсига хос бўлган қадр-қиммати ҳурмат қилиниши керак.

Шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлмаслиги керак.

Таъкидлаш керакки, мазкур қўшимчалар Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро Пактда (БМТ Бош Ассамблеясининг 1966 йил 16 декабрдаги 2200 А (XXI)-сон резолюцияси билан қабул қилинган) ҳамда Инсоннинг ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Европа Конвенцияда (Рим, 4.ХI.1950 й.) белгиланган асосий қоидалардан келиб чиқади.

Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг ҳуқуқлари Конституция даражасида мустаҳкамланмоқда ва “айбсизлик презумпцияси”нинг барча шакллари тўлиқ акс эттирилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 24 августаги “Далиллар мақбуллигига оид жиноят-процессуал қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 24-сон қарори бевосита қонунни бузган ҳолда олинган далиллардан одил судловни амалга ошириш чоғида фойдаланишга йўл қўйилмаслигини белгилайди.

Гумон қилинувчи, айбланувчи зиммасига кўрсатув бериш мажбурияти юкланиши мумкин эмас, ўз айбсизлигини ёки иш бўйича бирор-бир ҳолатни исботлаш масъулиятини унга юклашга ҳам йўл қўйилмайди.

Айбловни исботлаш мажбурияти жиноят ишини юритишга масъул давлат органлари мансабдор шахсларининг зиммасига юклатилган.

Агар айблов исботланмаса ёки айблашга оид шубҳалар пайдо бўлса, ҳолат гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши Бош қомусимизда акс эттирилиши жиноят ишларини юритишда одиллик ва инсонийлик принципига риоя этилишига олиб келади.

Озодликдан маҳрум этилган барча шахсларга нисбатан инсоний муносабатда бўлиниши ва уларнинг инсон шахсига хос бўлган қадр-қиммати ҳурмат қилиниши кераклиги, инсонни қийноққа солиш, шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ёки жазога тортишни тақиқлаш инсон ҳуқуқлари бўйича бир қатор халқаро ҳужжатларда мустаҳкамланган. Хусусан, 1948 йилдаги Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси (5-модда); 1950 йилдаги Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги конвенция (3-модда); 1966 йилдаги Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт (7-модда); 1984 йилдаги Қийноқларга ҳамда муомала ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситадиган турларига қарши конвенция ва бошқалар.

Бир қилмиш учун такроран жавобгарликка тортишни истисно этиш принципи Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактда ҳам белгиланган. Озодликдан маҳрум этилган барча шахсларга нисбатан инсоний муносабатда бўлиниши ва уларнинг инсон шахсига хос бўлган қадр-қиммати ҳурмат қилиниши Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроя кодексида белгиланган. Халқаро пактнинг 14-моддасида, ҳар қандай айбловни кўриб чиқишда минимал кафолатлар қаторида, ўзига қарши гувоҳлик беришга ёки айбни тан олишга мажбур бўлмаслик ҳуқуқи кўрсатилган.

Ушбу қоидалар айбланувчининг иродасига қарши мажбурлаш ёки босим ўтказиш йўли билан далилларни тўпламасликни таъминлашга ёрдам беради. Бу ҳуқуқ айбсизлик презумпцияси билан чамбарчас боғлиқ.

Мазкур қўшимчалар БМТ Бош Ассамблеяси томнидан 1985 йил 29 ноябр куни 96-ялпи мажлисида қабул қилган Жиноят ва ҳокимиятни суиистеъмол қилишдан жабрланганлар учун одил судловнинг асосий принциплари декларациясидан келиб чиқади.

Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан етказилган зарар, улар қайси даражадаги давлат органи ҳисобланишидан қатъи назар, давлат томонидан қоплаб берилиши ўрнатилмоқда.

Бунда ҳар бир давлат органи ёки мансабдор шахс давлат номидан иш кўриши сабабли ва уларга тегишли ваколатлар тақдим этилганлиги давлат зиммасига зарарни қоплаб бериш мажбуриятини ҳам юклайди. Етказилган зарар давлат томонидан қоплаб берилгандан кейин регресс тартибда тегишли айбдор мансабдор шахсдан харажатлар ўрни қопланади.

Мурод Ўразалиев,
Ташкент давлат юридик университети
профессори

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img