Суд,  кадрлар, дахлсизлик, шаффофлик, коррупция тегирмони, эътироф…   Фармондан жой олган мезонлар аниқ

0

Мамлакатимизда судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, малакали кадрларни танлаш, судьялик касбига тайёрлаш ва тайинлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини ошириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, суд тизимига етарли билим ва ҳаётий тажрибага эга бўлган муносиб кадрларни танлаш ва лавозимга тайинлаш ҳамда судьялар фаолиятини холис баҳолаш жараёнларига замонавий ахборот- коммуникация технологиялари жорий этилмаганлиги бу борадаги ишлар шаффофлигининг етарлича таъминланмай қолишига сабаб бўлаётганлиги ҳам айни ҳақиқат.

Шунингдек, суд ҳокимияти тизимида коррупция ҳолатларини келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни чуқур ўрганиш ва таҳлил қилиш, коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш тизимини самарали йўлга қўйиш талаб этилаётганлиги Президентимиз томонидан “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги янги Фармоннинг қабул қилинишига сабаб бўлди.

Мазкур фармонга кўра, 2021 йил 1 февралдан илк бор судьялик лавозимига номзодларни танлаш бўйича имтиҳон жараёнлари интернет тармоғи орқали онлайн тарзда  очиқ ёритиб борилади.

Фармон билан суд ҳокимияти мустақиллигини янада кучайтириш, судьялар дахлсизлигини таъминлаш ҳамда тизимда коррупциянинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.

Ўзбекистон Судьялар олий кенгаши таркибидаги Судьялар  дахлсизлигини таъминлаш бўйича суд инспекцияси негизида Судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекциясининг тузилиши ҳам    судьялар дахлсизлигини таъминлаш самарадорлиги ошиши баробарида суд тизимида коррупциядек иллатга қарши муросасиз курашишга яна бир ҳуқуқий замин яратиши аниқ. Сабаби шу пайтгача тизимда ички хавфсизликни таъминлаш, коррупциянинг олдини олишга хизмат қиладиган тузилма йўқ эди.

Энг муҳими, судьяларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга гувоҳ, ёки гумон қилинувчи сифатида сўроқ қилиш учун чақиришга тегишли малака ҳайъатлари розилиги билан йўл қўйиладиган бўлди.

Шунингдек, фармонга кўра, 2021 йил 1 февралдан суд тизимида коррупция ҳолатларининг олдини олиш, Судьялар олий кенгаши ва суд тизими фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш борасида илк бор судьялик лавозимларига номзодларни танлаш бўйича имтиҳон жараёнларини интернет тармоғи (веб-сайт) орқали онлайн тарзда ёритиб бориш йўлга қўйилади, уларнинг психологик портрети бўйича касбга муносиблигини баҳолашга кўмаклашувчи электрон дастур («психологик тест») ишлаб чиқилади.  Судья фаолиятининг самарадорлигини электрон рейтинг орқали очиқ ва шаффоф баҳолашни таъминлайдиган аниқ мезонлар амалиётга   татбиқ этилади.

Судьялар фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг электрон тартибини жорий этиш ҳам, ўз навбатида бу борада махсус низом ишлаб чиқиш ва тасдиқлашни, электрон рейтинг дастурини ишлаб чиқишни талаб этади. Дастлаб, судьяларнинг иш фаолиятини электрон дастур орқали баҳоланишини таъминловчи рейтинг тизимини синов тариқасида ишга тушириш кўзда тутилмоқда. Бу билан мазкур маълумотлардан судьялар ҳамжамиятининг барча аъзолари эркин танишиш имкониятига эга бўладилар.

Судьяларнинг одил судловни амалга оширишдаги фаолиятини рағбатлантиришни йўлга қўйиш борасидаги янгилик сифатида “Ибратли судья” мукофотини, одил судловни амалга оширишда узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб пенсияга чиққан судьялар учун “Суд фахрийси” кўкрак  нишонининг жорий этилишини  алоҳида эътироф этиш мумкин.

Президентимизнинг мазкур Фармони суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиши аниқ.

                                                                  Шерзод  МАМИРОВ,
жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди раиси