Судлар фаолияти рақамлаштирилса қандай қулайликлар яратилади?

0

Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, нуфузини ошириш, тизимни демократлаштириш ва такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотлар соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этишни тақозо этмоқда.

Президентимиз томонидан имзоланган “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарор билан суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштиришнинг кейинги босқичдаги вазифалари белгиланди.

Жумладан, Қарор билан 2021 йил 1 январдан бошлаб барча судларда суд мажлисларини иш бўйича тарафларнинг илтимосномаси ва раислик қилувчининг розилиги билан аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш ҳамда суд мажлислари баённомаларини ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда шакллантириш йўлга қўйилади.

Шунингдек, кейинчалик бошлаб апелляция ва кассация инстанцияси судларида ишларни судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимлаш, барча иштирокчиларни суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида “SMS” хабар орқали бепул асосда хабардор қилиш, суд қарорларини иш бўйича тарафларга онлайн тарзда, уларнинг илтимосномаси бўйича эса қоғоз шаклида тақдим этиш, суд ҳокимияти органлари фаолиятида, шу жумладан, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига одил судловга эришишда қулайлик яратиш мақсадида 10 га яқин интерактив хизматлар кўрсатишни йўлга қўйиш, суд ишларини давлат архивига электрон шаклда топшириш ва қабул қилиш, 28 та давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ахборот тизимларини Олий суднинг ахборот тизимига босқичма-босқич улаш, судлар томонидан давлат органлари ва ташкилотларига тақдим этиладиган маълумотларни электрон шаклда юбориш, муайян ишни кўриш жараёнида зарур бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни фуқароларни овора қилмаган ҳолда судлар томонидан бевосита давлат органлари ва ташкилотларидан электрон шаклда олиш ташкил этилади.

Хулоса ўрнида айтганда, мазкур Қарор судлар фаолиятида замонавий технологияларни кенг жорий этиш бўйича амалга оширилган тадбирлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштириш, одил судловга эришишни ошириш ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш имконини берди.

Баҳодир ҚОРАЕВ,
жиноят ишлари бўйича Бекобод шаҳар суди раиси