Судлар фаолиятида ахборот технологиялари очиқлик ва шаффофликка хизмат қилади

0

Мамлакатимизда судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини изчил жорий этишнинг асосий вазифаларидан бири – судлар фаолиятининг очиқлиги, шаффофлиги ва тезкорлигини таъминлашдан иборат. Бу, ўз навбатида, судларда иш юритиш сифатини ва аҳолининг одил судловга эришиш даражасини оширишда муҳим омил бўлади.

Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада жорий этиш ва улардан самарали фойдаланишга қаратилган бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил
30 августдаги “Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан 2017-2020 йилларда судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш Дастури тасдиқланган.

Мазкур қарор билан судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада кенг жорий этишнинг асосий вазифалари этиб белгиланган:

биринчидан – судлар фаолиятининг очиқлиги, шаффофлиги ва тезкорлигини таъминлаш, судлов ишларини юргизиш сифати ва аҳолининг одил судловдан хабардорлик даражасини ошириш, суд ходимлари томонидан сансалорлик, бюрократизм ва суиистеъмолчилик фактларига барҳам бериш;

иккинчидан – судларда ишларнинг ўз вақтида кўрилишини назорат қилишнинг самарали тизимини яратиш, судлов ишларини юргизишдаги муаммолар ва камчиликларни аниқлаш ҳамда уларни ҳал этиш чораларини кўриш мақсадида судлар ишларини автоматлаштириш ва уларнинг фаолияти тўғрисидаги ахборотларни тизимлаштириш;

учинчидан – одил судловни амалга ошириш ҳамда судлар қарорларининг ижросини таъминлашда судларнинг суриштирув, дастлабки тергов ва мажбурий ижро органлари билан самарали ҳамкорлигини таъминлаш;

тўртинчидан – судларда иш юритиш самарадорлиги оширилишини, судлар фаолияти тўғрисидаги ахборот очиқлигини, шунингдек, аҳолига ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив хизматлар рўйхати кенгайтирилиши ҳамда сифати яхшиланишини таъминлайдиган ахборот тизимлари ва ресурсларини такомиллаштириш;

бешинчидан – судьялар ва судлар ходимларининг ишда замонавий компьютер техникаси ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишда уларнинг компьютер саводхонлиги, амалий кўникмалари даражасини ошириш;

олтинчидан – судлар тизимида ахборот хавфсизлигини ва электрон ҳужжатларнинг хавфсиз айланишини таъминлаш.

Муҳтарам юртбошимиз томонидан юқорида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Олий суд томонидан бир қатор ишлар амалга оширилди.

2018 йилнинг 1 январидан бошлаб, судлар фаолиятига жорий этилган ягона марказлаштирилган электрон маълумотлар базаси судларда ишларнинг ўз вақтида кўрилишини мониторинг қилишнинг самарали тизимини яратишда, судлов ишларини юргизишдаги муаммолар ва камчиликларни аниқлашда ҳамда уларни ҳал этиш чораларини кўришда, шунингдек судлар ишларини автоматлаштиришда ва уларнинг фаолияти тўғрисидаги ахборотларни тизимлаштиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилди.

Шунингдек, судлар фаолиятига жорий этилган марказлаштирилган электрон маълумотлар базаси орқали судларнинг қуйидаги асосий соҳалари ҳам тўлиқ автоматлаштирилди:

2018 йил октябрдан бошлаб, биринчи инстанция судларида ишларни судьялар ўртасида инсон омилисиз, адолатлилик ва холислик тамойиллари асосида автоматик тарзда тенг тақсимлаш имкониятини берувчи дастурий таъминот фаолиятга тўлиқ жорий этилди.

Статистика: жиноят ишлари бўйича судларда 75 506 та, фуқаролик ишлари бўйича судларда 363 034 та, маъмурий судларда 979 300 та ва иқтисодий судларда 444 236 та жами 1 862 076 та иш судьялар ўртасида автоматик тарзда тақсимланган.

2018 йил апрелдан бошлаб, Олий суд ва Мажбурий ижро бюросининг ахборот тизимларини ўзаро интеграция қилиш орқали судлар томонидан чиқарилган ижро ҳужжатларини мажбурий ижро бюроларига судьяларнинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган ҳолда электрон шаклда юбориш ҳамда уларнинг ижросига доир маълумотларни онлайн тарзда олиш амалиёти жорий этилди.

Статистика: жиноят ишлари бўйича судларнинг 67 742 та, фуқаролик ишлари бўйича судларнинг 524 657 та, маъмурий судларнинг 341 893 та ва иқтисодий судларнинг 508 528 та жами 1 442 820 та ижро ҳужжатлари ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилган.

2019 йил январь ойидан ишга доир ҳужжатларни фақат электрон шаклда сақлаш ва ишларни электрон архивини яратиш мақсадида иқтисодий судларда ишларни электрон кўринишда шакллантириш амалиёти йўлга қўйилди.

Статистика: 27 543 та иқтисодий иш электрон шакллантирилган.

2020 йил 1 июндан судларда электрон шакллантирилган ишларни алоҳида электрон архивини яратиш мақсадида электрон шаклда кўрилган ишларнинг ахборот тизимида электрон архиви яратилди.

Статистика: 12 850 та ишнинг электрон архиви шакллантирилган.

2014 йил сентябрдан бошлаб судларда видеоконференцалоқа тизимида фойдаланган ҳолда суд мажлисларини ўтказиш тартиби жорий этилди.

Мазкур тизимни афзалликлари қуйидагилардан иборат:

– суд мажлисида иштирок этувчи шахслар ўз ҳудудини тарк этмаган ҳолда суд мажлисларида иштирок этиш;

– фуқароларнинг суд мажлисида иштирок этишлари учун сарфланадиган вақти ва маблағини тежаш;

– тарафларнинг суд мажлисидаги иштирокини тўлиқ таъминлаш.

Статистика: 207 та суд мажлиси зали мазкур тизим билан тўлиқ таъминланиб, 24 875 та суд мажлислари ушбу режимда ўтказилган, натижада 57 999 нафар иштирокчиларнинг 17,7 млрд. сўм маблағи тежаб қолинган.

2019 йилнинг 1 февралидан бошлаб, маъмурий органлар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар юзасидан тўпланган ҳужжатларга доир маълумотларни судларга юбориш ва ишни кўриб чиқиш билан боғлиқ ахборотларни олиш фақат интеграция қилинган ахборот тизими орқали электрон шаклда амалга ошириш тартиби жорий этилди.

Статистика: 792 639 та маъмурий иш ҳақидаги маълумотлар айнан шу тизим орқали келиб тушган.

2020 йилнинг 1 февралидан бошлаб, тергов органлари томонидан жиноят ишлар юзасидан тўпланган ҳужжатларга доир маълумотларни судларга юбориш ва ишни кўриб чиқиш билан боғлиқ ахборотларни олиш фақат интеграция қилинган ахборот тизими орқали электрон шаклда амалга ошириш йўлга қўйилди.

Статистика: 26 748 та жиноят иши ҳақидаги маълумотлар айнан шу тизим орқали келиб тушган.

Қайд этилган қарорда белгиланган энг муҳим вазифалардан яна бири судларда иш юритиш самарадорлиги оширилишини, судлар фаолияти тўғрисидаги ахборот очиқлигини, шунингдек, аҳолига ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив хизматлар рўйхати кенгайтирилиши ҳамда сифати яхшиланишини таъминлайдиган ахборот тизимлари ва ресурсларини такомиллаштиришдан иборат.

Ушбу йўналишда ҳам Олий суд томонидан муайян ишлар амалга оширилган.

Хусусан, судлар томонидан жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатиладиган интерактив хизмат турларидан бир манзил асосида фойдаланиш, аҳолини судлар томонидан кўрсатиладиган интерактив хизмат турлари билан ягона манзил асосида хабардор қилиб бориш, судлар томонидан жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатиладиган интерактив хизмат турларидан фойдаланиш тартибини соддалаштириш мақсадларида Олий суднинг Интерактив хизматлар портали (my.sud.uz) жорий этилди.

Портал орқали аҳолига ва тадбиркорлик субъектларига қуйидаги интерактив хизматлар кўрсатилади:

2018 йил январь ойида “Мурожаат” (exsud.sud.uz) рукни асосида судларга мурожаатларни электрон шаклда юбориш, уларни кўриб чиқиш жараёнини онлайн кузатиб бориш ва суд қарорларини электрон шаклда олиш имконияти яратилди.

 2019 йил апрель ойида “Электрон тўлов тизими” (billing.sud.uz) рукни орқали қуйидаги қулайликларни яратиш мақсадида давлат божлари ва судга мурожаат қилишдаги йиғимлар суммаси ҳисобини юритиш учун ягона электрон тўлов тизими жорий этилди:

– судга мурожаат қилганлик учун тўловларни амалга оширишда банк ҳисоб рақамлари ва бошқа реквизитлар қўлда тўлдирилмайди;

– амалга оширилган тўловлар учун банклар томонидан тўлов амалга оширилганлиги ҳақида алоҳида тасдиқ талаб этилмайди;

– тўловлар исталган усулда (жумладан “CLICK”, “Payme” ва “Upay” электрон мобил тўлов тизимлари орқали) амалга оширилиши мумкин;

– суд қарорига асосан ундирилиши белгиланган тўловлар ҳам мазкур тизим орқали амалга оширилади ва буни тасдиқловчи маълумотни судга тақдим этиш шарт бўлмайди.

Мазкур тизим фуқаролар ҳамда тадбиркорларга судга мурожаат қилишда амалга оширилиши лозим бўлган тўловларни тезкорлиги ва аниқлигини таъминлашга хизмат қилади.

Статистика: тизим орқали 8,1 млрд. сўмлик 5 325 та тўлов амалга оширилган.

2018 йил декабрь ойида “Қарорлар тўплами” (public.sud.uz) рукни орқали қонуний кучга кирган суд қарорларини тизимли равишда эълон қилиш амалиёти жорий қилинди.

Статистика: жиноят ишлари бўйича судларнинг 76 211 та, фуқаролик ишлари бўйича судларнинг 333 459 та, маъмурий судларнинг 721 352 та ва иқтисодий судларнинг 266 267 та жами 1 397 289 та суд қарорлари эълон қилинган.

 2018 йил январь ойида “Намуналар” (template.sud.uz) рукнига фуқаролик ишлари бўйича ва иқтисодий судларга мурожаат қилиш учун даъво ариза ва аризалар намуналари жойлаштирилган.

2018 йил январь ойида “Калькулятор” (calculate.sud.uz) рукнига фуқаролик ишлари бўйича ва иқтисодий судларга мурожаат учун тўланиши лозим бўлган давлат божини автоматик равишда ҳисоблайдиган электрон калькулятор жойлаштирилган.

2018 йил сентябрь ойида “Мажлислар жадвали” (jadval.sud.uz) рукни орқали биринчи, апелляция ва кассация инстанцияларида суд мажлисига тайинланган ишлар рўйхати билан онлайн равишда танишиш имконияти яратилди.

2020 йилнинг февраль ойида “Электрон қабул” (qabul.sud.uz) рукни орқали масофадан туриб Олий суд раҳбариятининг шахсий қабулига онлайн тарзда рўйхатдан ўтиш тизими жорий этилди.

 2020 йил июнь ойида “Онлайн кузатув” (my.sud.uz/#/monitorning) рукнига мурожаатларни судларга тақдим этиш шаклидан қатъий назар уларни кўриб чиқиш жараёнини онлайн тарзда кузатиб бориш имконини берувчи ахборот тизими синов тариқасида жойлаштирилган.

Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш, судлар ва бошқа идоралар ўртасида маълумот алмашинувини яхшилашга қаратилган чора-тадбирларни белгилаш, мазкур соҳани кейинги босқичга кўтариш мақсадида Президентимиз томонидан 2020 йил 3 сентябрда “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-4818-сонли қарори қабул қилинди.

Ушбу қарор билан қуйидагилар суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштиришнинг кейинги босқичдаги вазифалари этиб белгиланди:

фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турларини кенгайтириш, ҳар бир мурожаатни кўриб чиқиш жараёнининг онлайн кузатиб борилишини таъминлаш, суд биноларида интерактив хизматлардан эркин фойдаланиш имкониятини яратиш;

судларда одил судловни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотларнинг тезкорлик билан олинишини таъминлаш учун вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар билан электрон маълумотлар алмашинувини янада кенгайтириш;

махсус ахборот дастурларини жорий этиш орқали судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш;

суд мажлисларида масофадан туриб, жумладан мобил қурилмалар ва электрон ҳамкорликнинг бошқа шакллари орқали иштирок этиш имкониятини кенгайтириш, шунингдек иш бўйича тарафлар учун суд қарорларини онлайн тарзда олиш имкониятини яратиш;

суднинг ахборот тизимлари, маълумотлар базалари ва бошқа дастурий маҳсулотлари ахборот ва киберхавфсизлигини таъминлаш, хизмат ахборотлари ва маълумотларини комплекс ҳимоя қилиш бўйича чораларни кучайтириш.

Қайд этилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида мазкур қарор билан қуйидагиларни назарда тутувчи 2020-2023 йилларда суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш дастури тасдиқланди:

2021 йил 1 январдан бошлаб барча судларда суд мажлисларини иш бўйича тарафларнинг илтимосномаси ва раислик қилувчининг розилиги билан аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш ҳамда суд мажлислари баённомаларини ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда шакллантириш;

2021 йил 1 июлдан бошлаб апелляция ва кассация инстанцияси судларида ишларни судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимлаш;

2021 йил 1 октябрдан бошлаб барча иштирокчиларни суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида “SMS” хабар орқали бепул асосда хабардор қилиш;

2022 йил 1 январдан бошлаб суд қарорларини иш бўйича тарафларга онлайн тарзда, уларнинг илтимосномаси бўйича эса қоғоз шаклида тақдим этиш;

2022 йил 1 июлга қадар суд ҳокимияти органлари фаолиятида, шу жумладан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига одил судловга эришишда қулайлик яратиш мақсадида 10 га яқин интерактив хизматлар кўрсатишни йўлга қўйиш.

Шунингдек, қарор билан қуйидагиларни назарда тутувчи Судларнинг ахборот тизимларини давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди:

28 та давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ахборот тизимларини Олий суднинг ахборот тизимига босқичма-босқич улаш;

судлар томонидан давлат органлари ва ташкилотларига тақдим этиладиган маълумотларни электрон шаклда юбориш;

муайян ишни кўриш жараёнида зарур бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни фуқароларни овора қилмаган ҳолда судлар томонидан бевосита давлат органлари ва ташкилотларидан электрон шаклда олиш;

судлар томонидан жарималарни камайтириш ёки уларни қўлламаслик масалаларини кўриб чиқишда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ва бошқа ахборот тизимларининг интеграцияси орқали фуқаронинг мулкий ҳолати ва ижтимоий аҳволи ҳақидаги ишончли маълумотлар билан танишиш;

судлар томонидан алимент миқдорини белгилашда туманлар кесимида ўртача ойлик иш ҳақлари тўғрисида маълумотларни ахборот тизими орқали электрон шаклда олиш.

Булардан ташқари қарорда 2022 йил 1 январдан бошлаб судлар фаолиятига қуйидаги имкониятларни берувчи “Адолат” ахборот тизимлари комплексини жорий этиш белгиланди:

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бошқаруви органлари, адвокатлар томонидан судларга даъво, ариза ва шикоятларни фақат электрон шаклда тақдим этиш;

манфаатдор шахслар томонидан даъво, ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш жараёнини онлайн тарзда кузатиб бориш;

суд мажлиси иштирокчилари томонидан маълумотлар ва ҳужжатларни электрон шаклда юбориш;

суд ҳужжатларини судлар фаолиятига жорий этилган ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда автоматлаштирилган равишда шакллантириш.

Судлар фаолиятини рақамлаштиришнинг кейинги босқичидаги муҳим вазифаларидан суд мажлисларида видеоконференцалоқа режимида иштирок этиш имконини берувчи мобил дастурни ишлаб чиқиш ва уни амалиётга жорий этиш, шунингдек видеоконференцалоқа режими орқали жазони ижро этиш муассасаларида жойлашган шахсларни бевосита улар жойлашган жойдан туриб суд мажлисларида, шунингдек суд раҳбариятининг шахсий қабулларида иштирокини таъминлаш тизимини яратишдир.

Президентимиз томонидан судлар фаолиятини рақамлаштириш соҳасини кейинги босқичга кўтариш юзасидан белгилаб берилган вазифалари ижросини таъминлаш мақсадида Олий суд томонидан қуйидаги ишлар амалга оширилди:

2020 йил октябрь ойида “Видеоконференцалоқа” (vka.sud.uz) рукни орқали замонавий воситалар (гаджетлар)дан фойдаланган ҳолда дунёнинг исталган нуқтасидан туриб суд мажлисларида иштирок этиш имконини берувчи мобил видеоконференцалоқа синов тариқасида жорий этилди.

Статистика: 78 та суд мажлиси айнан шу тизим орқали ўтказилган.

2020 йилнинг октябрь ойидан бошлаб, судлар ва Жазони ижро этиш муассасалари ўртасида видеоконференцалоқа тизими ўрнатилди.

Мазкур тизимнинг жорий этилиши судланувчи ва маҳкумлар ҳамда ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг суд мажлисларида иштирокини таъминлаш мақсадида ташкил этиладиган этап масаласига чек қўйилди.

Статистика: 913 та суд мажлиси айнан шу тизим орқали ўтказилган.

2021 йил январь ойидан бошлаб, барча судларда суд мажлисларини иш бўйича тарафларнинг илтимосномаси ва раислик қилувчининг розилиги билан аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш ҳамда суд мажлислари баённомаларини ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда шакллантириш тизими жорий этилди.

Статистика: 395 та суд залига ўрнатилган аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш ускуналаридан 583 та суд мазкур тизимдан фойдаланган ҳолда суд мажлисини ўтказиш имконияти яратилди.

2021 йилнинг январь ойи ҳолатига 17 та давлат органлари ва ташкилотлари ахборот тизимларини Олий суднинг ахборот тизими билан интеграция қилиш орқали муайян ишни кўриш жараёнида зарур бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни фуқароларни овора қилмаган ҳолда судлар томонидан бевосита давлат органлари ва ташкилотларидан электрон шаклда олиш тартиби жорий этилди.

Президентимизнинг 2020 йил 29 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига ва халқимизга қилган Мурожаатномасида “Суд тизимида рақамлаштириш янада кенгайтирилиб, фуқароларимизга суд биносига келиб юрмасдан, “онлайн” тартибда мурожаат қилиш имконияти яратилади. Шунингдек, фуқаролар ўз аризаларини кўриб чиқиш жараёнини масофадан туриб кузатиб бориши мумкин бўлади” – деб таъкидлаб ўтди.

Мазкур йўналишда Олий суд томонидан муайян ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, судларга электрон шаклда мурожаат қилиш тизими барча суд йўналишларини ўзида қамраб олган ҳолда тубдан қайта кўриб чиқилмоқда. Шунингдек, фуқаролар ўз аризаларини кўриб чиқиш жараёнини масофадан туриб кузатиб бориш тизими бугунги кунда иқтисодий судлар фаолиятига синов тариқасида жорий этилиб, қолган суд йўналишлари бўйича ишлар давом эттирилмоқда.

Давлатимиз раҳбари белгилаб берган ушбу вазифалар бевосита фуқароларимиз ва тадбиркорларимизга янада қулайликлар яратишга, яъни судларга мурожаатларни юбориш ва уларни кўриб чиқиш жараёнини масофадан туриб амалга ошириш амалиётини жорий этиш орқали судларнинг очиқлиги ва шаффофлигини янада таъминлашга қаратилган.

Хулоса қилиб айтганда, судлар фаолиятини рақамлаштиришдан кўзланган асосий мақсадлар:

фуқаролар ва тадбиркорлар ўз низоларини суд биносига бирон марта ҳам ташриф буюрмасдан туриб ҳал этиш имкониятини яратиш;

судларга мурожаат қилишнинг амалдаги қоғоз шаклидаги тартибнинг муқобил шакли яъни электрон шаклини жорий этиш орқали мурожаатларни судларга тақдим этиш жараёнини қулайлаштириш;

судларга мурожаат қилишда амалга оширилиши лозим бўлган тўловларни тезкорлиги ва аниқлигини таъминлаш орқали фуқароларга бу йўналишда қулайлик яратиш;

судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш;

судларда иш юритишнинг амалдаги тартибнинг қоғоз шаклидан тўлиқ воз кечиш орқали иш юритиш тартибини соддалаштириш, шунингдек иш самарадорлигини ошириш;

судларда иш юритиш тартибидаги мавжуд бўлган инсон омилларини максимал даражада қисқартириш орқали соҳада адолат ва холисликни таъминлаш;

судларда ишларни кўриш жараёнида амалдаги процессуал тартиб ва муддатларнинг бузилиш ҳолатларини инсон омилисиз мониторинг қилиб бориш орқали ишларни ўз вақтида мазмунан кўриб чиқилишини таъминлаш;

судлар фаолиятига доир статистик маълумотларни инсон омилисиз алоҳида ҳудуд ва марказлашган ҳолда автоматик равишда шакллантириш;

суднинг ахборот тизимини бошқа вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари билан интеграция қилиш орқали муайян ишни кўриш жараёнида зарур бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни фуқароларни овора қилмаган ҳолда судлар томонидан бевосита давлат органлари ва ташкилотларидан электрон шаклда олиш;

суд қарорларининг ижроси билан боғлиқ барча жараёнларни тўлиқ электрон шаклга ўтказиш орқали уларнинг ижросини муддатида амалга оширилишини таъминлаш;

ишларнинг электрон архивини шакллантириш орқали уларни сақлаш ва давлат архивига топшириш ҳаражатларини кескин кисқартиришдан иборат.

 Баҳром Очилов,
Олий суднинг Ахборот-коммуникация технологиядарини жорий қилиш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш бошқармаси бошлиғи