“Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони мамлакатимизда суд ҳокимиятининг мустақиллигини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Ушбу фармон ва бир қанча қонунларга киритилаётган ўзгартиришлар  натижаси ўлароқ, мустақиллик принципи судларга ҳуқуқ беради ва шу билан бирга улардан суд муҳокамасини адолатли ўтказишни,  суд жараёнида қабул қилинаётган қарорларнинг одилона бўлиши ҳамда тарафларнинг ҳуқуқларига риоя қилишни талаб қилади.

Олий суд томонидан Судьялар олий кенгаши ва судьялар ҳамжамияти билан биргаликда қонунчилик ташаббуси асосида суд тизимида 2021 йил 1 январдан бошлаб қуйидаги ташкилий-тузилмавий ўзгаришларни амалга оширишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, унга асосан бир қанча вазифалар белгилаб берилди.

Мазкур Фармонга кўра, 2021 йил 1 январдан бошлаб қуйидагилар жорий этилади:

суд ишларини назорат тартибида кўриш институтини тугатиш, Ўзбекистон Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарларининг суд ҳужжатлари устидан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқини бекор қилиш;

жиноят ишларини судда кўриш учун тайинлаш босқичида иш юзасидан қарорларни тортишув тамойилига риоя этган ҳолда тарафлар иштирокида қабул қилиш татибини белгилаш, жиноят ишини умумий тартибда кўриб чиқилишига тўсқинлик қилувчи омилларни тезкорлик билан аниқлаш ва бартараф этиш имконини берувчи дастлабки эшитув босқичини киритиш;

Шунингдек, бир қанча тартибларни ҳам жорий этиш ушбу Фармонда ўз аксини топди. Хусусан, туманлараро, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг биринчи инстнция суди сифатида чиқарилган қарорларини эса Олий суднинг судлов ҳайъатлари томонидан  апелляция тартибида қайта кўриб чиқиш;

Апелляция тартибида кўриб чиқилган суд қарорларини Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарлари протестига кўра кассация тартибида такроран кўриб чиқиш;

давлат айбловчиси айбловдан воз кечган тақдирда реабилитация асосларига кўра жиноят ишини тугатиш;

прокурор томонидан суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ҳал қилув қарори, ажрими ёки қарори бўйича ишларни, ушбу ишлар юзасидан тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина, суддан чақириб олиб ўрганиш;

қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари судларда бошқа шахсларнинг ташаббуси билан қўзғатилган фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида прокурор ўз ташаббуси билан иштирок этишини истисно этиш.

Фармонда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ низоларни ҳал этиш масалалари ҳам ўз ифодасини топди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатасининг Олий суд тузилмасида инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш бўйича судлов таркибини  тузиш ҳақидаги таклифи маъқулланди.

Судлов таркибига инвестиция киритилган санада йигирма миллион АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда инвестицияни амалга оширган жисмоний ёки юридик шахслар (кейинги ўринларда –йирик инвесторлар) ва давлат органлари ўртасида юзага келадиган инвестициявий низолар ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш ваколати берилди.

Шунингдек, инвестициявий низолар бўйича йирик инвесторларнинг, рақобатга оид ишлар бўйича тарафларнинг хоҳишига кўра, ушбу тоифадаги ишлар бевосита Судлов таркиби томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилиши;

қолган инвестициявий низолар инвесторларнинг хоҳишига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар суди томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилиши мумкинлиги белгиланди.

Бундан ташқари, Фармонда янги таҳрирдаги “Судлар тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Ушбу қонун лойиҳасида судларнинг тузилиши, туман (шаҳар). Туманлараро, вилоятлар ва уларга тенглаштирилган  судларнинг, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг, Ўзбекистон Республикаси Олий суди судлов ҳайъатларининг, Раёсатининг, Пленумининг ваколатлари дориаси;

судьялик лавозимига номзодлар ва судьларга нисбатан қўйиладиган талаблар;

судьялар, суд раислари ва раис ўринбосарларини тайинлаш (сайлаш) тартиби;

судьяларнинг мақоми,  уларнинг мустақиллиги кафолатларини кўчайтириш;

судьяларга нисбатан интизомий иш фақат судьяларнинг тегишли малака ҳайьатлари томонидан қўзғатилишини назарда тутган ҳолда, судьяларнинг интизомий жавобгарлиги, интизомий ишни қўзғатиш ва кўриб чиқиш т артиби;

судьялар ваколатларини тўхтатиб туриш, шунингдек, тугатиш асослари ва тартиби;

Хориж тажрибаси

Судлар ва судьяларнинг фаолияти билан боғлиқ масалалар, уларнинг моддий таъминоти ва ижтимоий ҳимоя қилиш турли мамлакатларда турличадир. Ривожланган мамлакатларда (Буюк Британия, Германия, Франция ва бошқалар) судлар муҳим ўрин тутади. Суд роли Скандинавия оролларида, гарчи у ерларда барқарор демократик анъаналар мавжуд бўлса-да нисбатан паст. Шунингдек, Шўро тузумидан кейин юзага келган айрим давлатларда ҳам судларнинг ўрни анча паст, ҳатто улар қисман моддий таъминланмаган.

Айниқса, судларнинг ўрни Африка ва Шарқнинг баъзи мамлакатларида жуда паст даражада. Чунки аҳоли низоларни анъанавий усулларда (шу жумладан, доҳийлар ва оилалар оқсоқоллари ёрдамида) ҳал этишни афзал билиб, давлат судларига камдан кам мурожаат қилади. АҚШда судлар алоҳида ўрни тутади. Шу боис у ердаги давлат тизими кўпинча “судьялар бошқаруви” деб ҳам аталади.

Суд органлари таркиби ва уларни шакллантириш тартиби ҳам ўзгачадир. Суд муассасалари давлат хизматчиларининг турли категорияларидан тузилади. Улар таркибида суд терговчилари, прокурорлар (кўп мамлакатларда прокуратура алоҳида тизим эмас, прокурорлар судлар ҳузурида ташкил топади), котиблар ва бошқа шахслар бўлади. Одатда, судьялар, прокурорлар, суд терговчилари умумий равишда магистрантлар деб юритилади. Улар у ёки бу даражада суд жараёнида иштирок этишлари мумкин, аммо суд муассасаларида бош рол судьяларга тегишлидир. Хизматчилар сони турли судларда турлича бўлади. Масалан, баъзида бир нафар яраштирув судьяси (Буюк Британияда ва 1998 йилдан Россияда) ёки полиция судьяси (Францияда) фаолият олиб боради, ГФРдаги 5 та “адлия федерал суд”ининг ҳар бирида ўртача 21 нафарадан судья ишлайди, АҚШ Олий судида 9 нафар судья, Ҳиндистон Олий судида 17 нафар, Япония Олий судида 15 нафар судья фаолият юритади. Айнан судьялар суд ҳокимиятини амалга оширувчи (айрим ҳолларда маслаҳатчилар билан бирга) давлатнинг махсус хизматчилари ҳисобланадилар.

Судлар турли усуллар билан шакллантирилади. АҚШнинг кўпчилик штатларида қуйи судлар судьялари фуқаролар томонидан сайланадилар. Бироқ айрим мамлакатларда судьялар кўпинча президент томонидан тайинланадилар, монархия тузимидаги давлатларда эса танлаш бўйича махсус орган тавсиясига кўра адлия вазири томонидан тайинланади.

Франция ва Италияда судьяларни Олий магистратура кенгаши тайинлайди. Кўпчилик мамлакатларда судья умрбод ёки кўпинча маълум ёшга етгунига қадар тайинланади (Буюк Британияда, масалан, судьялар 72 ёшга тўлишлари билан, олий судлар судьялари эса — 75 ёшда истеъфо беришлари керак, Японияда бу — 65 ёшни ташкил этади, бошқа мамлакатларда эса одатда 65-70 ёшдир). Фақат айрим мамлакатлардагина судья дастлаб маълум муддатга тайинланади, бу муддат сўнг узайтирилиши мумкин.

Айрим давлатларнинг судида жамоатчилик асосида маслаҳатчилар ҳам фаолият олиб борадилар.

Маслаҳатчилар ва жамоатчилик асосидаги маслаҳатчилар рўйхати Ғарбда маҳаллий идора ёки у ташкил этган махсус комиссия томонидан тузилади (маслаҳатчилар сафига ёши 70 ёшдан ошмаган ҳалол, интизомли фуқароларни киритишади), муайян суд мажлиси учун эса қуръа ташлаш, тасодифий танлаш йўли билан аниқланадилар. Айрим мамлакатларда маҳаллий кенгашлар томонидан маслаҳатчилар сайловлари ўтказилади. Одатда, маслаҳатчилар учун юридик маълумотга эга бўлиш мажбурий эмас. Кўпчилик мамлакатларда жараёнда иштирок этганлик учун маслаҳатчилар ёки жамоатчилик асосидаги маслаҳатчилар ҳақ олмайдилар. Бу фуқаролик мажбурияти сифатида кўрилади, ундан бўйин товлаш чора қўллашга олиб келиши мумкин.

Судья лавозими учун номзодга олий юридик маълумотдан ташқари бошқа талаблар ҳам қўйилади. Судья лавозимини юридик ихтисос бўйича катта стажга эга бўлганда, иш жойида алоҳида (амалий) имтиҳон топширганда эгаллаш мумкин. Судья катта обрў-эътиборга (бу айрим ҳолларда унинг қариндошларига ҳам тааллуқли), ҳаётий тажрибага (қонунда парламент қуйи палатаси аъзосиникидан каттароқ ёшдаги судья учун чегара этиб белгиланган) эга бўлиши лозим. Бошқа қатор одатлар ҳам бор. Асосан, Францияда 40 ёшдан кичикларни судья этиб тайинламайдилар.

Судья лавозимидан жиноят қилганлик, мажбуриятларга совуққонлик билан қараганлик учун муддатидан аввал озод қилиниши мумкин. Буюк Британияда судьяни лавозимидан лорд-канцлер озод этади, айни пайтда парламентнинг ҳар қандай палатаси шундай иш тутиши мумкин.

АҚШда парламент (Конгресс) ҳам судьяни импичмент тартибида бўшатиши мумкин, лекин бу каби ҳоллар бутун АҚШ тарихида ўнтадан ошмаган. Италия ва Францияда судьяни лавозимидан Олий магистратура кенгаши унинг иши интизом палатаси томонидан кўриб чиқилганидан сўнг озод қилади. Россияда судьяни лавозимидан судьяларнинг ўзини ўзи бошқариш органи озод этиши мумкин.

Турли мамлакатларда судьяларни тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш тартиби бир хил эмаслигининг сабаби шундаки, суд ҳокимиятини айни бир мамлакатнинг муайян ва ўзига хос шароитида мустаҳкамлашдир. Кўпчилик мамлакатларда судья сиёсий партиялар аъзоси бўлолмайди, сиёсий фаолиятда, иш ташлашларда иштирок этолмайди, фаолиятини бошқа иш билан уйғун ҳолда олиб боролмайди (таълим бериш, илмий, ижодий ишлар бундан мустасно).

Биргина Франция давлатини олиб кўрадиган бўлсак, ушбу давлатнинг суд тизимида ўзига хослик мавжуддир. Оддий суд босқичлари фақат мунозара ва зиддиятларни ҳал қилса, маъмурий ишлар бўйича судлар Давлат кенгаши бошчилигида икки ёқлама ваколатга эга: улар нафақат мунозараларни ҳал қилади, балки баҳс ёки зиддият моҳияти бўйича ҳуқуқий хулоса ҳам беради. Охирги сифатида улар ҳукумат ва унинг органлари қошидаги мунтазам маслаҳат бериш функцияларини бажаради.

Маъмурий иш бўйича судья унинг ўзига хос хусусиятини эътиборга олиши шарт. Маъмурий юстиция органлари ишни мустақил қўзғатишга ҳаққи йўқ. Бунинг учун асос бўлиб ҳукумат ва давлат органлари талаблари, фуқароларнинг шикоятлари, умумий ҳуқуқ судлари чиқарган ишни бериш ҳақидаги қарорлар ҳисобланади.

Маъмурий юстиция унга юклатилган масъулиятли республика қонунчилиги талабларига ижро-бошқарув фаолиятининг мос келишини назорат қилиш функциясини амалга оширади. Лекин бу билан унинг вазифалари доираси йўқолиб кетмайди. У мамлакат сиёсий ва иқтисодий ҳаётида муҳим роль ўйнайди. Унга, жумладан, қонунда кафолатланган фуқаро эркинликларини таъминлаш, амалдор шахсларнинг ноқонуний ҳаракатлари билан етказилган зарарни қоплаш ҳақидаги даъволар бўйича ишларни ҳал этиш, корхона раҳбарлари хўжалик фаолияти асослари қонунийлигини назорат қилиш вазифалари юклатилган. Кўпгина даъво аризаларида хизмат бурчини бажариш пайтида амалдор шахслар етказган зарарни қоплаш ёки амалнинг ошиши лавозимнинг алоҳида ҳуқуқларини суиистеъмол қилиш билан боғлиқ бошқарув қарорларини бекор қилиш ҳақида талаб қўйилади.

Саломат Ниёзова,
ТДЮУ Жиноят ҳуқуқи, криминология
ва коррупцияга қарши курашиш
кафедраси профессор вазифасини бажарувчи, ю.ф.д.

 

 

 

 

 

 

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг