Давлатдаги мавжуд ҳокимият маьлум принцип асосида тақсимланади. Бу “давлат ҳокимиятининг бўлиниш принципи”деб аталади. Мазкур принципга кўра, давлат ҳокимияти бир-бири билан чамбарчас боғланган ва айни вақтда маълум мустақилликка эга бўлган уч шаҳобчага бўлинади: Қонун чиқарувчи ҳокимият, ижро этувчи ҳокимият ва суд ҳокимияти. Ана шу уч ҳокимият давлат ҳокимиятини ташкил этади. Ушбу принцип давлат ҳокимияти органларининг мувозанатини ва тенглигини таъминлайди. Мазкур принципнинг оқилона амалга оширилиши орқали давлатда бирор бир орган ёки шахс томонидан диктатура ўрнатилишининг олди олинади, давлат бошқаруви амалга оширилишининг идеал мувозанати таьминланади, давлат органларининг самарали фаолият юритиши учун замин тайёрланади. Ушбу принцип давлат ҳокимияти органларининг келишиб, бир-бирини назорат қилиб ўзаро уйғунликда ишлашига имкон яратади. Шунинг учун ҳам ҳокимиятнинг бўлиниш принципи қарор топиши демократик жамиятга хос жиҳатдир. Ривожланган ва демократия қарор топган давлатларда бўлгани сингари, Ўзбекистон Республикасида ҳам давлат ҳокимияти учга бўлинган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 11-моддасида қўйидаги ҳуқуқий норма белгилаб қўйилган: “Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланади”.

Бугун биз ушбу тизимнинг муҳим бўғини бўлган суд ҳокимияти мустақиллиги ва уни ҳақиқатан рўёбга чиқариш борасида фикрлашмоқчимиз.

Албатта, Президент “Суд бирон-бир мансабдор шахснинг қўли етадиган идорага айланиб қолишига мутлақо йўл қўймаслик шарт. Шу сабабли уларнинг суд ишларига аралашгани ёки судга босим ўтказгани учун жавобгарликни кучайтириш лозим”, деб таъкидлаганидан ҳам англаш мумкинки, бу олий давлат идоралари доирасида эътибор қаратилиши керак бўлган жиддий мавзу.

Зеро, судья фақат қонунга асосланиб қарорлар чиқарсагина адолат таъминланади.

Бироқ, амалда ҳақиқатан ҳам судларимиз ўз ваколатлари доирасида адолатни таъминлай олаяптими? Афсуски, бундай эмас.

Биргина 2019 йилнинг ўзида 58 мингдан ортиқ фуқаро ва тадбиркорлар судлардаги сарсонгарчиликларга нисбатан турли давлат ташкилотларга ва юқори турувчи инстанцияларга ўз эътирозлари билан мурожаат этган.

Аммо суд шундай жараёнки, унда кимдир ютса, кимдир ютқазади. Аслида, адолатни қарор топтириш тамойили шуни тақозо этади. Лекин бу қарорлар ҳар доим ҳам қонун ва адолат нуқтаи-назаридан қабул қилинмаётганлиги суднинг мустақил ҳокимият сифатидаги нуфузига жиддий таъсир кўрсатмоқда. Бундай қарорларни судлар муайян ҳолатда уларга ўтказилаётган босим натижасида қабул қилаётган бўлишлари мумкин.

Бизнинг фикримизча, бундай босимлар қуйидаги кўринишларда намоён бўлмоқда:

1) Мамлакатимизда судлар очиқ-ошкор (ёпиқ суд мажлислари бундан мустасно) фаолият юритади. Суд жараёнларида ҳар ким бемалол иштирок этиши мумкин. Аммо айрим журналистлар суд жараёнига иштирок этаркан, ҳали суд ҳукми ёки қарори ўқиб эшиттирилмай туриб, бу ҳақда тахминий муносабатларини сайтларида эълон қилади. Бу ҳам – судга, судьяга босим ўтказишнинг бир кўринишидир.

Бу билан судьялар мутлақо хато қилмайди, деган фикрдан йироқмиз, албатта. Судья ҳам муттасил ишлаётган одам. Демак, у хато қилиши, камчиликларга йўл қўйиши мумкин. Агар судья хато қилса уни жавобгарлигини кўриб чиқадиган ваколатли ташкилотлар томонидан ушбу масала ҳал қилиниши лозим.

2) Суд қароридан норози бўлган тараф томонидан (агар бу судья томонидан қонуний тартибда қабул қилинган қарорга нисбатан бўлса ҳам) блогер ёки муайян ижтимоий тармоқлар орқали мавзуни бир тарафлама ёритиш ҳолатлари афсуски учраб турибди. Бу эса то масаланинг асл моҳияти ёритилмагунча судьянинг обрўси, ишчанлик қобилияти ва маънавий ҳолатига жиддий салбий таъсирини кўрсатмоқда.

Нотўғри маълумот берган фуқаролар ёки айрим блогерларнинг жавобгарлиги масаласи кўп ҳолатларда очиқ қолмоқда ва улар “сўз эркинлиги”дан бир тарафлама манфаат йўлида фойдаланмоқдалар.

3) Ижро ҳокимиятига жуда катта ваколатлар берилганлиги ҳам судларга босим ўтказиш ҳолатларига сабаб бўлмоқда. Албатта, кейинги йилларда ижро этувчи органлар тизимининг ислоҳ қилиниши ўз ижобий самарасини бермоқда. Бизнинг фикримизча, айнан шу йўналишдаги ислоҳотлар янада кенгроқ давом эттирилиши лозим. Бу суд тизимининг ҳақиқий мустақил орган сифатида нуфузи ошишига ижобий таъсир қилади.

Бош қомусимизнинг 112-моддасида ҳам “Судьялар мустақилдирлар, фақат қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади”, деб қайд этилган.

Бундан ташқари Жиноят кодексининг 236-моддасида суд ишларини ҳал этишга аралашиш учун аниқ жиноий жавобгарлик белгилганган.

Хулоса қилганда, суд тизимига алоқадор бўлган юқорида санаб ўтилган муаммоларни йўқотишда аниқ механизмларини белгилаш, суд фаолиятига ҳар қандай кўринишда аралашишни бартараф этиш адолатли қарорлар қабул қилишнинг муҳим шарти ҳисобланади.

Суннатилла Раҳмонов,
Чилонзор туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси

 

 

 

 

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг