Судья ҳам ўз дахлсизлигини чуқур ҳис қилиши керак… Йўқса…

1

Судьялар суд ҳокимиятининг рамзи ва вакиллари ҳисобланади. Суд ҳокимияти ҳокимиятнинг бир тармоғи сифатида қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан мустақил ҳолда фаолият юритади.

Судьяларнинг мустақиллиги ва фақат қонунга бўйсунишини таъминлашда уларнинг дахлсизлиги муҳим аҳамият касб этади. Судьяларнинг мустақиллиги ва дахлсизлиги Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Судлар тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Қонунлари билан кафолатланади.

Судьянинг дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланиши фақат юридик соҳа вакилларини ўзига жалб қилиб қолмасдан, балки кенг омманинг ҳам доимий эътибори марказида ҳисобланади. Айнан судьянинг дахлсизлиги тамойили одил судловнинг асосини ташкил этадиган Конституциявий тамойилларнинг ичида энг муҳими ҳисобланади. Қаерда судьянинг дахлсизлиги таъминланмаса, шу ерда қонунбузилишига йўл қўйилади, бу ерда адолат бўлмайди ва унинг қарор топиши ҳам мумкин эмас.

Судьянинг дахлсизлиги уларнинг одил судловни амалга оширишда ҳуқуқларининг чекланишининг олдини олиш, уларга бу вазифани бажаришда ҳар қандай аралашувга чек қўйишда муҳим ўрин тутади. Ушбу қоида халқаро ҳужжатлар ҳисобланувчи “Суд органларининг асосий тамойиллари тўғрисида”ги халқаро конвенцияга ҳам монанддир.

Судьялар дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланади

Судьялар дахлсизлиги тамойили суд тизимининг қайси бўғинида, қандай лавозимида ишлашидан қатъи назар барча судьяларга тааллуқли ҳисобланади. Судьялар дахлсизлиги кафолати одил судловни амалга оширишда қайси турдаги ишни кўришдан қатъи назар, суд фаолиятининг бутун доирасига тегишлидир. Бундан ташқари, ушбу тамойил судьянинг хизматдан ташқари фаолиятини ҳам ҳимоя қилишга қаратилган.

Конституциямиз ҳамда “Судлар тўғрисида”ги Қонунда белгиланган кафолатга мувофиқ судьянинг шахси дахлсиз. Судьянинг дахлсизлиги унинг турар жойига, хизмат хонасига, фойдаланадиган транспорти ва алоқа воситаларига, хат-хабарларига, унга тегишли ашёлар ва ҳужжатларга тааллуқлидир.

Судьяга нисбатан жиноят иши фақат Бош прокурор томонидан қўзғатилиши мумкин. Жиноят ишини қўзғатишда қонунийлик ва қабул қилинадиган қарорнинг асосланганлигини Бош прокурор шахсан ўз зиммасига олади.

Судьяларни жиноий жавобгарликка тортиш, қамоққа олиш учун Судьялар олий кенгашининг хулосаси ҳамда Олий суд Пленумининг розилиги талаб этилади. Ўз ўрнида амалдаги қонун нормалари бўйича судьяларга нисбатан жиноят ишини қўзғатиш тартиби бир неча босқичдан иборат бўлиб, бу судьяларнинг асоссиз равишда қамоққа олиниши, уларнинг жиноий жавобгарликка тортилишининг олдини олади.

“Судлар тўғрисида”ги Қонун 70-моддасининг бешинчи қисмига кўра судья Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг хулосаси олинмасдан маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин эмас. Мазкур ҳуқуқий норма ҳам судьяларни асоссиз равишда маъмурий жавобгарликка тортилишини олдини олади.

Судья дахлсизлиги кафолати масаласини кўришда уларни шахсий тинтув қилиш ва кўздан кечириш масаласига ҳам тўхталиб ўтиш ўринлидир. “Судлар тўғрисида”ги Қонун 70-моддасининг олтинчи қисмига кўра судьянинг турар жойига ёки хизмат хонасига, фойдаланадиган транспортига кириш, уларни кўздан кечириш, уларда тинтув ўтказиш ёки улардан ашёни олиш, телефондаги сўзлашувларини эшитиш, судьяни шахсан кўздан кечириш ва уни шахсий тинтув қилиш, шунингдек унинг хат-хабарларини, унга тегишли ашёлар ва ҳужжатларни кўздан кечириш, олиб қўйиш ёки олишга фақат Қорақалпоғистон Республикаси прокурорининг, вилоят, Тошкент шаҳар прокурорининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурорининг рухсати ёки суднинг қарори билан йўл қўйилади.

Судьянинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди

Таъкидлаш керакки, судларнинг мустақиллигини таъминлашда уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмаслиги ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши каби қоидаларнинг қонунларда белгилаб қўйилиши муҳим аҳамият касб этади.

Судьялар олий кенгаши томонидан Суд ишларини ҳал қилишга аралашганлик ҳолатларини аниқлаш, бу ҳақда хабар берган судьяларнинг дахлсизлигини таъминлаш бўйича тартиб қабул қилинган.

Суд ишларига аралашиш икки хил кўринишда, яъни ташқи ёки ички тарзда бўлиши мумкин. Бундай аралашувларнинг ижтимоий хавфлилиги шундан иборатки, ушбу ҳаракат орқали суд ҳокимиятининг обрўсига, аҳолининг судга бўлган ишончига путур етади, суд қарорларининг қонуний, асосли ва адолатли бўлиши шартлиги тўғрисидаги қоидалар бузилади, фуқаролар, корхоналар, ташкилотлар, муассасалар ва жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига зарар етади.

Шу сабабли, суд ишларини ҳал қилишга аралашганлик ҳолатлари аниқланган пайтда судьянинг зудлик билан Судьялар олий кенгашига хабар бериши бундай салбий оқибатлар юзага келишининг олдини олади.

Агар судья томонидан берилган бундай хабар судьялар малака ҳайъатларига келиб тушган бўлса, тегишли судьялар малака ҳайъати дарҳол бу ҳақда Судьялар олий кенгашини хабардор қилиши шарт.

Ўз ўрнида таъкидлаш лозимки, хабар берилганлиги сабабли судьяга нисбатан таҳдид мавжудлиги аниқланса, суд ишларини ҳал қилишга аралашганлик ҳолатлари ҳақидаги хабар берган судья, унинг оила аъзолари ва яқин қариндошларининг хавфсизлиги таъминланади, зарур ҳолларда уларга тегишинча Олий суди раиси, адлия вазири томонидан белгиланадиган рўйхат бўйича ўқотар қурол берилади, тегишли суд раисининг қарорига биноан ички ишлар органи томонидан судья ва унинг оиласи учун қуролли соқчилар ажратилади.

Мабодо суд ишларини ҳал қилишда кимдир аралашса нима бўлади?

Суд ишларини ҳал этишга аралашганлик учун Жиноят кодексининг 236-моддасида жавобгарлик белгиланган бўлиб, унга кўра суд ишларини ҳал этишга аралашиш, яъни ишнинг ҳар томонлама, тўла ва холисона ўрганилишига тўсқинлик қилиш мақсадида адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқарилишига эришиш мақсадида судьяга турли шаклда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиш уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракат мансабдор шахс томонидан содир этилган бўлса, муайян ҳуқуқдан маҳрум этиб уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Хулоса ўрнида…

Судьяларнинг мустақиллиги ҳамда дахлсизлигининг қонун даражасида кафолатланганлигини, ушбу кафолатларнинг бузилганлиги учун жавобгарликнинг белгиланганлигини судьяларимиз аниқ, равшан тушунишлари, ҳис қилишлари лозим. Судьяларнинг ушбу кафолатлар бузилишидан ҳимояланишнинг белгиланган самарали усулларидан фойдаланишлари эса ҳозирги замон талабларидан бири ҳисобланади ҳамда суд ҳокимияти мустақиллигини янада мустаҳкамланишига олиб келади.

Муҳаммад КАЮМОВ,
жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди судьяси  

 

 

 

 

 

 

 

 

 

1 та изоҳ

  1. Давлатимиз томонидан судьяларни бундай юкори химоялаш уларни дахлсизлигини таьминлаш бу албатта халк розилигини олишда давлатимизнинг сай харакатларидан бири десак адашмаймиз чунки улар конун бузилганда уни тартибга солувчилар десак адашмаймиз.
    Аммо баьзи бир кавс ичидаги судьялар шундай имкониятлардан шароитлардан фойдаланиб конун нормаларига амал килмаган холда адолатсиз хал килув карорларию ажримларини чикаришларини давлатга килаетган хиенат деб айтса булади. Шундайларга мисол килиб Тошкент шахар фукаролик ишлари буйича Мирзо Улугбек туманлараро суди раиси Ражабов Шерзод, Тошкент шахар фукаролик ишлари буйича суди судьялари Алмамедов, Зиганшина,Тангабаев, Узбекистон Республикаси Олий суди судьялари Болтахаджаева, Тангабоевлар бунга яккол мисол була олади чунки буларни ноконуний кабул килган хал килув карорлари ажримларига узим гувох булганман, бугунги кунда мамлакатимиздаги хурматга сазовор юристларга шуларни кабул килган карорларини маслахат учун курсатилганда улар бундай купол хатони судья килиши мумкин эмаслиги бу факат касддан килинишини таькидлашган лекин буни бошидан утказган фукаро албатта давлатдан норози булиши турган гап лекин буни бошкача кабул килиш керак, давлатимиз шундай судьяларга нисбатан чора куриш керак конун доирасида ахир конунда судьяларни килган хиенатларига жазо борку.