Судьяга нисбатан ҳурматсизликка судьялар қандай муносабат билдирмоқда?

0

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон тумани ва Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида рўй берган воқеалар, яъни судьяларга нисбатан ҳокимият ва ички ишлар органлари мутасаддиларининг муносабати жиддий муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Сабаби, жамият ҳаётида адолат қарор топишида ҳал қилувчи аҳамият касб этадиган судьяларга нисбатан бундай “меҳрибонлик” турган гапки, кўпчиликни қизиқтириши табиий.

 Қуйида эътиборингизга тақдим этилаётган давра суҳбатида ҳуқуқий демократик давлат ва очиқ фуқаролик жамияти шароитида содир бўлиши мутлақо мумкин бўлмаган ушбу воқеа-ҳодисалар тафсилотлари ҳақида эмас, балки судьяларнинг бу воқеаларга нисбатан фикр-мулоҳазалари билан яқиндан танишасиз.

 Ҳолмуҳаммад ҲАСАНОВ, Тошкент шаҳар маъмурий суди судьяси:

— Дастлаб, алоҳида таъкидлашни истардимки, менинг бу воқеаларга (Жарқўрғон тумани ва Гулистон шаҳрида рўй берган воқеаларни назарда тутаяпман) нисбатан айтадиган фикрларим кимнидир қоралаш ёки кимнидир оқлаш нуқтаи назаридан айтилаётган фикр-мулоҳазалар сифатида қабул қилинмаслиги керак. Сабаби, бу воқеаларга қонуний баҳо бериш тегишли органларнинг текширувлари асосида амалга оширилади.

Лекин бугун Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва ғояси асосида янги Ўзбекистоннинг стратегик мақсадига айланган “адолат қарор топиши” керак бўлган жамиятда судьянинг дўппосланиши ақлга сиғмайдиган ҳодиса. Дейлик, судья ёки судьянинг ҳайдовчиси карантин қоидаларини бузди. Ҳали ҳар иккала ҳолатда ҳам судья ёки судья ҳайдовчиси томонидан қоидабузарлик содир бўлганлиги ўз тасдиғини топганича йўқ. Ҳуқуқшунос сифатида қатъий айтаманки, шундай бўлган тақдирда ҳам уни дўппослаш ёки кўпчиликнинг олдида шарманда қилишга уриниш мутлақо мумкин эмас. Бу ҳолатда судьяга нисбатан қўпол ҳаракат, тан жароҳати етказилиши ноқонуний ва “махсус объект” сифатида баҳоланиши шарт.

Судья ва унинг оила аъзолари, шунингдек, суд ходимларига нисбатан қилинган тазйиқ, босим, ҳуқуқбузарлик ҳаракатлари ҳар бир ҳолатда синчиклаб ўрганилиши, жиноий қилмиш нуқтаи назаридан қиёсий ўрганилишни тақозо қилади. Ваҳоланки, бундай ҳуқуқий баҳо берилишни четлаб ўтиш ёки ҳодисага нисбатан “кўз юмиш” “суд мустақиллиги ва судьялар дахлсизлиги”га путур етказилишини рағбатлантиради.

“Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 68-моддасида “Давлат органлари ва бошқа органлар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар судьяларни ҳурмат қилиши ва уларнинг мустақиллигига риоя этиши шарт.

Судьяга нисбатан ҳурматсизлик қилиш, шунингдек, уни очиқдан-очиқ менсимасликдан далолат берувчи хатти-ҳаракатлар қилиш қонунга биноан жавобгарликка сабаб бўлади” деб белгиланган.

Ўрни келганда судьяларнинг дахлсизлигига салбий таъсир кўрсатадиган бир қатор омилларни санаб ўтмоқчиман. Биринчидан, судьялар касб фаолиятининг ўзига хослигидан келиб чиқиб, улар учун махсус соғломлаштириш маркази ташкил этилиши керак деб ҳисоблайман. Буни бежиз айтаётганим йўқ. Сабаби, кўпчилик билан бирга даволанган судья ўзининг касб сирларининг очилишига йўл қўяди. Мен буни бир неча ҳаётий мисоллар билан исботлашим мумкин. (Лекин ҳозир бунинг вақти эмас).

Иккинчидан, судьяларнинг жойларга чиқиб тарғибот-ташвиқот қилиши ҳам баъзи бир англашилмовчиликларни келтириб чиқаради. Негаки, таъбир жоиз бўлса, судьянинг ҳар бир воқеа-ҳодисага нисбатан билдирган фикри – “вердикт” каби қабул қилиниши, яъни мажлисда ўзининг савол-жавоблари билан қатнашаётган оддий иштирокчилар “фалончи судья фалон гапни гапирди”, деб жойларда нотўғри талқин этиб қўйиши мумкин. Ҳатто келгусида кўриб чиқадиган ишида судьянинг ўзига нисбатан аргумент сифатида фойдаланиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.

Президент раислигида 30 июнь куни мана шу ислоҳотларни изчил давом эттириш, одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида Сурхондарё вилоят ҳокими томонидан кўтарилган судьяларга хизмат уйларини қуриб бериш масаласи жуда ўринли. Дарвоқе, Давлатимиз раҳбари ҳам буни қўллаб-қувватлади. Амалиётда кўпчилик судьялар ўзи доимий яшамайдиган вилоят ва туман марказларига судьялик лавозимига тайинланади. Табиийки, у жойда унинг ўзига тегишли уйи йўқ. Демак, кимнингдир уйида ижарада туришга ёки узоқ масофадан қатнаб ишлашга мажбур бўлади. Бу ҳолат эса, судьянинг профессионал фаолиятига жиддий салбий таъсир кўрсатади.

Ҳусан ТУРСУНОВ, Қарши туманлараро иқтисодий суди судьяси:

— Куни кеча ижтимоий тармоқларда тарқалган Жарқўрғон туманида туман ҳокими, ички ишлар бўлими вакилларининг давлат ҳокимиятининг учинчи тармоғи ҳисобланмиш суд идораси вакилларига нисбатан омма олдида очиқдан очиқ қўпол муносабатлари, ҳунук ва беписанд, ўрни келса “тажовузкорона, зўравонлик” руҳидаги хатти-ҳаракатлари жиддий муҳокама ва эътирозларга сабаб бўлди.

Албатта, рўй берган ушбу ҳолатларда кимнинг айби бор ёки йўқлиги ҳақида тез кунларда ваколатли идоралар ўзининг холис хулосасини беради, ишонаманки, айбдор томон қилмишига яраша муносиб жазосини олади. Лекин бўлиб ўтган мазкур жараёнларни кузата туриб, мамлакатимизда Президентимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг маъно-мазмунини, туб моҳиятини ҳали-ҳануз англаб етмаётган, кечирасиз-у, “салла деса каллани олиб келадиган” ҳуқуқий нигилизм тафаккурига эга масъуллар борлиги кишини ажаблантирди, афсуслантирди.

Ахир наҳотки, яқиндагина Давлатимиз раҳбарининг судьялар билан бўлиб ўтган учрашувда суднинг мустақиллиги ва дахлсизлигини таъминлашда илгари сурган ташаббусларини, халқ ишончини қозониш учун нималар қилишимиз кераклиги ҳақида айтган фикрларини, ижро ҳокимияти вакилларига берган топшириқларини туман раҳбарлари эшитмаган бўлса?!

Майли, эшитган бўлса ҳам хулоса қилмаган дейлик, лекин туман раҳбарининг ҳаракатларига танганинг қайси томони билан қарамайлик, на қонун томонидан, на этика-эстетика томондан ҳам барибир ҳеч бир ҳолатда оқлаб бўлмайди. Чунки сектор раҳбарининг суд ҳокимияти вакилига нисбатан биргина ноўрин айтган гаплари, ўзини тутиши кўпчиликда турли хил хулосалар келиб чиқишига сабаб бўлди.

Энди, ўзингиз бир ўйлаб кўринг, туман ҳокимининг ички ишлар ходимига қараб “протокол қил” деб топшириқ беришга қандай ваколати бор? Ишга кетаётган суд идорасининг хизмат машинаси калитини суғириб олишга ҳаракат қилиб, дахл қилишга, халқ олдида обрўсизлантиришга нима ҳаққи бор? Ёки туманнинг йўлбошчиси ўзи сингари ҳокимият раҳбарига шундай муомалада бўлса, оддий одамларни қандай эшитаркан, уларга қандай муносабатда бўларкан деган фикрлар хаёлимдан кўп ўтди.

Айниқса, туман раҳбари бошчилик қилган ўзига хос «спектаклга” гувоҳ бўлган одамларда, қолаверса, интернет орқали буни кўрган бутун халқаро жамоатчиликда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, инсон ҳуқуқлари устуворлиги, суд мустақиллиги, судья дахлсизлигини таъминлашдаги амалий ишлар ҳақида қандай тасаввур уйғотиши мумкин?

Энг муҳими, бугун халқ ишончини қозонишдек судлар олдида турган бирдан бир юксак вазифани рўёбга чиқаришимизда бундай салбий ҳолатларнинг юз беришига қандай қилиб туман раҳбарларининг ўзи сабабчи, иштирокчи бўлиб қолиши мумкин. Буни қандай изоҳлаш мумкин?

Ана кўрдингизми, бир туманда шу юрт ривожи учун бир мушт бўлиб ҳамкорликда ишлаш ўрнига суд ҳокимияти имиджини туширишга қилинган ҳаракатлар замирида қанчадан қанча саволлар пайдо бўлди. Хулоса эса, ўзингиздан…

Сарвар СОЛИЕВ, Тошкент туманлараро иқтисодий суди раиси:

— 2020 йил 12 июль куни Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг расмий сайти uza.uzда “Жарқўрғонда судьялар омма олдида обрўсизлантирилди, суд ходими эса дўппосланди” сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Унда Жарқўрғон тумани марказига киришдаги блок постлардан бирида суд ходимларининг ҳаракатланишига тўсқинлик қилиниб, судьялар обрўсизлантирилгани, ҳайдовчилардан бирига тан жароҳати етказилгани баён этилган эди.

Орадан кўп вақт ўтмай, яъни 2020 йил 14 июль куни яна ўша сайтда “Судьялар дахлсизлигига дахл қилиш қонунни рад этиш эмасми?” сарлавҳали мақола чоп этилди. Унда Гулистон шаҳрига киришдаги
блок-постлардан бирида судьяга нисбатан қўполлик қилингани, ҳатто уни шахсий автомашинасидан тушириб, куч ишлатилгани ҳақида хабар берилди.

Юқоридаги ҳар икки ҳолат айни вақтда ўрганилаётганлиги ва якунда қонуний ечимини топиши ҳамда айби тасдиқланган шахслар, албатта, жазоланишига ишонган ҳолда бу ҳақда кейинроқ фикр юритамиз.

Аммо судьялар дахлсиз эканлиги, уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш тақиқланиши қонун ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйилганлиги эътибордан четда қолдирилмаслиги лозим.

Хусусан, “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни
70-моддасининг олтинчи қисмида судьянинг турар жойига ёки хизмат хонасига, фойдаланадиган транспортига кириш, уларни кўздан кечириш, уларда тинтув ўтказиш ёки улардан ашёни олиш, телефондаги сўзлашувларини эшитиш, судьяни шахсан кўздан кечириш ва уни шахсий тинтув қилиш, шунингдек унинг хат-хабарларини, унга тегишли ашёлар ва ҳужжатларни кўздан кечириш, олиб қўйиш ёки олишга фақат Қорақалпоғистон Республикаси прокурорининг, вилоят, Тошкент шаҳар прокурорининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурорининг рухсати ёки суднинг қарори билан йўл қўйилиши белгиланган.

Судья – бу Конституция ва қонунга мувофиқ одил судловни амалга оширишга ваколат берилган ва ўз мажбуриятларини профессионал даражада бажарадиган шахсдир. Унга жамиятдаги ўта масъулиятли вазифалар, жумладан, инсонларнинг тақдирига, фуқаролар ва юридик шахслар ҳуқуқ ва манфаатларига таъсир кўрсатадиган қарорларни қабул қилиш, қонунчилик ва ҳуқуқий тарғиботни сақлаш кабиларни амалга ошириш юклатилган. Суд ҳимоясини тўлиқ ва самарали амалга ошириш учун эса суд ҳокимияти ҳақиқатан ҳам мустақил, судьялар эса дахлсиз ва чинакам эркин бўлиши талаб этилади.

Абдуллажон МУХИДДИНОВ, Тошкент шаҳар Чилонзор туман маъмурий суди раиси:

— Тўғрисини айтганда, интернет сайтида берилган ва бугун кўпчиликнинг жиддий эътирозига сабаб бўлган ҳар иккала воқеани ўқиб, таажжубга тушдим. Юқорида ҳамкасбларим томонидан таъкидлаб ўтилганидек, мен ҳам кимнидир танқид қилиш ёки кимникир ноҳақ деб топиш фикридан йироқман. Интернет нашрларида Бош прокуратура матбуот хизмати мазкур ҳолат юзасидан Сурхондарё вилояти прокуратураси томонидан ўтказилган текшириш натижасига кўра, Жиноят кодексининг 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинди. Тергов ҳаракатлари Бош прокуратура томонидан назоратга олинган. Демак, бу ҳолатга қонуний баҳо берилади.

Лекин гап шундаки қонун устувор бўлган адолатли жамиятда бундай воқеанинг содир бўлиши мутлақо ўнғайсиз. Ҳеч қандай эҳтиросга берилмаган ҳолда айтиш керакки, агар ростдан ҳам (Жарқўрғондаги ҳолатда ҳам Гулистондаги вазиятда ҳам) судья ёки судьянинг ҳайдовчиси йўлнинг қарама-қарши томонидан юриб, карантин пайтида тирбандликни келтириб чиқарган бўлса, уларга нисбатан куч ишлатиш мумкин эмас. Агар қоидабузарлик деб баҳоланса, тегишли тартибда баённома расмийлаштириш керак. Қонун бўйича шу йўл тўғри бўлади.

Судьялар ва суд тизими ходимларининг тарафини олмаган ҳолда холис айтаманки, куни кеча рўй берган ҳар иккала ҳолат ҳам бугунги кунда Давлатимиз раҳбари томонидан судларга қўйилган талаб, яъни судни “адолат уйига айлантиришга” жиддий салбий таъсир кўрсатади. Қонун нуқтаи назаридан судьяларнинг мустақиллиги, дахлсизлиги, улар фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслигининг давлат томонидан кафолатланиши белгиланган.

Тегишли қонун ҳужжатларида белгиланган кафолатларга кўра, судьянинг шахси дахлсиз ҳисобланади. Судьянинг дахлсизлиги унинг турар жойига, хизмат хонасига, фойдаланадиган транспорти ва алоқа воситаларига, хат-хабарларига, унга тегишли ашёлар ва ҳужжатларга тааллуқлидир.

Худди шу масала бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаевнинг фикрлари кишини ўйлашга, кенгроқ мушоҳада қилишга чорлайди. Сиз ҳам Парламент аъзосининг фикрига яна бир бор қулоқ тутинг ва ўзингиз хулоса чиқаринг. “Фикри ожизимча мана шундай зўравон, уқувсиз, маданиятдан йироқ бўлса ҳам адашиб лавозимга келиб қолганларнинг дастида карантин жараёни салбий кўрсаткичлар билан ўтаяпти, одамларда нафрат, ғазаб ва ишончсизлик ортиб, тартибга атайин бўйсунмаслик кайфияти кучаймоқда”.

 Арслон ЭШМУРОДОВ суҳбатлашди.