Суицидгача олиб борганлик учун қандай жавобгарлик бор?

0

Сатистик маълумотларга кўра, ўзини ўзи ўлдириш жаҳонда ўлимнинг келиб чиқиш сабаблари рўйхатида 8-ўринда туради. Ҳар йили бир миллионга яқин одам суицид оқибатида ўлиши, 10 миллиондан 20 миллионга яқин одам эса ўзини ўзи ўлдиришга уриниши кўрсатиб ўтилади. Ҳар йили 1 100 000 шахс ўз жонига қасд қилади. Шулардан: 300 000 таси хитойликлар; 160 000 таси ҳиндлар; 37 000 таси америкаликлар; 30 000 таси руслар; 30 000 тасини японлар ташкил қилади. 16 000 таси эса французлар; 10 000 таси украинлардан иборатдир.

Ўз жонига қасд қилишга нима сабаб бўлмоқда?

Жаҳонда суицид, яъни ўзини ўзи ўлдириш ҳолати юзага келишининг бир қанча сабаблари мавжуд, улардан энг асосийлари, жавобгарликдан, жазодан қутулиш; оилавий низолар (ота-бола, қайнона-келин ўртасидаги келишмовчиликлар); иқтисодий инқирозлар (банкротлик, қарзга ботиб кетиш, ишсизлик); ишдаги (ўқишдаги) муаммолар; бахтсиз (жавобсиз) муҳаббат, эрнинг ёки хотиннинг хиёнати; ҳаётидан қониқмаслик, зерикиш, ўз ўрнини тополмаганлик, ёлғизлик; яқин инсонларидан бирининг ёхуд машҳур кумирининг ўлими; руҳий ҳолатнинг бузилиши, руҳий хўрланиш (номусга тегиш, калтаклаш каби жисмоний зўрликлар оқибатида); соғлиқ билан боғлиқ муаммолар, гиёҳвандлик, алкоголизм; диний фанатизм каби оқибатлар натижасида ўзини ночор, касалманд, ҳеч кимга кераксиздек ҳис этиш ёки ўз оғирлигини яқинларига солишни хоҳламаслик ёхуд ўз шаъни, қадр-қиммати камситилишидан, шарманда бўлишдан, қораланишдан қўрқиб ўзини ўзи ўлдириш ҳолатлари вужудга келишини кузатиш мумкин.

Масалан, А. 2008 йилда Б. билан қонуний никоҳдан ўтиб, 3 нафар фарзанд кўришган. Турмуш даврида А. турмуш ўртоғи Б.ни асоссиз рашк қилиб, унинг шаъни ва қадр-қимматини муттасил равишда таҳқирлаб, уни бегона эркаклар билан хиёнат қилаётганликда гумонлаб, ҳақоратлаб келган.

Шунингдек, А. Б.ни 42-маҳалладаги тўй ва бошқа маросимларга, иш жойида ўтказиладиган маросимларга боришини тақиқлаб, унинг эркин ҳаракатланишига тўсқинлик қилиб, мунтазам равишда маънавий азоб бериб, камситиб келган. Жумладан, 2016 йил 26 апрель куни қўшниси Ж.ни уйида бўлаётган тўй маросимида хизмат қилиб, ишларга қарашиб юрган турмуш ўртоғи Б.ни соат 12:00 ларда тўйхонадан чақириб олиб, унинг тўй маросимларда қатнашишига  тўсқинлик қилган. Шундан сўнг соат 12:30 лар атрофида Б. ўзининг яшаш хонадонидаги ошхона ичида ўзига ўзи ўт қўйиб, ўз жонига қасд қилган ҳамда кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, 2016 йил 2 май куни касалхонада вафот этган.

Бу сабаблар инсонни руҳий танг­лик ҳолатига олиб келади-ки, бунда ёлғизлик ҳисси, ваҳима кучайиши, ишончнинг йўқолиши, ҳаётга умидсизлик кайфияти, яшашдан мазмуннинг хиралашиши, ўзига нисбатан баҳолашнинг паст даражага тушиб қолиши кузатилади. Айни пайтда кишининг қисқа муддатда ўзини ўзи бошқариб бўлмайдиган ҳолатга тушиши бошдан кечирилади. Хатарли жиҳати шундаки, шахс ўз бошидан кечираётган муаммолар гирдобига тушиб қолади, ўзини чорасиз сезади, ғам-ғусса, ваҳима уни ҳар томонлама ўраб олади. Ягона чора ўзини ўзи ҳалок этиш бўлиб туюлади.

Масалан, А. муттасил равишда хотини Б.ни ҳақоратлаб, қадр-қимматини камситиб келган. Б. ўзини чорасиз сезади, ғам-ғусса, ваҳима уни ҳар томонлама ўраб олади натижада аёл ўз устига керосин қуйиб ўзини ўзи ўлдириш даражасига етган.

Тадқиқотлар натижасига кўра, тиббий нуқтаи назардан ўз жонига қасд қилганларнинг аксариятига руҳий ҳолатнинг кучли бузилиши (депрессия) ташхиси қўйилган. Шунга мувофиқ, Япония давлатида биринчи навбатда бундай ташхис қўйилган беморга тегиш­ли даволаш усулларини қўллаш учун биринчи навбатда руҳий ҳолатни нима сабабдан бузилганлигини ўрганиш муҳим саналади.

Ўзини ўзи ўлдириш билан бир қаторда, ўзини ўзи қурбон қилиш тушунчаси ҳам мавжуд. Бу тушунча кўпроқ диний мафкуралар билан боғлиқ бўлиб, бунда ўз жонини дин учун ёхуд уруш пайтида Ватан учун, халқ манфаатларини кўзлаб ўзини ўзи фидо қилиш (шаҳид бўлиш) кабилар билан боғлиқ. Тарихга назар ташласак, суициднинг Харакири (Япония) ва Сати (Ҳиндистон) каби шаклларини ҳам кузатишимиз мумкин.

Афсуски, ҳозирда ўзини бошқара олмаслик, ўзига ишончсизлик, сабрсизлик натижасида, айниқса, сўнгги ўн йил ичида ёшлар ўртасида ўзини ўзи ўлдириш 3 баробарга ўсди. Ҳар йили 15-19 ёшлар атрофидаги ўсмир, вояга етмаганларнинг ҳар ўн иккинчиси ўз ҳаётига қасд қилишга ҳаракат қилиб кўрмоқда.

Мисол: Ш. ўгай отаси И.нинг унга қилган доимий муносабати ўз жонига қасд қилишига сабаб бўлган. И. 14 ёшли ўгай қизи Ш.ни доим зўрлаб келган. Бирор шахсга бу ҳақда айтса, ўлдириш билан қўрқитган. Натижада Ш. ўз жонига қасд қилган.

Ўзини ўзи ўлдирган кўпчилик балоғат ёшида бўлган ўсмирлар кўп ҳолларда айнан ўзларининг ота-онаси, ўқитувчиси, ўртоқлари умуман, у билан таниш бўлганларнинг ўзлари билмаган ҳолда ва хоҳламаган ҳолда жабрланувчига нисбатан раҳмсиз муомалада бўлиши натижасида иродаси бўшлиги сабабли шу даражага келиб қолади.

Бундан ташқари, бугунги кунда “буллинг” тушунчаси ҳам оммалашиб, ижтимоий тармоқларда кенг тарқалмоқда. Буллинг (bullying) – бу бировларнинг устидан кулиш, мазах қилиш орқали руҳий жароҳат етказишдир.

Кибер-буллинг (эзиш, босим ўтказиш) — ижтимоий ахборот воситалари орқали содир этилганда айниқса, ўсмирлик ёшида бўлган болалар учун оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.

Дунё миқёсида ўзини ўзи ўлдириш ҳар қайси мамлакатда деярли бир хил: ўзини осиш, ёқиш, чўктириш, заҳарлаш, кислота ичиш, вена томирларини кесиш, поезд тагига ташлаш, пичоқ санчиш, баланд бинодан ўзини пастга улоқтириш, тўппонча билан отиш каби усуллари кўп учрайди.

Статистик маълумотларга кўра, эркакларга нисбатан аёлларда ўзини ўзи ўлдиришга уриниш ҳолати кўпроқ учраб, бунда эркаклар кўпроқ ўзини отиш усулини, аёллар эса турли дори-дармон, токсик суюқ моддалар билан ўзини заҳарлаш усулини қўлайди. Бироқ эркаклар танлаган усуллар ўлим билан якунланади. Шунингдек, кўпгина суицидчилар ўлим олди ўзларидан сўнгги хат-ёзишмалар, қайдномалар ёзиб қолдиришлари кузатилган.

Сўнги йилларда Осиёнинг ривожланаётган давлатларида ёш хотин-қизлар томонидан суицид содир этилиши даражаси ўсмоқда. Оғир оилавий шароит уларда суицид хулқ-атворини шакллантириб, хусусан эрта турмуш, ёш она, паст ижтимоий мақом, оилавий зўрлик ва иқтисодий қарамлик омиллари бу аёлларда кучли тушкунликни келтириб чиқармоқда. Аксарият руҳшуносларнинг эътирофича, бундай аёллар “ҳеч ким томонидан тингланмаган” аёллардир.

Баъзида ўзини ўзи ўлдириш ҳолатига қурбон бўлганнинг ўзи сабаб бўлади, яъни жабрдийда шахснинг ўзи ҳаракат субъекти сифатида туради. Шуни айтиш жоизки, ўзини ўзи ўлдириш тўғрисидаги умумэътироф этилган фикрда айнан шу ҳолат асосий фактор ҳисобланади. Бундай ҳаракатларнинг ички сабаблари эса ушбу нуқтаи назардан маълум бир аҳамиятга эга бўлмайди.

Қандай жавобгарлик бор?

Хўш, шу ўринда бир савол туғилади, ўзини ўзи ўлдириш ёки ўзини ўзи ўлдиришга суиқасд қилиш даражасига етказиш учун қандай жавобгарлик бор?

Жиноят кодексининг 103-моддасида ўзини ўзи ўлдириш ёки ўзини ўзи ўлдиришга суиқасд қилиш даражасига етказганлик учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган.  Бу модданинг қўлланилишининг зарурий шарти ўзини ўзи ўлдириш ёки ўзини ўзи ўлдиришга суиқасд қилиш даражасига етказишга айбдор жабрланувчига раҳмсиз муомала қилгани ёки унинг шаъни ва қадр-қимматини муттасил равишда камситгани сабаб бўлганини аниқлаш талаб этилади.

Яъни, шахсни қўрқитиш, унга раҳмсиз муомала қилиш ёки унинг шаъни ва қадр-қимматини муттасил равишда камситиш натижасида уни ўзини ўзи ўлдириш даражасига ёки ўзини ўзи ўлдиришига суиқасд қилиш даражасига етказиш — уч йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар:

моддий томондан ёки бошқа жиҳатлардан айбдорга қарам бўлган шахсга нисбатан;

вояга етмаган шахсга ёки ҳомиладорлиги айбдорга аён бўлган аёлга нисбатан;

бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;

телекоммуникация тармоқларидан, шунинг­дек, интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб содир этилган бўлса етти йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Хорижий тажриба

Афинада ўзини ўзи ўлдиришга Сенат томонидан рухсат берилган, қачонки, шахснинг ҳаёти чидаб бўлмайдиган даражада, деб баҳоланса ва бу ҳаракат қонуний ҳисобланган. Аксинча, бундай қилмишлар жамоа вакиллари иштирокисиз содир этилса, ахлоқсиз, деб топилган.

Буюк Британияда 2017 йил 22 февралда зўравонлик ва ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш мақсадида “Оиладаги зўравонлик: Британия кўзгусида” номли қонуни қабул қилинган. Буюк Британияда ҳар ҳафта икки аёл ўз турмуш ўртоғининг ҳаракатлари сабабли ўз жонига қасд қилган. Буюк Британияда қабул қилинган қонунчиликка кўра, эри томонидан оиладаги зўравонликдан жабрланган аёл эри билан ажрашишни талаб қилади. Агарда у эри билан ажрашмаса, ундан болани ҳомийлик ва васийлик органлари олиб қўйиши мумкин бўлади. Ушбу қонунлар эса, мавжуд вазиятни янада оғирлаштириб, кўпгина жиноятлар латентлигича қолган. Британияда ишонч телефонлари мавжуд бўлиб, улар нафақат аёллар ва болаларга, балки жабр кўрган эркаклар учун ҳам фаолият юритади.

Бундан ташқари, АҚШда 1991 йилда “Аёлларга қарши зўравонлик ишлатишга қарши кураш тўғрисида”ги, АҚШ Конгресси томонидан эса 1994 йилда “Аёлларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш ҳақида”ги (the Violence Against Women Act) Қонуни қабул қилинган бўлиб, уннинг мақсади ушбу тоифадаги жиноятларнинг олдини олишдан иборат бўлган. Ушбу қонунга асосан, оиладага зўравонлик қурбонлари учун 1,5 мингта марказлар ташкил этилган.

Таклиф ва тавсиялар

Жиноят кодексининг 103-моддаси диспозициясида назарда тутилган ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш ёки ўзини ўзи ўлдиришига суиқасд қилиш даражасига етказиш жиноят ҳисобланади.

Айбдор бундай қилмишни қарияга ёки икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан содир этиш ҳолатлари ҳам бугунги кунда кўп учрамоқда. Бундай ҳолда  айбдорнинг қилмишини квалификация қилишда айрим муаммоли ҳолатлар ҳам юзага келмоқда.

Хусусан, Д. бетоб қайнонасига нисбатан доимо шафқатсиз муносабатда бўлган. Унинг қария, ожизлигидан фойдаланиб, оч қолдирган. Келинининг бу қийноқларидан у ўз жонига қасд қилган.

Бундай ҳолатда айбдорнинг қилмиши Жиноят кодексининг 103-моддаси, 1-қисми бўйича квалификация қилинади. Ваҳоланки, Жиноят кодексининг 56-моддасида жиноят “ёш бола, қария ёки ожиз аҳволдаги шахсга нисбатан” содир этилганда жиноят оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланиши белгиланган.

Юқоридаги фикр-мулоҳазалардан келиб чиққан ҳолда, Жиноят кодексининг 103-моддаси, 2-қисмини қуйидагича: а1) икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан; б1) қария ёки ожиз аҳволдаги шахсга нисбатан содир этганлик учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган бандлар билан тўлдиришни таклиф этамиз.

Инсон ҳаёти ва соғлиғи шахснинг бебаҳо бойлиги ҳисобланиб, унинг бу бойлигидан маҳрум этилиши ёки шикаст етказилиши оғир жиноят ҳисобланади.

Саломат НИЁЗОВА,
ТДЮУ Жиноят ҳуқуқи,
криминология ва коррупцияга қарши курашиш
кафедраси профессори вазифасини бажарувчи,
юридик фанлар доктори