Тарбия

0

 Фарзандингизга салбий саволлар беришдан йироқ бўлинг!

* Намунча секин юрасан?

* Ким ўргатди сенга бу аҳмоқона услубни?

* Нега ҳеч гап тушунмайсан?

* Қандай шу гапни айтишинг мумкин?

 Бу  ва  бу  каби  салбий саволлар:

  1. Фарзандингизда ўзига бўлган ишончни йўқотади. Чунки “Нега ундайсан? Нега бундайсан?”  ибораларини эшитаверган болакайда, мустақил фикрлаш қобилияти пасайиб кетади  ва “Мен тушунмайман”, “Мен кўп хато қиламан”, “Кўп сўкиш эшитаман”  каби салбий фикрлар қуршовида қолади.
  2. Ўзингиздаги фарзандингизга бўлган ишончни йўқотади. Чунки сиз “Нега гап тушунмайсан ҳеч?!!” деб айтаверсангиз,  гарчи фарзандингиз гап тушунса-да,  ўзингизда “Болам гап тушунмайди” деган тушунча илдиз отиб бўлган бўлади. Инсонда бир ибора қайта-қайта такрорланаверса,  албатта, у ибора ўз таъсирини кўрсатмай қўймайди.

Айрим ота-оналар, фарзандларини меҳмонлар олдига киритишдан қўрқади.  Сабаби,  у бир марта ножўя гапириб қўйган, сўнг қайта-қайта “Буни зиёфатга олиб бормайман мени шарманда қилади” каби сўзни такрорлайверган.

Натижада, ўша ота ёки она ўз фарзандига нисбатан шундай тушунчага келиб қолган.  Эҳтимол, болакай қайта у ишни қилмас?  Аммо ота-онада ишонч ўлган. Бунга сабаб эса, уларнинг ўзларидир.

  1. Фарзанд, бу каби салбий саволларни тинглайверганидан сўнг, савол-жавоб орқали билим олиш жиҳати сусайиб кетади.

    Ваҳолангки, боланинг келажакда савол-жавоб услубида ўзлаштириши лозим бўлган билимлари талайгинадир.

Сиз, бу салбий саволларни фарзандингизда ижобий сифатларни вужудга келтирадиган тарзда ҳам айтишингиз мумкин.

        Масалан:

        ­­­­— Тезроқ юришлик, ҳаётда кўп нарсага улгуришга ёрдам беради. Ёки тез юриш  жуда мароқли, синаб кўрамизми?

       — Бу услубнинг ўрнига бошқа яхшироғини ўргатайми?

       — Бошқатдан қайтараман, сен яхши тушунасан, шундай эмасми?

Тўғри, бу иборалар, асабийлашганда қисқагина қилиб айтадиган салбий ибораларингиздан бироз узунроқ,  аммо самараси дунё ҳаётида ҳам, кейинги ҳаётда ҳам кўринади.

Ёш бола, сиз парво қилмай айтган гапингизни бир умрга қалбида тугиб қўйиши ҳам мумкин. Шундай экан, имкон қадар салбий иборалардан йироқ бўлинг!

Республика ташхис маркази

Аввалги мақолаБанкда аро йўлда қолган хат Бердиевани сарсон қилди
Кейинги мақолаҚашқадарёда бир кунда 112 тонна карам Россияга экспорт қилинди