ТаҳлилТашқи меҳнат миграцияси: муаммолар бор, ечими-чи?

Ташқи меҳнат миграцияси: муаммолар бор, ечими-чи?

Сўнгги пайтларда кенг жамоатчилик эътиборини миграциянинг ўсиши ва юзага келаётган муаммолар, белгиланган тартибларни четлаб ўтиш орқали ноқонуний меҳнат миграция фаолияти билан шуғулланадиган юридик шахслар сонининг ортиб бораётгани ҳамда ноқонуний меҳнат миграцияни кўпаётгани каби масалаларга қаратмоқда.

Шу муносабат билан Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг меҳнат миграцияси соҳасидаги муаммоли масалалари ўрганилди. Таҳлиллардан маълум бўлишича, бугунги кунда бу борада қатор тизимли муаммолар мавжуд.

Хусусан, меҳнат миграцияси соҳасини тартибга солишнинг ҳуқуқий асослари етарли даражада тизимлаштирилмаган. Мазкур ҳолат меҳнат миграциясининг назоратсиз ўсишига олиб келади ҳамда хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларини тўлиқ ҳимоя қилишга тўсқинлик қилади.

2013-2021 йиллар давомида меҳнат миграцияси соҳасида қарийб 100 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган бўлиб, улардан 30 дан ортиғи Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг буйруқларидир. Шу билан бирга, МДҲ давлатларида “Миграция тўғрисида” (Тожикистон), “Аҳолининг миграцияси тўғрисида” (Қозоғистон), “Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Россия Федерациясида миграция пропискаси тўғрисида” (РФ), “Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги қонунлар мавжуд (Беларусь, Қирғизистон). 1991 йилдан бери Германия Федератив Республикасида “Хорижий фуқароларнинг Германия Федератив Республикасида яшаши, меҳнат фаолияти ва интеграцияси тўғрисида”, “Иммиграцияни назорат қилиш ва чеклаш тўғрисида, шунингдек, истиқомат ва яшаш жойларини тартибга солиш тўғрисида”ги қонунлар амал қилади. Европа Иттифоқи давлатлари хорижий ишчилар учун Европа Иттифоқи меҳнат бозорига кириш ва қолиш бўйича бир қанча кўрсатмаларни қабул қилган.

Таъкидлаш жоизки, меҳнат миграциясини ташкил этишнинг етарли даражада тартибга солинмаганлиги, ишчиларни ишга олишдан (ёллашдан) тортиб, меҳнат шартномаларини тузишгача “меҳнат қуллари” савдосининг кучайишига олиб келмоқда.

Бугунги кунда мигрантлар нисбатан уюшқоқлик билан фақат Россия Федерацияси, Жанубий Корея, Полша ва бошқа айрим давлатларга юборилмоқда. Айни пайтда, баъзи маълумотларга кўра, Россия, Қозоғистон, Бирлашган Араб Амирликлари ва Жанубий Кореяда уч миллиондан беш миллионгача Ўзбекистон фуқаролари меҳнат қилмоқда. Қонунчилик ташаббусларига қарамай, самарали тезкор назорат ва меҳнат муҳожирларини жалб қилишни тизимли ташкил этишнинг мавжуд эмаслиги мигрантларни алдов йўллари билан айрим шахсларга алданиб қолишларига шароит яратмоқда.

Ўзбекистонда фуқароларнинг меҳнат миграцияси масалалари билан 2016 йилдан бошлаб жиддий шуғулланила бошланди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ва унинг ҳудудлардаги филиаллари ҳамда Ўзбекистондан ташқаридаги ваколатхоналари ташкил этилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ташкил этилди.

Агентликнинг меҳнат мигрантларини хорижга уюшган ҳолда жалб этиш ва ишлашга йўналтиришига қарамай, меҳнат мигрантларининг асосий қисми мустақил равишда хорижга ишлашга бормоқда. 2020 йилда Агентлик 10 272 нафар фуқарони (чет элда ишлаётган ўзбекистонлик ишчиларнинг тахминан 0,7 фоизи) чет элда иш билан таъминлашга ёрдамлашган. Бундай ҳолатни Агентлик билан Ўзбекистон фуқароларини ишга жойлаштириш тўғрисидаги шартномаларни тузган кўпгина фирма ва компаниялар ишчилар олий маълумотли, иш тажрибаси, малака ва касб-ҳунарга эга бўлишни талаб қилиши билан изоҳлаш мумкин.

Яна бир долзарб муаммо шундаки, чет элда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ягона маълумотлар базаси ҳамда ишончли хорижий иш берувчилар реэстрининг мавжуд эмаслигидадир. Бу мамлакат фуқароларида ишга ёлловчилар фирмаларнинг таклифлари нисбатан ишончсизликка олиб келади. Натижада ўзбекистонлик муҳожирларни алданиши, меҳнат ҳуқуқларини бузилиши ҳолатлари тез-тез учраб туришига сабаб бўлади.

Ўзбекистон меҳнат бозорида ҳар йили меҳнатга лаёқатли аҳоли сони 700 минг кишигача ошиб бораётгани ҳамда расман тан олинган ишсизларнинг умумий сони эса 2 миллион кишини ташкил этишини ҳисобга олсак, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги чет элда ишламоқчи бўлган барча фуқаролар истакларини қамраб ололмайди.

Бугунги кунда ҳукумат ташқи меҳнат миграциясини ташкил этишда марказлаштиришнинг мумкин эмаслигини аниқ англаб, ташқи меҳнат бозорини эркинлаштирди. Мамлакатимизда хусусий меҳнат агентликлари фаолиятига рухсат берилган. Аммо уларнинг кўпчилиги аҳолида ишонч уйғотмайди, айримлари эса фирибгар тузилмалардир. Мисол учун, фуқаро Иброҳим Жонузақов “Global Works Resources” ва “Profelite Imp Xususiy Bandlik Agentligi” компанияларини ташкил этиб, 2017 йилнинг январидан 2019 йилнинг августигача унга раҳбарлик қилган ҳолда, Корея Республикасида 181 кишини иш билан таъминлашни ваъда қилиб, 6,5 миллиард сўмни ўзлаштирган. Ҳозирда мазкур шахсга қидирув эълон қилинган.

Шунингдек, “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги Қонуннинг 13-моддасида Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш қидираётган шахслардан ишга жойлаштириш хизматлари учун ҳақ ундириш тақиқланганига қарамай, бандлик органлари турли баҳоналар билан (шартнома тузиш, суғурта, ишлаш учун рухсатномалар ва бошқалар) пул талаб қилган. Масалан, «Ҳуман» бандлик агентлиги 2018 йил ноябридан 2019 йил сентябригача бўлган даврда Европа мамлакатларида ишга жойлашиш бўйича шартномалар тузиб, ҳар бир шахсдан «Ҳуман» бандлик агентлиги шартномаси бўйича ҳисоб рақамига 18 миллиондан 35 миллионгача пул ўтказилган. Натижада “Ҳуман бандлик агентлиги” масъулияти чекланган жамиятига 52 нафар мурожаат этувчидан жами 1 миллиард 600 миллион сўмдан ортиқ маблағ келиб тушди.

Деярли шу тарзда Самарқанд шаҳрида фаолият юритувчи “Consort” хусусий бандлик агентлиги МЧЖ мансабдор шахслари ўз мижозларини алдаган. Фуқароларни Япония, Германия ва бошқа хорижий давлатларга ишлашга жўнатиш баҳонасида фирибгарлик йўли билан 786 миллион 948 минг сўм маблағни қўлга киритган. Мазкур ҳолат юзасидан фирибгарлик моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Умуман олганда, тадқиқот натижаларига кўра, ташқи меҳнат миграциясининг бошқа муаммолари ҳам аниқланган бўлиб, улар орасида иш қидираётганларни ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш масалалари, чет элда ишга жойлашиш учун ишчиларга кредит бериш (ссуда) тизимининг йўқлиги, шунингдек, чет элда ишга жойлашиш, малакали мутахассислар тайёрлашдаги камчиликларни қайд этиш мумкин. Бундан ташқари, Россия Федерацияси ва Қозоғистонда ишлайдиган ёшларнинг радикаллашув хавфининг юқори даражаси жиддий муаммога айланмоқда.

Ўрганиш жараёнида аниқланган ташқи меҳнат миграциясини ташкил этишнинг муаммоли жиҳатлари бўйича Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти томонидан ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар кўриш бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Хусусан, меҳнат мигрантларини ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмини жорий этиш мақсадида қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш таклиф этилмоқда. Бундан ташқари, халқаро меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликлар бўйича ёш мутахассисларни мақсадли тайёрлаш имкониятларини муҳокама қилиш тавсия қилиниб, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги умумий вазиятни яхшилаш бўйича бошқа таклиф ва ташаббуслар тайёрланди.

Шухрат Мирзаев,
Aдлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти
Адлия органлари фаолиятини ўрганиш ва такомиллаштириш
бўлими бош маслаҳатчиси

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img