Тиббиёт ходимлари иш ҳақига COVID-19 ижобий таъсир қилдими?

0

Коронавирус пандемияси сабабли шифокорларга нафақат давлат миқиёсида, балки жамиятда, ҳар бир фуқароларнинг эътибор ҳам янада ошди. Кейинги уч йил давомида соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ этиш бўйича 170 дан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган бўлиб, Президентимиз фармони билан 2019 – 2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси ҳам тасдиқланди.

Айниқса, 2019 йилнинг 9 ноябрь куни тиббиёт ходимлари куни биринчи марта кенг миқёсда нишонланди ва биринчи марта бир гуруҳ соҳа фидойилари давлат мукофотлари билан тақдирланганлиги соҳа тараққиётида янги даврни бошлаб берди.

Тиббиёт ходимларига бўлган юксак ишончнинг узвий давоми сифатида ҳамда улар томонидан коронавирусга қарши курашда кўрасатаётган жонбозликлари учун жорий йилнинг 26 март куни Президент қарори билан коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлаш мақсадида айрим тиббиёт ходимларига қўшимча тўловлар белгиланди.

Қарорга кўра коронавирусдан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришадиган, зарарланган беморлар жойлаштирилган объектларда ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ҳар 14 кунлик фаолият даври учун қуйидаги миқдорларда (солиқлардан ташқари) махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови белгиланди:

  • врач ходимларга, врач-лаборантларга – 25 миллион сўм;
  • ўрта тиббиёт ходимларига, ҳамшира-лаборантларга –15 миллион сўм;
  • кичик тиббиёт ходимларига – 10 миллион сўм;
  • бошқа ходимларга – 5 миллион сўм.

Шунингдек, коронавирус инфекциясини юқтирган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларнинг соғлиғига шикаст етказилганлиги ёки уларнинг оғир аҳволга тушиши ва соғлиғи тикланмаганлиги муносабати билан бир йўла қўшимча тўловлар бериладиган бўлди.

“Коронавирус пандемияси даврида санитария-эпидемиология хизмати ходимларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорида ҳам қатор рағбатлантириш чоралари назарда тутилган. Жумладан, ушбу ҳужжатга кўра меҳнатнинг соғлиқ учун хавфлилиги шароитлари учун – 15  фоиздан 50 фоизгача; меҳнатнинг оғир шароитлари учун – 40 фоиздан 75 фоизгача меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари бўйича тариф коэффициенти 5 фоизга оширган ҳолда қўлланилади.

Бунда улар учун ойлик лавозим маошига нисбатан 6 фоиз миқдорида кунлик қўшимча тўлов ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа устамалар сақланиб қолади.

Хорижда пандемия шароитида шифокорларга ҳақ тўлаш ўзгардими?

Касблар ичида энг шарафлиси дея эътироф этилаётган шифокорлик касби бугун бутун дунёда ҳар қайси вақтдан-да долзарб ва талабгирдир. Шу сабабли ҳам деярли барча давлатлар томонидан тиббиёт ходимларига турли рағбатлантириш чоралари кўрилмоқда.

Хусусан, Беларусь ҳукумати пандемия даврида ишга жалб қилинган ходимлар учун қўшимча 12 миллион рубль (131 минг АҚШ доллари) ажратилганлигини эълон қилди. Тиббиёт ходимларининг ойлик иш ҳақи эса 0,5 дан 1,5 бараваргача оширилди.

Украинада шифокорларга ҳозирга қадар дунёнинг йирик давлатларига нисбатан энг кам маош тўланарди. Эндиликда коронавирус касаллиги эпидемиясига қарши курашда иштирок этадиган тиббиёт ходимларининг ойликларига 200 фоизлик қўшимча ҳақ тўлаб берилиши ваъда этилди.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 8 апрелдан бошлаб шифокорлар учун “компенсация тўловлари”ни жорий этилганини эълон қилди. Имтиёзлар карантин ҳолатида хавфли ҳудудларда, уйига бормасдан ишлаётган, кейин маълум вақт давомида карантинда бўлишга мажбур бўлаётган шифокорларга ҳам, шунингдек, одатдаги жадвал бўйича ишлайдиган шифокорлар учун ҳам бир хил тўланиши белгиланди. Аммо коронавирусни юқтириб олган шифокорларга тўланиши керак бўлган компенсация масаласида маълумотлар эълон қилинмади.

Навбатчилик графиги асосида ишлаётган тиббиёт ходимларга 29000 сўмгача, хавфли зонада бўлганлар учун маошлар юқорироқ.

Санитар ходимларга, яъни кирчи, ошпаз, санитар ва кичик ҳамширага 38000 сўмгача маош тўланади.

Ўрта тиббиёт ходимлари – катта ҳамширалар, фельдшер, парамедиклар, стоматологлар ва фармацевтларга 41000 сўмгача пул тўланади.

Умумий шифокорлар 46000 сўмгача қўшимча пул олиш ҳуқуқига эга бўлдилар.

Қозоғистонда ҳам хавф кучининг юқорилигига қараб тиббиёт ходимлари учун қўшимчалар белгиланган бўлиб, тўловларнинг умумий суммаси 646 миллион тенгега (760 минг АҚШ доллари) тенг келмоқда.

Россияда коронавирусли беморлар билан ишлайдиган ва COVID-19 хавфи бўлган шифокорлар ва ҳамширалар доимий иш ҳақларининг 20 фоизидан 100 фоизигача қўшимчалар олишлари кераклиги белгиланди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан жамоатчилик муҳокамасига қўйилган ҳукумат қарори лойиҳасига кўра, тез тиббий ёрдам ва бирламчи тиббий ёрдам шифокорларига ўтган йилнинг тўққиз ойидаги ўртача иш ҳақининг 80 фоизи миқдорида қўшимча тўловлар тайинлашни таклиф қилинмоқда. Тиббий ёрдам кўрсатишда ёрдам берган бошқа ходимлар, шу жумладан, ҳайдовчилар ва санитарлар учун ҳам 20% миқдорида иш ҳақи тўлаш. Табиийки қизил ҳудудда фаолият олиб бораётган шифокорларга 100 фоизлик қўшимчалар белгиланган.

Албатта, йирик давлатларнинг муаммолари ҳам ўзига яраша катта бўлади. АҚШ яқин вақтларгача ҳам бошқа давлатлардан ишлаш учун келаётган шифокорлар учун виза ва бошқа ҳужжатларни расмийлаштириш масаласига жуда қатъий чоралар кўраётган эди. Эндиликда эса пандемия вақтида шифокорлар ва тиббиёт ходимлари етишмовчилиги вужудга келаётганлиги сабабли тиббиёт ходимларига АҚШ барча йўлларни очмоқда ва ҳар бир ҳодимга 20 минг АҚШ долларигача бўлган иш ҳақини таклиф этмоқда.

Бугун инсон саломатлиги ва давоси йўқ вирус билан курашиш йўлида фидойилик билан меҳнат қилиб келаётган ҳар бир тиббиёт ходимига қанча эътироф кўрсатилса кам. Чунки инсон ҳаётига дахлдор бўлган ўта маъсулиятли касбни зиммасига олган бу инсонларга ҳозирги вақтда халқнинг маънавий кўмаги янада муҳимроқдир Шу сабабли биз улар учун уйда қолишимиз ва давлат томонидан кўрилаётган чораларга қатъий риоя қилишимиз керак.

Шундай шарафли ва масъулиятли касб фидойиларини такрор-такрор шарафлашдан, эътироф этишдан чарчамаймиз.

Анвар Рахматов,
Тошкент давлат юридик университети Интеллектуал мулк кафедраси ўқитувчиси

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг