Тихановская: мени ватанимга қайтишим билан қамоққа олишади

0

Беларусь мухолифатининг мамлакат ташқарисидаги раҳбари Светлана Тихановская ғарб журналистларига берган интервьюсида бу ҳақда ўз муносабатини билдириб ўтди.
Унинг айтишича, мухолифат тарафдорлари ҳали ўз шахдидан қайтгани йўқ. Улар куч тўпламоқда, холос. У Минскка қайтиб амалдаги президент Александр Лукашенко иштирокисиз ўтадиган сайловга тайёргарлик кўрмоқчи, дея хабар беради “РИА-Новости”. Навбатдаги сайловда Тихановская ўз номзодини қўймочи эди, аммо шу билан бирга у Ғарбдан ёрдам олиши мумкинлигини ҳам инкор этмади.
“Мен уйимга бехавотир қайтишни истайман. Аммо ҳозирги вазиятда бунинг имкони йўқ. Менга нисбатан иккита жиноий иш қўзғатилган ва халқаро қидирув эълон қилинган. Навальний билан боғлиқ ҳолат бу масалада халқаро ҳамжамиятнинг, айниқса, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг ёрдами зарурлигини кўрсатади”, деди Тихановская Евроиттифоқ элчилари билан бўлган мулоқотда.
Гарчи европалик дипломатлар Тихановскаяга руҳан далда беришса-да, аниқ фикр билдиришмаган. Ўз навбатида Беларусь раҳбари рус журналистлари билан бўлган мулоқот чоғида ўз рақибларига бўш келмаслигини билдирган.
“Тихановская – уни қўллаб-қувватлаётган кучларнинг овозидан бошқа ҳеч нарса эмас. У оддий фикрини ҳам ифодалаб беролмайди. Уни Литва, Польша махсус хизматлари, энг муҳими АҚШ кучлари бошқариб турибди”, деган эди Лукашенко ўз суҳбатида.
Беларусь раҳбари мамлакатида ўтиши кўзда тутилган Хоккей бўйича жаҳон чемпионатининг бекор қилинишига ҳам одатий ёндашишини айтди. Бир ҳафта илгари Минскка келган Халқаро Хоккей федерацияси раҳбари Рене Фазель “спорт сиёсатдан ташқарида эканини” айтган эди. Аммо амалда бунинг акси намоён бўлди.
Ушбу бойкотни Светлана Тихановская ҳам қўллаб-қувватлади. У мамлакатда қирқ беш кун ичида янги президент сайлови ўтказишини айтган. Аммо бунинг учун у, аввало, мамлакатга қайтиши керак.
“Сиз ташқаридан туриб, Лукашенкога қандай қаршилик кўрсата оласиз?” деган саволга Тихановская “мен қайтадиган бўлсам, суд ҳам, тергов ҳам бўлмайди. Мени дарҳол тутиб худди эрим Сергей Тихановский ва Мария Колесникова сингари турмага тиқишади, демак қайтсам, ўзимни қурбон қилган бўламан”, деб жавоб берди. Шу билан бирга “аммо мен, албатта, вақтини топиб қайтаман”, деб қўшиб қўйди.
Тихановская айни пайтда ўзининг энг катта хизмати сифатида оддий белорус халқининг аҳволи, мухолифатнинг фикрини ғарб раҳбарларига етказа олишида деб билади. Айни пайтда у Ангела Меркель, Эммануэль Макрон сингари дунё сиёсатининг етакчи вакиллари билан учрашган.
Бироқ айрим халқаро таҳлилчилар Тихановскаянинг сиёсий етакчилик қобилиятини жуда паст баҳолашади. “Минск мулоқоти” кенгаши директори Евгений Прейгерман Тихановскаянинг мамлакатга қайтиши мавжуд вазиятни ўзгартирмаслигини билдирди.
“Тихановскаяни қамоққа олишади. Ҳуқуқ-тартибот органлари икки-учта маҳаллий моддаларни рўкач қилишади ва қонуний иш кўришаётганини айтиб туриб олишади. Халқаро ҳамжамият уни асраб қола оладими-йўқми, аниқ эмас”.
Прейгерманнинг айтишича, Тихановская амалдаги ҳокимиятга қарши бўлган кучни тамсил этади ва шунинг учун ҳам режимдан зериккан одамларнинг эътиборига тушган. Аслида мамлакатда Тихановскаядан ташқари ҳокимиятни олишга интилаётган кучлар ҳам йўқ эмас ва улар ҳам зимдан курашни давом эттиришмоқда. ”Уларнинг аксарияти Польша ва Литвадан туриб иш олиб боради” дейди Прейгерман.
Эслатиб ўтамиз, август ойининг бошларида Беларусда президент сайловлари бўлиб ўтган эди. Унда Лукашенко олтинчи марта ғалаба қозонди: Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, у 80,1 фоиз овоз олган. Тихановская иккинчи ўринни эгаллаган.
Эртаси кундан бошлаб, бир неча ой давомида республикада оммавий норозиликлар бошланган.
Дастлаб митинглар хавфсизлик кучлари томонидан бостирилиб, намойишчиларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ, сув пуркагичлар, шовқинли гранаталар ва резина ўқлар ишлатилган.