ТаҳлилТимоти Торлот: “Ўзбекистон бугунги кунда ёшларнинг иқлим ўзгариши муаммосини ҳал қилишдаги иштирокидан...

Тимоти Торлот: “Ўзбекистон бугунги кунда ёшларнинг иқлим ўзгариши муаммосини ҳал қилишдаги иштирокидан фойдаланиб, таълимга эътиборни кучайтириши керак!”

(Суҳбат Глазгода ўтказилган форум чоғида ёзиб олинган.)

ИККИ ҳафта давомида Глазго шаҳрида дунёнинг етакчи давлатлари раҳбарлари бугунги кунда жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солиб турган иқлим ўзгариши масаласини муҳокама қилишди. Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси жаноб Тимоти Торлот бизнинг саволларимизга жавоб берди.

— Элчи жаноблари, кузатувчиларнинг қайд этишича, ўтган 25 йил давомидаги музокаралар вазиятнинг яхшиланишига олиб келмагани аён бўлди. Шу муносабат билан, Сизнингча, дунёнинг етакчи давлатлари раҳбарлари ниҳоят иқлим ўзгариши бўйича вазиятни яхшилаш борасида бир тўхтамга кела олишадими?

— Раҳмат. Дарҳақиқат, Ўзбекис­тонда иқлим ўзгариши муаммолари билан қизиқадиган ва нафақат ушбу мамлакат, балки бутун дунё учун долзарб бўлган ушбу мавзуда жуда кўплаб дастурлар ва блогларни юритадиган журналист билан суҳбатлашиш мен учун ёқимли.

Мен 1993 йилда БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича доиравий Конвенцияси имзоланганидан бери ҳеч нарсага эришилмади, деган фикрга қўшилмайман. Ўйлашимча, дунё мамлакатлари уни имзолаш учун йиғилганларида бу асосий масала бўлмаган. Узоқни кўрувчи эколог­лар ва сиёсатчиларнинг кичик гуруҳлари иқлим муаммолари билан шуғулланиб келишмоқда.
2019 йили БМТдаги иқлим ҳаракатлари ҳафталигининг кўрсатишича, энди ҳамма биладиган ва ҳамма тушунадиган ушбу муаммо сайёрамизнинг келажаги учун аҳамиятлидир. Ўйлашимча, анча аниқлашиб бораётган фанга урғу бераётганимиз ҳам бунга сабаб бўлди. Ҳозир ҳеч ким 1993 йилдаги каби антропоген таъсирида иқлим ўзгариши ҳаётий ҳақиқат эканига шубҳа билан қарамайди. Шу боис, иқлим ўзгараётганини инкор этадиган кишилар сони камайиб бормоқда. АҚШнинг ғарбий қирғоқ бўйларидаги ўрмон ёнғинлари ёки Канададаги ўта юқори ҳаво ҳарорати ёхуд Ўзбекистон ва Австралиядаги ўрмон ёнғинлари, бангладешлик фермерларнинг ҳаётига салбий таъсир кўрсатаётган денгиз сатҳининг кўтарилиши каби табиий офатларга кўпроқ дуч кела бошлаганимиз ҳам шунга туртки бермоқда. Бутун дунёда одамлар иқлим ўзгаришларидан азият чекишмоқда, бу ҳол тез-тез содир бўлаётгани эса ташвишланарлидир.

Афсуски, Ўзбекистонда иқлим ўзгариши борасида аҳолининг хабардорлиги анча паст даражада. Ёз анча иссиқ бўлиб бораяпти, қиш эса авваллари бўлгани каби совуқ эмас. Бу эса сизлардаги қишлоқ хўжалигини, сувдан фойдаланишни ўзгартириш кераклигини кўрсатаё­тир. Одамлар иқлим ҳақида кўпроқ нарса билиши жуда муҳим.

Глазгода янги битим имзоланадими, деган саволингизга жавобим “Йўқ албатта”. 2015 йилда Париж битими имзоланган эди. Мақсадимиз 2050 йилга бориб глобал исиш даражасининг атиги 2 фоизга ошишига эришишдан иборат. Келгуси ўн йилликда ҳавога СО2 чиқарилишини тўрт мартага камайтиришга эришишимиз керак, — демоқчимиз. Биз ушбу мақсадга эриша олишимизга ишонамиз ва бу жараёнда иштирок этаяпмиз. Биз, Бирлашган Қироллик бутун дунёдаги мамлакатларни, жумладан Хитой, Ҳиндистон, АҚШ каби ҳавога ис газларини кўплаб чиқараётган йирик манбаларни ҳам, шунингдек, иқлим ўзгаришидан азият чекаётган ривожланаётган мамлакатларни ҳам бу жараёнга жалб этаяпмиз. Чунки, биргаликда биз кўпроқ нарсаларга эришишимиз мумкин. Албатта, бунга бирданига эришиб бўлмайди, бунинг учун вақт керак. Бизда Париж битимига асосланган бир қатор муҳим ташаббуслар бор ва биз уларни Глазгода амалга оширишга ҳаракат қилиб кўрамиз. Кеча биз улардан биринчисини — ўрмон ва ердан фойдаланиш бўйича етакчиларнинг Декларациясини кўрдик. Умид қиламизки, Ўзбекис­тон ҳам Қозоғистон ва Қирғизис­тондан ўрнак олиб, бугунги кунда уни имзолаган 110 та давлат сафига қўшилади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг сўнгги бир неча ой давомида ўрмонларнинг кесилиши, мамлакатда дарахтларни муҳофаза қилиш ҳақида билдирган қатор фикрлари бизга ана шундай умид бахш этади. Ўзбекистон Президенти кўпроқ дарахт экишга эътибор қаратаётгани ҳам бизни хурсанд қилади, бу жуда муҳим ташаббус. Green Grid Initiative бўйича тоза энергия ташаббуси ҳам муҳим. Бу Ўзбекистоннинг тоза энергияни илгари суриш борасидаги интилишларига ҳам мос келади. Албатта, биз биламизки, мавжуд инфратузилма қўшниларингиз билан энергиядан биргаликда фойдаланиш анъанасига асосланган эди. Шу боис, Green Grid ташаббуси Ўзбекистоннинг шахсий интилишларига ҳам таъсир кўрсатишидан умидвормиз. Яна бир оддий усул — кўмирдан тоза энергияга ўтиш. Ўзбекистон электр энергияси ишлаб чиқариш учун у қадар кўп кўмир ишлатмайди. Кўмир ҳавони энг ифлослантирувчи манба бўлиб, глобал иқлим ўзгаришига, айниқса, катта таъсир ўтказади. Шу сабабли ҳам биз тезроқ энергия ишлаб чиқаришни кўмирдан муқобил вариантга ўтказишга ҳаракат қилаяпмиз. Ўзбекистон ҳам бу жараёнга ўзининг сезиларли ва самарали ҳиссасини қўшиши мумкин.

Ўзбекистон бугунги кунда ёшларнинг иқлим ўзгариши муаммосини ечиш борасидаги ташаббус­корлиги, содиқлиги ва иштирокига таянган ҳолда таълимга эътиборни кучайтириши зарур. Бизнинг авлод йўл қўйган хатоларимиз учун жавобгармиз, ёш авлодга ушбу хатолар мерос бўлиб қолмоқда. Лекин улар барча учун яхшироқ, тозароқ, хавфсизроқ бўлган ўз дунёларини яратишлари керак.

— Яхши биласизки, Ўзбекистон иқлим ўзгариши оқибатларига тўла мослашмаган, ҳамда ўтган конференцияларда ривожланаётган мамлакатларга тахминан 100 миллиард доллар ажратилиши ваъда қилинган эди, аммо бу ваъда бажарилмади. Нима деб ўйлайсиз, COP 26 дан кейин бу ваъдалар бажарилармикан?

— Бир сўз билан айтганда, ҳа, албатта. Менимча, якунига етиб бораётган йилда биз ривожланган давлатлар ажратишни ваъда қилган 100 миллиард долларни бера олмаймиз, аммо кейинги йил бунга эришишимиз мумкин. Бу кўп жиҳатдан СОР арафасида давлатлар ўз зиммаларига олган мажбурият­лар билан боғлиқ. Янги мажбуриятлар ҳақида гап кетганда, биз конференцияда Президент Байден ва Буюк Британия Бош вазиридан эълон қилинганидан бошқачароқ миқдордаги пул маблағлари ҳақида эшитдик. Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотининг таҳлили кўрсатишича, 2023 йилга бориб биз 100 миллиард доллар ажрата оламиз. Энг муҳими, ривожланган давлатлар глобал исиш оқибатларини бартараф этишга асосий ҳиссани қўшаётганларини англаб етишларида. G20 га кирувчи йигирмата йирик давлат дунё бўйича ҳавога ташламаларнинг тўртдан уч қисмини ишлаб чиқаради, шу боис улар камроқ ривожланган давлатларни иқлим ўзгариши оқибатларидан ҳимоя қилиш ва молиялаштириш мажбуриятини зиммаларига олиш­лари керак. Оқибатларни юмшатиш, уларга мослашиш, зарарларни қоплаш учун ҳам керак бу нарса. Covid-19 пандемияси даврида бу, айниқса, муҳим аҳамият касб этади. Чунки Covid-19 ижтимоий ҳимояланмаган гуруҳлар, хотин-қизлар ва болалар салбий оқибатлардан энг кўп азият чекишини ва зарар кўришини кўрсатиб берди.

Глазгодан кейин биз зиммамизга олган мажбуриятларимизни бажаришга ҳаракат қиламиз. Бирлашган Қироллик зиммамизга олган мажбуриятларимизга содиқлигимизни кўрсатиш учун бошқа мамлакатлар билан ҳамкорликни давом эттирамиз.

— Яхши биламизки, иқлим ўзгариши, биринчи галда қурғоқчилик, ёнғинлар, сув етишмаслиги — буларнинг барчаси иқтисодиётга, қишлоқ хўжалигига зарба беради. Иқтисодиётнинг, умуман олганда, давлатнинг ва аҳолининг иқлим ўзгаришига мослашиши жуда муҳим. Сизнингча, бу йўналишда нималар қилиш керак?

— Санаб ўтилган табиий офатлар бутун дунёда, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам ҳаёт тарзига жиддий таъсир кўрсатади. Менимча, бу ўринда глобал исиш оқбатида аста-секинлик билан сувнинг камайиб бориши иқтисодиётга энг кўп таъсир кўрсатади. Сизлар сувнинг каттагина қисмини Тянь-Шань, Помир тоғларидаги музликлардан оласизлар. Афсуски, сўнгги 20 — 25 йилда ушбу музликларнинг 60 фоизи йўқолиб кетди. Глобал исиш давом этадиган бўлса, бу жараён ҳам кучаяди. Оқибатда, бу Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги учун катта фалокат бўлади. Бугунги кунда биз дарёлар атрофида сув таъминотидан узилиб қолган фермер хўжаликларини кўришимиз мумкин. Гарчи, кўпроқ иқлим ўзгариши эмас, балки инсоннинг табиатга нотўғри муносабати оқибати бўлса-да, Орол денгизига нима бўлганига барчамиз гувоҳмиз. У қум бўронларини келтириб чиқармоқда, улар эса ўз навбатида ҳаво, сувнинг сифатига, яшаш учун воситаларга таъсир қилмоқда.

Хўш, бундай шароитда дунё нима қила олади, Ўзбекистоннинг ўзи-чи? Парижда олдимизга қўйилган мақсадларга эришиш учун биз қанчалик тезроқ қазиб олинадиган ёқилғи ташламалари миқдорини камайтирсак, бу ерда сув манбалари ва анъанавий тириклик воситаларини муҳофаза қилиш имкония­тига эга бўламиз. Бу дунё учун ҳам, Ўзбекистон учун ҳам муҳим. Сизларда шаклланиш, яратилиш ва мослаштириш босқичида бўлган яшил иқтисодиёт стратегияси мавжуд, бу эса суғориш ва қишлоқ хўжалиги учун сувдан фойдаланишда қандай йўл тутаётганларингизни кўздан кечириш имконини беради. Далаларни суғоришнинг анъанавий усуллари самарали бўлмай қолган ва бунда сувнинг катта қисми йўқотилади. Канализация сувлари тўла қайта ишланмаслиги боис ҳам жуда кўп миқдордаги сув йўқотилади. Албатта, халқаро ҳамжамият бу борада ёрдам бериши мумкин. Ўзбекистонликлар мағрур миллат. У асрлар давомида мавжуд шароитга мослашиб келишган, бу борада сизларда катта тажриба бор. Сизларнинг таълим тизимингиз ёшларга иқлим ўзгариши нималигини, унинг оқибатларини, сув ва энергия манбаларидан тежаб-тергаб фойдаланишни ўргатишга мослашиши керак. Мен мана икки йилдирки Тошкентда яшаяпман. Шу вақт ичида йўллардаги автомашиналар сони сезиларли миқдорда ошди. Одамлар атроф-муҳитни ифлослантирувчи автомашиналардан кўпроқ фойдаланишмоқда. Аммо экологик тоза автотранспорт воситаларига ўтиш учун ҳали ҳам кеч эмас. Ўзбекистоннинг тажрибаси бу ерда қазилма ёқилғидан энергия ишлаб чиқаришдан кўра, қуёш энергияси ва шамол энергиясини ишлаб чиқариш анча арзонга тушишини кўрсатди. Шунингдек, бино ва иншоотларни энергияни кам истеъмол қиладиган қилиб қуришга ҳам эътиборни кучайтириш керак. Буларнинг барчасини қишлоқ хўжалиги, ирригация, транспорт, шаҳарсозликдаги таълимдан бош­лаш керак.

— Бугунги кунда бутун дунё жаҳоннинг етакчи давлатлари раҳбарлари иқлим ўзгариши оқибатларини муҳокама қилган Глазгодаги Бутунжаҳон иқлим форумини диққат билан кузатмоқда. Конференциядан сиз нималарни кутмоқдасиз?

— Мен оптимистман. Улуғ ғояларни, улуғ ташаббусларни ва уларни амалга оширишнинг ижодий усулларини ишлаб чиқиш учун жуда кўп иш қилинди. Албатта, СОР Парижда олдимизга қўйилган мақсадларга эришиш йўлидаги навбатдаги қадам. Париждаги мақсадлар эса — нафақат 2030 йилга бориб ҳавога глобал ташламаларни 30 фоизга камайтиришни, балки 2050 йилда ҳавога чиқарилаётган ис газлар миқдорини нолга туширишни назарда тутувчи узоқ муддатли мақсадлардир. Шу боис, Глазгодан умидларим катта. Ўйлайманки, 2050 йилда тоза нолга эришиш учун катта қадам ташлаймиз. Барчасига бирданига эриша олмаслигимиз ҳам ҳақиқат. Лекин Хитой мақолида айтилганидек: “Ҳар бир саёҳат биринчи қадамни ташлашдан бош­ланади”. Шу боис, биринчи катта қадам битим имзоланиши йўли билан Парижда ташланган эди, энди ана шу саёҳатимизни давом эттиришимиз керак. Марказий Осиё ҳам дунё билан ҳамқадам эканидан хурсандман.

— Элчи жаноблари, самимий суҳбат учун Сизга ташаккур. Ўйлайманки, яқин келажакда аҳолимиз иқлим ўзгариши қандай салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини англайди ва Ўзбекистон “яшил” ­иқтисодиёт йўлига тўлиқ ўтади.

Наргис ҚОСИМОВА суҳбатлашди.

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img