Тоғли Қорабоғ: қуролли ҳаракатлар давом этмоқда

0

Арманистон қуролли кучларининг тўртта танки озарбайжонлик аскарлар томонидан йўқ қилинган. Sputnik нашрининг ёзишича, бугун тонгги соатлардан Озарбайжон армияси Фузулий шаҳрини озод қилишга киришди. Озарбайжон жанубидаги Фузулий туманининг маъмурий маркази бўлган ушбу шаҳар 1993 йилнинг ёз ойларида Арманистон қуролли кучлари томонидан ишғол қилинган эди.
29 сентябрь куни тонгги соат 07.00-08.00 оралиғида озарбайжонлик аскарлар Фузулий-Жаброил йўналишида арманларнинг тўртта танкини йўқ қилишган. Бу ҳақда Озарбайжон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда. Айни пайтда қуроли ҳаракатлар давом этмоқда.
Ушбу ҳаракатлар 27 сентябрь куни Арманистон Қуролли кучлари томонидан 06.00 атрофида Озарбайжон аҳоли пунктларига ўт очишлари ва қарма-қарши томоннинг жавоб ҳаракатларидан сўнг шиддатли тус олмоқда. Тартар, Фузулий, Жаброил туманларидаги бир қатор қуролли ҳужумлар натижасида тинч аҳоли вакиллари ҳам қурбон бўлишган. Турли даражада жароҳатлар олганлар ҳам кўпчиликни ташкил этмоқда. Аҳоли инфратузилма объектларига жиддий талофат етган.
Озарбайжон қўшинлари қуролли ҳаракатлар натижасида Қорахонбейли, Ғарванд, Ҳорадиз, Юқори Абдураҳмонли, Қуйи Абдураҳмонли, Катта Маржонли ва Нузгар қишлоқларини озод қилган. Шунингдек, Муровтоғ тизмасидаги стратегик аҳамиятга эга бўлган Муров тепалиги ҳам қўлга киритилган.
Озарбайжон Президенти, Қуролли кучлар олий бош қўмондони Илҳом Алиев 28 сентябрь соат 00.00 дан бошлаб мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий қилди. Бир қатор шаҳар ва туманларда кеч соат 21:00 дан то 06:00 га қадар комендантлик соати эълон қилинган.

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг