Тожикистон президенти ўз номи билан аталган музейни очиб берди

0

Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон Душанбе шаҳрида ўз номи билан аталадиган музейнинг очилиши маросида иштирок этди. Бу ҳақда “Азия плюс” нашри хабар бермоқда.
“Тинчлик ва миллий бирдамлик асосчиси, миллат пешвоси”га бағишланган экспозиция Тожик Миллий университети биносида жойлашган. “Музей Президентнинг халқ ва давлат олдидаги хизматларини абадийлаштириш мақсадида очилди” дейилади давлат раҳбарининг матбуот хизмати томонидан тарқатилган маълумотда.
Қайд этилишича, Эмомали Раҳмон 1977-1982 йилларда ушбу университетнинг иқтисодиёт факультетида таҳсил олган. Музей билан биргаликда унверситетнинг янги ётоқхонаси ҳам фойдаланишга топширилди. Маросимда президент қурувчилар ва талабалар билан учрашди.
2020 йилнинг 12 октябрь куни Эмомали Раҳмон навбатдаги Президент сайдовида иштирок этиб, 90% овоз билан ғалаба қозонган эди. У мамлдакатни 1994 йилдан бери бошқариб келади. Тожикистон Конституциясига 2016 йилда киритилган ўзгаришга кўра, Эмомали Раҳмон сайловда ўз номзодини чекланмаган маротаба илгари суриши мумкин.