Томорқадан самарали фойдаланиш учун янги тизим: “Томорқа хизмати” МЧЖларга ер ажратилади

90

Қонунчиликдаги янгиликлар

“Аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ-4767, 30.06.2020 й) қабул қилинди.

Мақсад

Томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ аҳлисининг бандлиги ва турмуш даражасини ошириш, томорқа хизмати корхоналари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва фаолиятини янада кенгайтириш, аҳоли хонадонларини томорқа ишларига қамраб олиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорт даражасини ошириш.

Қарорга мувофиқ, “Томорқа хизмати” МЧЖларга иссиқхона, совутгичли омборхоналар, чорвачилик мажмуалари қуриш учун ер майдони ажратилади.

“Томорқа хизмати” МЧЖлари аҳоли томорқаларига кафолатланган кўчат ва уруғларни тизимли етказиб бериш фаолияти билан шуғулланади.

Шунингдек, аҳоли томорқаларига керакли уруғ ва кўчат маҳсулотлари савдосини ташкил этиш учун вилоятлар ва туман (шаҳар)лар марказий деҳқон бозорларида, аҳоли гавжум бўладиган пунктларда “Томорқа хизмати” МЧЖлар учун махсус савдо майдонлари ажратилади.

Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан “Томорқа хизмати” МЧЖларга 3 йил муддатга кредит ёки уларнинг устав капиталига кейинчалик сотиш ҳуқуқи билан улуш ажратади.

Мазкур жамғарма ҳисобидан томорқа ер эгаларига:

  • аҳоли томорқаларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш учун 20-30 тонналик совутгичлар барпо этиш учун кредитлар;
  • Оилавий тадбиркорлик маркази хулосасисиз 2 миллион сўмгача микрокредитлар ажратилади.

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси:

  • 2023 йил 1 январга қадар “Томорқа хизмати” МЧЖ ҳамда қишлоқ хўжалиги кооперативларига бериладиган кредитлар бўйича кредит суммасининг 50 фоизигача, бироқ 3 миллиард сўмдан ортиқ бўлмаган ҳажмда кафиллик беради;
  • Ажратиладиган кредитлар фоиз ставкасининг 7,5 фоизли пунктигача қоплаб бериш тизимини жорий этади.

Қарорга кўра, Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган тартиб асосида камида 30 та аҳоли томорқаларини суғориш учун ер ости сувларига қудуқларни бурғулаш харажатларининг 70 фоизини, бироқ 120 миллион сўмдан ошмайдиган қисмини қоплашга субсидия ажратилади.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги билан бирга ҳар йили 1 апрель ва 1 августга қадар сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқаларида қазиладиган қудуқларнинг манзилли дастурини шакллантиради ва тасдиқлайди.

2020 йил 1 январга қадар қуйидаги товарларни олиб киришда божхона божининг (божхона расмийлаштируви учун тўлов ва қўшилган қиймат солиғидан ташқари) ноль ставкалари қўлланади:

  • Автомобиль рефрижераторлари (ТИФ ТН коди 8716 39 300 2);
  • Мотокультиваторлар (ТИФ ТН коди 8432 29 100 0);
  • Инкубатор ва брудерлар (ТИФ ТН коди 8436 21 000 0);
  • Бир ўқли тракторлар (ТИФ ТН коди 8701 10 000 0);
  • Минитракторлар (ТИФ ТН коди 8701 91 100 0, 8701 94 100,0).

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг