Суд очеркиТошкент Молия институтига ўқишга кириш қанча туради?

Тошкент Молия институтига ўқишга кириш қанча туради?

Коррупцияга қарши курашиш барчамизнинг бурчимиз. Бироқ мазкур бурчни унутиб, нафсига  қул бўлганлар ҳам афсуски,  оз эмас.

39 ёшли аёл Ш.Ҳамидова (исм-шарифлари ўзгартирилган) ноқонуний йўллар билан бойлик орттиришни режалаштириб, ғараз ниятларни кўзлаб, ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритишни мақсад қилади. С.Ботировни Тошкент Молия институтида ишловчи мансабдор танишлари орқали иккинчи мутахассислик бўйича ўқишга киритиб қўйиш ваъдаси билан 1 минг 700 АҚШ долларни пора тариқасида беришга далолат қилади. Шу тариқа унинг ишончига кириб, мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш мақсадида ишончини суиистеъмол қилади. “Бузоқнинг югургани сомонхонагача”, деганларидек аёл келишилган пулларни олаётган вақтида ашёвий далил билан қўлга олинган. Суд мажлисида Ш.Ҳамидова айбига қисман иқрор бўлди.

     Воқеа аслида қандай бўлган?

Тошкент Молия институтига иккинчи мутахассисликка ўқиш учун ҳужжатларини топширган, аммо ўқишга кириш натижалари мавҳум бўлиб қолганлиги сабабли  жавобни  кутиб юрган С. Ботировнинг айтишича:

— Имтиҳон натижаларини кутиб юрган кунларнинг бирида “Тошкентдаги банклардан бирида ишлайман”, дея ўзини таништирган аёл билан гаплашиб қолдим. Суҳбат орасида Тошкент Молия институтига иккинчи мутахассислик бўйича ҳужжат топширганлигим, бироқ тест натижалари маълум эмаслигини айтганимда, аёл “Тошкент Молия институтида юқори лавозимда ишловчи танишларим бор”, деб қолди.

Аёл танишлари орқали йигитнинг ўқишга киришини ҳал қилиб беришини айтади. Албатта, мушук текинга офтобга чиқмайди. Бу “хизмат” эвазига аёл “институтда юқори лавозимда ишловчи танишларимга “муомаласи”ни қилиш керак”, дея пора тариқасида бериш учун 2 минг АҚШ доллари талаб қилади. Йигит айтилган нарх кўплигини, имкони бўлса камайтиришни илтимос қилади. Аёл эса унга “охирги нархи 1 минг 700 АҚШ доллари”, эканлигини айтади. Шунда йигит бу ҳақда уйидагилари билан маслаҳатлашиб, аниқ жавоб айтишини билдиради. Аёлнинг хатти-ҳаракатлари қонунга хилоф эканини англаган йигит унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб, бу ҳақда тегишли ҳуқуқ тартибот органига мурожаат қилади.

Йигитга холислар иштирокида 1  минг 700 АҚШ доллари махсус  ишлов берилиб, аёлга бериш учун тақдим этилади. Аёлга қўнғироқ қилиб, “қаерда учрашамиз, пул тайёр”, деган йигитга учрашув манзилини айтган аёл келишилган вақтда  пулларни санаб олиб, эгнидаги куртканинг чўнтагига солиб қўяди. Шундан сўнг, тегишли орган вакиллари холислар иштирокида аёлни қўлга  олишади.

Судланувчи Жиноят кодексининг 25,168-моддаси (фирибгарликка суиқасд)  биринчи  қисми ва 28,211-моддаси (пора беришга далолат қилиш) биринчи қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.

Ш. Ҳамидовага Жиноят кодексининг 59-моддасига асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари миқдорида яъни, 8  миллион 100  минг сўм жарима жазоси тайинланди.

                                                         Жаъфар КУРБАНОВ,
 жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди судьяси

 

                         

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img