Тошкентда автобуслар сони кўпайтирилди. Улар ўз вақтида қатнаяптими? (+фото)

0

Бирдан ҳаво совиб, қор ёққани Тошкент шаҳридаги жамоат транспорти қатновида муаммоларни келтириб чиқармоқда.

“Нега автобуслар ўз вақтида қатнамаяпти?” УзА расмий сайтида шу сарлавҳали мақола эълон қилинди. Унга кўра, Олмазор туманидаги бир нечта жамоат транспорти бекатларидаги ҳолат ўрганиб чиқилган:

Йўловчилар норози

“– Ишонасизми, икки соатдан бери 28 автобусни кутиб ўтирибман, Уйимдан ишхонага битта шу автобус боради.  Бир неча йилдан буён шунда қатнайман. Илгари шу автобусни 50 минут – 1 соат кутардик. Бора-бора 2 соатлаб кутадиган бўлдик. Ишдан соат 16:00да чиққан эдим, автобус  18:00да ҳам келгани йўқ. Қачонгача бундай кутамиз. Кунинг иссиқ кунларида бундай ҳолга чидардик. Совуқ кунларда икки соатлаб кўчада қолсангиз, касал бўлишингиз аниқ. Ўзи арзимаган ойлик оламан. Ҳар куни фалон пулга таксида қатнашга имкониятим етмайди. Нега автобусларни қишга тайёрлашмайди? Буни назоратга оладиган ташкилот борми?”,  дейди Олмазор туманида яшовчи Одил Қаландаров.

Исмини ошкор этишни истамаган 28- йўналиш автобуси ҳайдовчисининг сўзларига кўра, автобусларнинг қишга тайёргарлиги кўрилмаган. Бундан ташқари, кўплаб автобуслар эскирган ва техник таъмирга муҳтож экан.

Бундан ташқари “такси”ларнинг ҳам нархи ошган

Олмазор туманидаги Беруний бекатида автобуслар қатновини кузатдик. Юқорида айтилганидек, ҳар бир-бир ярим соатда битта автобус қатнаяпти. Бекатлар одамлар билан гавжум. Автобус бекатида юзлаб одамлар совуқда автобус кутмоқда.  Баъзилар совуққа чидай олмасдан таксида уйларига кетишмоқда. Об-ҳаво ўзгарганига, “такси”ларнинг ҳам нархи ошган. Бир кун олдин 5 минг сўмга қатнаётган жойига 10 минг сўмга олиб боришини айтади. Одамлар ноиложликдан таксичилар айтган пулга рози бўлишмоқда.

“Невараларимни мактабдан олгани келгандим. Бир соатдан бери автобус кутяпмиз. Шундай пандемия даврида автобуслар қатновини тезлаштириб қўйишса бўларди. Кунлар совуқ, одамлар соатлаб автобус кутиб, битта автобусда тиқилиб кетишяпти. Бунда, албатта, касаллик кўпаядида. Унинг устига талабалар ҳам ўқишни бошлашгану учун бекатлар янада гавжумлашган. Нега буни мутасадди ташкилотлар эътиборга олишмаяпти”, дейди йўловчилардан бири.

Ниҳоят узоқ вақт кутилгач, 28-, 34-, 116- ва бошқа автобуслар келди, ўнлаб йўловчи автобусга ўзини урди. Ҳеч ким масофа сақлаш ҳақида ўйлагани ҳам йўқ.

 

Автобуслар сони кўпайтирилдими?

“Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамиятининг пойтахтимизда ҳавонинг кескин совуши натижасида кўчаларда транспортдан фойдаланишда бир қатор муаммолар юзага келиши ҳақида огоҳлантирган хабарига кўзим тушди.

Тошкентда 19 ноябрь куни автобуслар сони кўпайтирилди

Хабарда 19 ноябрь куни фуқароларнинг шахсий транспортларидан фойдаланмасликлари тавсия этилган ҳолда, жамоат транспорти (автобуслар) сонини максимал даражада кўпайтириш бўйича тезкор чоралар кўрилаётгани таъкидланган.

 

Бугун эрталабки соат 7:00да Олмазор туманидаги “Шифокорлар” бекатидамиз. Аҳвол ўша- ўша. Бекат одамлар билан гавжум. Соатлаб автобус кутишмоқда.  Биз битта тумандаги ҳолатни ўргандик. Аммо бундай манзаралар бошқа туманларда ҳам кўп учраяпти.

Қиш эса энди бошланмоқда…