Товламачилик ва фирибгарлик бир тоифадаги икки жиноятдир

0

Маълумки, Жиноят кодексининг “Ўзгалар мулкини талон-торож қилиш” дея номланган Х боби кодекснинг 164-169-моддаларини ўз ичига олади. Асосан бировнинг ҳақидан қўрқмайдиган, меҳнатга бўйни ёр бермай, нафс қўлига айланган шахслар ана шу жиноятларга қўл уришади. Афсуски, кейинги пайтларда айни тоифадаги қилмишлар тез-тез кўзга ташланиб қолмоқда.

Товламачи эр-хотин

Учкўприк туманида яшовчи, муқаддам Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан айбдор деб топилган Самариддин Жумаев (исм-шарифлари ўзгартирилган) шаръий никоҳидаги рафиқаси Хумора Адҳамжонова билан бирга иккинчи маротаба жиноят кўчасига қадам қўйди.

Гап шундаки, Хумора анчадан буён шу туманда яшовчи Муҳаббат Асадуллаева билан таниш эди. Аммо жорий йилнинг ўрталарида у Муҳаббатнинг Самариддин билан телефонда гаплашиб, пинҳона учрашиб юрганидан хабар топади. Бинобарин, Х.Адҳамжонова М.Асадуллаеванинг танобини тортиб қўйишни дилига тугади. 2020 йилнинг 7 июль куни бу ниятига эришади ҳам.

Аввалдан тузилган жиноий режага кўра, ўша куни соат 17:30ларда С.Жумаев ўзининг “Нексия” автомашинада М.Асадуллаевани олиб, Учкўприк тумани, Тўқсонқовун қишлоғи томон бошқариб кетаётган эди. Шунда Хумора автомашина йўлини тўсиб, гўёки ўзини рашк қилаётгандек кўрсатган

— Ҳааа, бу йигит мендан беш доллар олиб, сенга сарфлаб юрган экан-да, — деб шахсий “Samsung Galaxy G-2” русумли телефон аппаратига иккаласини видеотасвирга тушириб олади. Лекин Самариддин унга лом-мим демай, ўзини хотинининг олдида тили қисилгандек кўрсатиб ўтираверади. Шу боис “рашкчи хотин” Муҳаббатга шарт қўяди.

— Агар беш юз доллар бермасанг, шу видеони хўжайининг ва яқин қариндошларинга кўрсатиб, шармандангни чиқараман.

У шундай дея воқеанинг эртаси куни соат 12:00ларда М.Асадуллаевадан 4.073.892 сўмга тенг бўлган 400 АҚШ долларини товламачилик йўли билан қўлга киритади. Сўнгра 200 АҚШ долларини Самариддинга бериб, қолган пулларни ўзининг шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборади. Бироқ эр-хотин товламачилар бу билан қаноатланишмайди. Яъни жиноий режага биноан, 2020 йилнинг 9 июль куни Х.Адҳамажонова яна Муҳаббатга қўнғироқ қилади.

— Яна беш доллар берасиз. Аксинча, кечаги видеони эрингизга кўрсатаман. Ана унда оилангиз бузилди,деяверинг, — деб қўрқитади.

Аммо Муҳаббат Асадуллаева Хуморанинг С.Жумаевни қизғонаётган эмас, балки эр-хотиннинг товламачилик қилаётганини сезиб қолади. Бинобарин, шу куниёқ Учкўприк тумани ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, Самариддин ва Хуморага қонуний чора кўришни сўрайди. Пировардида мазкур ҳолат юзасидан дарҳол махсус тадбир ўтказилади. Оқибатда судланувчи Х.Адҳамжонова Учкўприк тумани Қақир қишлоғи ҳудудида М.Асадуллаевадан кимёвий ишлов берилган 500 АҚШ долларини олаётган вақтида ушланади.

 Фирибгар ўқитувчи

Риштон туманида яшовчи Шукуржон Исмадияров (исм-шарифлари ўзгартирилган) шу ҳудуддаги 43-умумтаълим мактабида ўқитувчиси бўлиб ишласа-да, муқаддам икки маротаба фирибгарликка қўл урганди. Бинобарин, иккинчи жинояти учун тайинланган аҳлоқ тузатиш иши жазосини ўтаётганди. Шунга қарамай, у учинчи маротаба ҳам фирибгарлик жиноятини содир этди.

Аниқроғи, 2019 йилнинг июль ойида Риштон тумани “Марказ” МФЙ ҳудудида жойлашган Деҳқон бозорига келиб, фуқаро Заррагул Қурбонова билан учрашиб қолади. Қарасаки, аёл соддагина кўринади. Шу боис “эски ҳунари”ни ишга солиб, уни аврашга тушади.

— Бозордагидан анча арзон нархда пахта ёғи олиб келиб бераман. Сотиб кўп фойда қилишингиз мумкин, — дейди оғзини тўлдириб.

Кейин эса аёлнинг ишончини қозониш учун 2020 йил май ойига қадар бозор нархидан салгина арзон нархда пахта ёғи келтириб бериб туради. Натижада З.Қурбонова кўпроқ миқдорда ўсимлик ёғи сотиб олиш мақсадида 1.000 АҚШ доллари ва 46.100.000 сўм пулни унинг қўлига тутқазади. Анчадан буён шуни кутган Шукуржон эса пулларни ўзининг шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборади.

Бундан ташқари, Ш.Исмадияров 2019 йил 7 октябрь куни яна Заррагулни чув туширади.

— Илтимос, менинг номимга “Артел” телевизор ва “Артел” кир машинаси олиб берсангиз. Пулини ойи охиригача тўлаб қўяман, — дея уни алдайди.

Шунга биноан, З.Қурбонова “Марказ” маҳалласида жойлашган “Райҳона Мадинабону Сервис” хусусий корхонасидан 1.450.000 сўмлик “Артел 32” русумли телевизор ва нархи 1.120.000 сўмлик “Артел ТЕ60” кир ювиш машинасини шартнома асосида олиб беради. Шартнома шартига мувофиқ, мижоз 6 ой муддатда устамаси билан қўшиб ҳисоблаганда 3.032.640 сўмлик тўловни амалга ошириши керак эди. Бироқ устаси фаранг фирибгар ўша жиҳозларни ноъмалум шахсга сотиб, пулларини ўзининг кайфу сафосига сарфлайди.

Лекин фирибгар муаллимнинг ҳакалак отган нафси шунда ҳам қониқмайди. Бинобарин, орадан бир ой вақт ўтгач, яна “ишга” киришади. Гап шундаки, ўшанда Ш.Исмадияров Заррагул Қурбонованинг кондиционер сотиб ниятида юрганидан хабар топади.

— Хоҳласангиз, мен сизга уч миллион сўмлик “Артел 12”ни танишларимдан арзон нархда олиб бераман, — дейди.

Шундай деб Шукуржон Заррагулнинг яна 2.200.000 сўм пулларини қўлга киритади. Сўнгра пулларни жиғилдонига уради.

Буни қарангки, Ш.Исмадияров 2019 йил ноябрь ойининг охирларида З.Қурбоновани тўртинчи маротаба лақиллатади. Яъни, “Ҳудудгаз Фарғона” МЧЖ Риштон тумани филиалида ишловчи танишлари орқали унга уч дона пропан газ баллонларини олиб беришини айтади. Бунинг эвазига аёлнинг 350.000 сўм пулини дарҳол санаб олади. Лекин унинг қуюқ ваъдаси ваъдалигича қолиб кетади. Негаки фирибгар аллақачон пулларни шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборганди.

Бундан ташқари, Шукуржон Исмадияров 2020 йил май ойида Риштон тумани Юқори Бешкапа маҳалласида жойлашган “Ниҳол файз” оилавий корхонаси савдо дўконида фуқаро Элбек Муҳаммаджоновнинг ишончига кириб, ҳар бирининг нархи 39.500 сўмдан бўлган 100 дона, 4.350.000 сўмлик ўсимлик ёғини насияга олиб кетади. Кейин эса маҳсулотнинг ҳар бирини Заррагулга 30.000 сўмдан сотиб юбориб, ҳар галгидек пулларини ўз эҳтиёжларига сарфлайди.

* * *

Албатта, “Жиноятга жазо муқаррар” деганларидек, охир-оқибат “қаҳрамон”ларимизга жиноят ишлари қўзғатилади. Мазкур жиноят ишлари эса жиноят ишлари бўйича Риштон туман суди томонидан кўриб чиқилиб, айбдорларга қонуний жазолар тайинланади. Жазо тайинлашда Самариддин Жумаева ва Шукуржон Исмадияровларга аввалги жинояти учун тайинланган жазоларнинг ўталмаган қисми ҳам инобатга олинади.

Шу ўринда хулоса ва мулоҳаза ўрнида таъкидлаш жоизки, ҳаётда бировнинг ҳаққи ҳеч қачон иккинчи бир шахсга буюрмайди. Ёки жиноий қилмишлари эвазига оиласида турли кўнгилсизликлар рўй бериб, қўлга киритган мол-мулк ёхуд маблағларини ортиғи билан йўқотади. Шундай экан, бу ҳаётий ҳақиқатни ҳеч ким унутмаслиги керак.

Умиджон МЕҲМОНАЛИЕВ,
жиноят ишлари бўйича Риштон
туман судининг раиси
Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист