Туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома бўлмаса бола мактабга бора олмайди

0

Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туман адлия бўлими томонидан туман марказидан олисда жойлашган “Бийбозор” МФЙда сайёр қабул ўтказилди. Сайёр қабулда бир қанча фуқаролар қатори Ф.Қурбонбоев ҳам ўз муаммосини айтиб мурожаат қилди.

Айтишича, у ҳаётида кўп қийинчиликларга дуч келган. 2014 йилда жазони ўтаб келиб,  уйланган. 2015 йилда катта фарзанди Бонухон, 2016 йилда Дониёрбеклар туғилади. Бироқ оиланинг моддий аҳволи яхши эмаслиги туфайли шу кунга қадар фарзандларига туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани ололмай келади. Фуқаро ўз мурожаатида тегишли идораларга бир неча бор мурожаат қилганлигини, лекин фойдаси бўлмаганлиги айтди. Шу сабабли фарзандларига туғилганлик ҳақида гувоҳнома олишда амалий ёрдам беришни сўради.

Адлия бўлимининг аралашуви билан Ф.Қурбонбоевнинг  фарзандари 2015 йил ва 2016 йилда туман тиббиёт бўлимида туғилганлик ҳолатлари аниқланди, шу даврдаги архив маълумотлари тикланди, туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотлар қайта олинди, шунингдек, туман ФҲДЁ бўлимига ҳужжатлар топширилиб, қисқа муддатда Ф.Қурбонбоевнинг фарзандларига туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалар олиб берилди.

Шу билан фуқарони узоқ йиллардан бери қийнаб келаётган муаммо — болаларнинг таълим олиш ҳуқуқи кафолатланди. Ахир гувоҳнома бўлмаса фарзандлари мактабга бора олмас эди-да. Эндиликда фуқаронинг хавотирлари ариди.

У.АТАДЖАНОВ,
Беруний туман адлия бўлими бошлиғи

Аввалги мақолаҚурилиши битмаган уйни сотиш мумкинми?
Кейинги мақолаҲуқуқий экспертиза институтининг назарий жиҳатлари