Туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани олиш шунчалик муаммо…ми?

0

Янгийўл шаҳридаги “Қовунчи тепа” кўчасида истиқомат қилувчи Ўткирбек Эргашев 2019 йилда туғилган фарзандига туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ололмай васийлик ва ҳомийлик органига ҳамда шаҳар тиббиёт бирлашмасига бир неча бор мурожаат этгани, аммо муаммоси эътиборсиз қолаётгани хусусида Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ишонч телефони”га мурожаат йўллаган.

Мазкур мурожаат Давлат хизматлари агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси томонидан ўрганилганда Ў.Эргашевнинг турмуш ўртоғи Зарина Сейдалиева Россия давлатида туғилганлиги, шахсини тасдиқловчи ҳужжати мавжуд эмаслиги сабабли, бир неча маротаба элчихонага мурожаат қилган бўлсада, ижобий натижа чиқмаганлиги маълум бўлди.

Шу орада уларнинг оиласида фарзанд дунёга келиб, унга гувоҳнома олиш муаммоси пайдо бўлган. Онасининг ҳужжатлари йўқлиги учун васийлик ва ҳомийлик органи ҳамда шаҳар туғруқхонасидагилар бу ишни пайсалга солганлиги оқибатида болага туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома расмийлаштирилмай қолган.

Амалдаги қонун ҳужжатларида ота-онанинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаганда, боланинг туғилганлигини қайд этиш тиббиёт муассасасининг ёки васийлик ва ҳомийлик органининг ёзма мурожаатларига асосан амалга оширилиши белгилаб қўйилган.

Бироқ, фуқаро Ў.Эргашевнинг мурожаати тегишли ташкилотлар томонидан ўрганилмасдан рад этилаверган.

Давлат хизматлари агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси ҳамда Янгийўл туман ФҲДЁ бўлими ходимлари кўмагида Ў.Эргашевнинг 2019 йил 27 октябрда туғилган фарзанди Шаҳзода Ҳасановага 2021 йил 26 февраль куни туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома расмийлаштириб берилди.

Шунингдек, Олмалиқ шаҳар Ободонлаштириш маҳалласида яшовчи Мадина Имомназарованинг қарамоғидаги жияни, 2014 йилда туғилган Соҳиб Алимардоновнинг мактаб ёшига етганлиги, бироқ, унинг
шу вақтгача туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси йўқлиги тўғрисидаги мурожаати ҳам бошқарма мутасаддилари иштирокида ўрганилди. Натижада, муаммо ҳал этилди ва Соҳибжон ҳам ўз тенгдошлари қатори мактабга бориш имкониятига эга бўлди.

Олмалиқ шаҳар “Янги ҳаёт” маҳалласида яшовчи Дилдора Ибрагимова ҳам ёлғиз ўзи икки нафар фарзанди билан онасининг уйида яшаётганлиги, ҳеч қаерда ишламаслиги, фарзандларига туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олишда ёрдам сўраб Давлат хизматлари агентлигининг “Ишонч телефони”га мурожаат қилган.

Аниқланишича, Дилдора Ибрагимова фуқаро Жасурбек Абдувалиев билан қонуний никоҳда бўлмаганлиги сабабли 2017 ва 2020 йилда туғилган фарзандларига туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома расмийлаштирилмаганлиги маълум бўлди. Қонунчиликда белгиланган тартибда Олмалиқ шаҳар ФҲДЁ бўлими томонидан аёлнинг ҳар икки фарзандига ҳам туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома расмийлаштириб берилди.

Аббос АҲМЕДОВ,
Давлат хизматлари агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси
бошлиғи ўринбосари

Аввалги мақолаХодимларга қайси разряд асосида ҳақ тўланиши керак?
Кейинги мақолаИнсон ҳуқуқлари универсал қадрият