Туҳмат балосидан асрасин! Қонунчиликда бу борадаги ўзгаришлардан хабарингиз борми?

0

Халқимизда “ўт балосидан, сув балосидан, туҳмат балосидан асрасин” деган нақл бор. Бу бежиз эмас. Чунки, инсон кутилмаганда туҳматга дуч келса, ўзини қўярга жой тополмайди, дунё кўзига қоронғи кўринади. Бцу иллат барча дини ва дунёвий қадриятларда қоралаб келинади. Жумладан, миллий қонунчилигимизда ҳам.

Яқинда бу борадаги қонун талаблари бир мунча ўзгарди. Ўзбекистгн Республикасининг 2020 йил 25 декабрда имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонунига кўра, жиноят кодексининг 139-моддасига ҳам бир мунча ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Илгари бу модда қуйидагича баён этилган эди:

Туҳмат қилиш, яъни била туриб бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёхуд оммавий ахборот воситалари орқали туҳмат қилиш энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ билан жазоланади.

Туҳмат  оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб, оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлган ҳолда, хавфли рецидивист томонидан, ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда қилинса, уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Энди нима ўзгарди?

Аввало, бизда қонунчиликдаги энг кам иш ҳақи ўрнига “базавий ҳисоблаш миқдори” тушунчаси киритилган. Айни пайтда бу миқдор 223 минг сўмни ташкил қилади. 2021 йилнинг 1 февралидан бошлаб, бу миқдор 245 минг сўмга етади.

Модданинг 1-қисмида “энг кам иш ҳақи” сўзлари “базавий ҳисоблаш миқдори”га алмашганини ҳисобга олмасак,  деярли ўзгариш йўқ.

Модданин иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилган:

«Нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган тарзда,
шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш орқали туҳмат қилиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 200  бараваридан 400  бараваригача миқдорда жарима ёки 300  соатдан 360 олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилдан 3  йилгача
ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади»

Аввало, телекоммуникация тармоқлари ва интернет тушунчасининг ушбу моддага киритилиши масалани янада ойдиинлаштиради. Тасаввур қилинг, кимдир илгари Фейсбук ёки Телеграмдаги саҳифаси орқали ўзига ёқмаган бирор одамга нисбатан туҳмат қилса, унинг шаънини тупроққа булғаса, минглаб одамлар олдида шарманда қилса ҳам, йўлини топиб, сувдан қуруқ чиқиши мумкин эди. Ахир у «мен газета, журнал ёки телевиденияда туҳмат қилгани” йўқ, бор-йўғи ўзининг интернетдаги саҳифасида “шахсий фикрларини ёзган”. Лекин бугунги кунда интернетдаги маълумот матбуот ёки ТВдан кўра тезроқ тарқалиши, кўпроқ одамларга етиб бориши мумкин.

Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда одамларнинг фикр-мулоҳазалари анча эркинлашди. Бу албатта яхши! Сўз эркинлиги ­ ҳар бир инсоннинг шахсий ҳуқуқи! Аммо, бир инсоннинг ҳуқуқи ва эрки иккинчи инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини поймол қилмаслиги шарт! Афсуски, бу имкониятни суиистеъмол қилган ҳолда, кейинги йилларда интернет орқали кўзига ёмон кўринган одам борки, бўлар-бўлмас айб билан  таҳқирлайдиган, масхара қиладиган, туҳмат ва бўҳтон қиладиганлар ҳам кўпайди. Шу боис, қонунчиликда бу масалага алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга модданинг санкция, яъни жазо қисми ҳам бир мунча аниқлаштирилди.

139-модда 3-қисмининг санкцияси ҳам ўзгарди, янада муайянлашди.

Эндиликда, туҳмат  оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб, оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлган ҳолда, хавфли рецидивист томонидан, ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда қилинса, БҲМнинг 300 бараваридан 500  бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатдан 400  соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.

Яъни туҳмат учун озодликдан маҳрум қилиш жазоси бекор қилинди. Бу нима? Туҳматчилар учун “имтиёз”ми? Йўқ, ундай эмас! Аксинча, сўз эркинлиги учун масъулиятни оширишдир.

Аввало, тан олиш керакки, шу пайтга қадар туҳмат учун уч йилгача қамаш ҳоллари амалиётда камдан-кам ҳолатда кузатилган. Қолаверса, бир инсонни озодликдан маҳрум қилиш билан бир муаммо ҳал бўлиб қолмайди. Аксинча, унинг ортидан яна бошқа муаммолар келиб чиқади. Озодликдан маҳрум қилинган шахснинг яқинлари, оила аъзолари бундан қанча-қанча моддий ва маънавий қийинчиликларга дуч келади.

“Яхши отга бир қамчи” деган нақл бор. Инсон бошқа бировни ноҳақ айблагани учун 10 миллион сўмлаб жарима тўлаб кўрсин-чи? Мол аччиғи ­ – жон аччиғи! Кейинги сафар ўйлаброқ иш тутади, тилига эҳтиёт бўлади!

Умуман олганда, туҳмат  учун белгиланган жазоларнинг аниқроқ, мантиққа яқинроқ тус олгани бу борада қонунчилик янада такомиллашганини кўрсатади.

 

Рустам Жабборов,
         “Адолат” Миллий ҳуқуқий ахборот маркази масъул ходими