ЯнгиликларТуғилганлик ҳолатини қайд этишда нималар ўзгармоқда?

Туғилганлик ҳолатини қайд этишда нималар ўзгармоқда?

Жорий йилнинг 28 сентябрида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги” 540-сонли қарори қабул қилинди. Мазкур қарорга мувофиқ, туғилганлик ҳолатини расмийлаштиришнинг тартиби бир мунча ўзгариши белгиланди. Эндиликда:
– туғилганликни тиббиёт муассасалари орқали фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимларида қайд этиш 2023 йил
1 январдан Тошкент шаҳрида, 2023 йил 1 июндан эса, бутун республика ҳудудида жорий этилади.
Бунда, бола туғилгандан сўнг, тиббиёт муассасаларининг ўзидаёқ туғилганлик ФҲДЁ бўлимларида қайд қилинганлиги ҳақида QR-код тасвири туширилган туғилганлик маълумотномаси боланинг яқинларига тақдим этилади ва ушбу маълумотнома гербли туғилганлик гувоҳномаларига тенглаштирилади.
Агар фуқароларда қоғоз шаклида гувоҳнома олиш хоҳиши бўлса, улар исталган вақтда белгиланган миқдорда герб йиғими тўловини тўлаб ФҲДЁ бўлимларига мурожаат қилишлари мумкин бўлади.
Маълумки, бугунги кунда, туғилганликни қайд этиш бола туғилган, ота-онасидан бирининг доимий ёки вақтинча яшаш жойидаги ФҲДЁ органида ёхуд давлат хизматлари марказларида амалга оширилиб келинади. (2016 йил 14 ноябрдаги 387-сонли Вазирлар Маҳкамаси қарори 16-банд).
Зеро, мамлакатимизнинг аксарият жойларида туғилганлик гувоҳномасини олиш ҳамон бир нечта ҳужжатларни шахсан ФҲДЁга тақдим этиш орқали кечади. Яъни боланинг ота-онаси ёки яқин қариндошларининг ФҲДЁга тиббиёт муассасаси томонидан берилган тиббий маълумотнома билан шахсан мурожаат этиши туғилганлик гувоҳномасини олишга асос бўлади.
Таъкидлаш жоизки, ФХДЁ бўлимларида бир неча хизмат турлари кўрсатилиши сабабли ҳар бир фуқаро ва тегишли ҳужжатларни қабул қилиш ходимлардан муайян вақт ва кучни талаб этади. Натижада эса, туғилганлик гувоҳномасини олишда фуқаролар бир неча кун ФҲДЁга ташриф буюриши ва узун навбатларда туришига тўғри келади.
Аҳамиятли жиҳати шундаки, туғилганликни қайд этишда янги қоидаларнинг жорий этилиши мавжуд тартибни соддалаштиради ва аҳолига қулайлик яратади. Шунинг билан бирга, уларнинг ортиқча овора бўлишларининг олди олинишида хизмат қилади.
Хўш хорижий давлатларда туғилганликни қайд этиш тартиби қандай?
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти томонидан олиб борилган тадқиқотларга кўра, хорижий давлатлардан:
– Грузияда, (Фуқаролик актлари тўғрисидаги Қонун) бола туғилганлигига оид тиббий маълумотнома Фуқаролик ҳолатини қайд этиш Агентлигига фақатгина электрон тарзда юборилади;
– Финландияда, бола туғилиши биланоқ туғруқхонанинг ўзида бола Рақамли ахборот ва аҳоли регистрациясидан рўйхатдан ўтказилиб, шахсий идентификация номери берилади;
– Хитойда, туғилганлик сертификати бола туғилган шифохонада расмийлаштирилади;
– Қозоғистонда, бола туғилганлиги тиббий маълумотномаси электрон шакллантирилади;
– Испанияда, туғилганлик 8 кун ичида электрон қайд этилади.
– Россияда, туғилганлик маълумотномаси электрон шаклда яратилиб, электрон тиббий ҳужжатлар реестрига киритилади ва ота-оналардан бирининг Давлат хизматлари ягона порталидаги шахсий кабинетига юборилади.
– Австралия ва Буюк Британия мамлакатларида туғилганлик гувоҳномаси онлайн расмийлаштирилса-да, ота-она исталган пайтда ҳақ эвазига қоғоз шаклидаги туғилганлик гувоҳномасига буюртма бериш ҳуқуқига эга.

Фарангиз Нурбобоева, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти масъул ходими

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img