Туман ҳокимлигига мажбурият юкланди

0

Фуқаронинг 7 йиллик сарсонгарчилиги Марҳамат туман адлия бўлими томонидан ҳал этилди.

Адлия органлари томонидан жойлардаги манзилли олиб борилаётган сайёр қабулларда аҳоли билан юзма-юз мулоқотда бўлиш, фуқароларнинг шикоятларини атрофлича ўрганиш, уларни ўйлантираётган масалалар ечимини топиш, ҳар бир мурожаатнинг илдизига етиб бориш вазифалари асосий мақсад қилиб қўйилган.

Мазкур вазифалар ижросидан келиб чиқиб, Марҳамат туман адлия бўлимининг навбатдаги ўрганиши 1950 йилда Марҳамат туманида туғилган умрининг 35 йиллик меҳнат фаолиятини “УзРосподшипник” заводига бағишлаган, заводда чилангар вазифасида ишлаб, меҳнатда майибланган, сўнг идорама-идора сарсон бўлган Тилаволди Ҳўжақуловнинг  ҳал этилмаган мурожаатини ўрганиш бўлди.

71 ёшни қоралаган Т.Ҳўжақулов  ўз аризасида Марҳамат туманидаги “УзРосподшипник” заводида чилангар бўлиб ишлаганлиги, 1996 йилда иш жойида  ўнг қўли синиб тан жароҳати олганлиги, лекин комиссиянинг далолатномасида соғлигига етказилган зарар билан боғлиқ ҳаражатлар киритилмаганлиги натижасида соғлигига етказилган зарар тўланмай келаётганлигини баён қилган.

Марҳамат туман адлия бўлими томонидан олиб борилган ўрганишлар жараёнида комиссия далолатномасида соғлигига етказилган зарар билан боғлиқ ҳаражатлар киритилмаганлиги, соғлигига етказилган зарар тўланмай келаётганлиги сабабли туман прокуратурасининг даъво аризасига асосан Асака туманлараро судининг 29.08.2014 йилдаги ҳал қилув қарори билан туман ҳокимлиги зиммасига зарарни тўлаш мажбурияти юклатилганлиги, туман ҳокимлиги томонидан 01.05.2014 йил ҳолатига берилиши лозим бўлган 809.343 сўм нафақа пули тўлаб берилган бўлса-да, лекин кейинги даврлар учун тўланмай келинганлиги, ушбу масалада фуқаро 7 йил давомида турли идораларга мурожаат қилганлиги бироқ масала мазмунан ҳал этилмаганлиги аниқланди. 

 Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 11 февралдаги 60-сон Қарорига асосан тасдиқланган “Ходимларга уларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда жароҳатланиши, касб касалликларига чалиниши ёки саломатликнинг бошқа хил шикастланиши туфайли етказилган зарарни тўлаш” Қоидаларининг 44-бандига мувофиқ Меҳнат жароҳати учун жавобгар бўлган юридик шахс тугатилган тақдирда тугатиш комиссияси зарарни тўлаш суммасини бундан кейин тўлаш учун зарур суммани тугатилаётган юридик шахс рўйхатдан ўтказилган жой бўйича бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг маблағлари жамланадиган бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлимларининг махсус мақсадли бюджетдан ташқари ҳисоб рақамларига ўтказиши кераклиги белгиланган.

Қоиданинг 46-бандига мувофиқ агар юридик шахс тугатилган кунда жабрланувчиларга ёки бунга ҳуқуқи бўлган шахсларга зарар суммасини тўлаш муддатсиз белгиланган бўлса, у ҳолда бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига тўлаш учун мазкур суммани ҳисоблаб чиқиш Ўзбекистон Республикасида ўртача умр кўриш ёши ҳисобга олинган ҳолда юридик шахс тугатилган кунда мазкур Қоидаларда белгиланган миқдорда, бироқ камида 5 йил учун амалга оширилиши белгиланган бўлса-да, товон пули тўлови 5 йиллик учун амалга оширилмаган.

Мазкур қарор ижросидан келиб чиқиб, даъвогар Марҳамат туман, “Йўламатол” МФЙ, “Заркўрғон” кўчаси 18-уйда яшовчи фуқаро Т.Хўжакуловнинг фойдасига жавобгар Марҳамат туман ҳокимлигига  Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 11 февралдаги 60-сон қарори талаблари асосида тўланмай қолган товон пули тўлаш мажбуриятини юклаш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Асака туманлараро судига даъво аризаси киритилиб, фуқаро манфаатига суднинг Ҳал қилув қарори чиқарилишига эришилди.

Д.Мамиров,

Марҳамат туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси 

Аввалги мақолаФирибгар адвокат
Кейинги мақолаЭлектрон давлат хизматларидан фойдаланиш борасида ўқув-семинарларга старт берилди