Тунис президентига шубҳали конверт юборишди

0

Тунис Президенти Қайс Саидга номаълум мазмунга эга шубҳали конверт юборишди. Бу ҳақда Ахборот ва коммуникациялар бошқармаси раҳбари, мамлакат прокурорининг ўринбосари Муҳсин ад-Долий Mosaique FM радиосига берган интерввьюсида тўхталиб ўтган.
Унинг айтишича, Карфаген шаҳридаги президент саройига қўшимча ҳужжатларсиз, шубҳали модда билан ишлов берилган жўнатма келиб тушган. Ад-Долийнинг айтишича, бу модданинг заҳар эканлигини тасдиқловчи исбот ҳозирча йўқ. Бироқ айни пайтда конверт экспертларга топширилган бўлиб, унинг таркиби ўрганилмоқда. Шу билан бирга Тунисда конвертни жўнатган одамнинг шахси ҳам аниқланмоқда.
Конвертни сарой ходимларидан бири очган. Президент айни пайтда ўзини яхши ҳис қилмоқда.
Мамлакатда давом этаётган норозилик намойишлари иштирокчилари ҳукуматнинг истеъфосини талаб қилиб, яшаш шароитлари пастлигидан шикоят қилишмоқда. Бир қатор шаҳарларда бу намойишлар тартибсизликларни келтириб чиқарган, хавфсизлик кучлари намойишчиларни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланишган.
Бу намойишлар Тунисда 10 йил муқаддам рўй берган ва “Араб баҳори”ни келтириб чиқарган “Ёсуман инқилоби”нинг ўн йиллиги билан бир пайтга тўғри келмоқда.

Аввалги мақола2021 йилда Солиқ кодексида қандай ўзгаришлар назарда тутилган?
Кейинги мақолаАвтотурагоҳда назорат касса чеки берилмаса, 5 миллион сўм жаримага тортилади