Туркияда “Мендирман Жалолиддин Мангуберди” сериали суратга олинмоқда

0

Хорижий сериалларни севиб томоша қиламиз. Миллий сериаллар ҳақида гап кетганда эса ҳамиша нимадир етмаётгандай туюлаверади. Ўзимизнинг сериалларда реализм, сюжетда оперативлик ва томошавийлик, техник имкониятлар ва безакларнинг етишмовчилиги ҳозирда асосий муаммо бўлиб турибди. 

Аммо яхши бир янгиликни айтиш керакки, бир гуруҳ киноижодкорлар анчадан буён Туркияда янги сериал суратга олиш ишлари билан банд. Биз кутган сериал яқинда тайёр бўлади. Туркия ва Қозоғистон киноижодкорлари билан ҳамкорликда суратга олинаётган сериалга айни пайтда катта умид боғланган.

Туркияда “Мендирман Жалолиддин Мангуберди” сериали суратга олинмоқда. Мухбиримиз жараён ҳақида сериал бош маслаҳатчиси билан суҳбатлашди.

“Мендирман Жалолиддин Мангуберди” сериали суратга олинаётгани ҳақидаги хабар ҳозирги вақтда дунёнинг кўпгина мамлакатларида катта қизиқиш уйғотди. Олтойдан Адриатика денгизигача бўлган туркий дунёгина эмас, балки Покистон, Ҳиндистон, Эрон, Афғонистон, араб ўлкалари, ҳатто айрим Европа мамлакатлари киномухлислари бу сериални орзиқиш билан кутаётгани ҳақида хабарлар келмоқда. Бу мазкур лойиҳада қатнашаётган ўзбек ва турк киноижодкорлари зиммасига катта масъулият юклайди. Мухбиримиз ҳозирда Туркияда тасвирга олиш жараёнида бўлиб турган сериал бош маслаҳатчиси Бобохон МУҲАММАД ШАРИФ билан суҳбатлашди.

— Миллатимиз қаҳрамони ҳақида сериал олинаётгани қувонарли. Биз сайтимиз мухлисларига сериал билан боғлиқ жараёнлар ҳақида маълумот беришни ният қилдик. Бобохон ака, айтинг-чи, иш жараёни қандай кетаяпти?

— Ватанпарварлик ва ғурур туйғусини теранлаштирадиган, эл-юрт озодлиги йўлида миллий бирликка, юрт раҳнамоси ёнида жипслашишга ундайдиган бу фильм катта воқеа бўлишига актёрлардан тортиб, ташкилотчи раҳбарларнинг ҳам ишончи комил. Шу ишонч уларни мушкулотларни мардонавор енгиб, ўз вазифасини сидқидилдан бажаришга ундамоқда.

— Нега сериални суратга олишга ўзбек режиссёрлари эмас, турк режиссёрлари жалб қилинди?

— Ўзбек режиссёрлари ва актёрлари орасида катта тажриба, маҳоратга эга бўлганлари бор, албатта. Улар мазкур сериални талаб даражасида олишлари ҳам мумкин эди. Лекин шуни эътироф этмоғимиз даркорки, ўзбек киноси ҳали жаҳон бозорига чиқолгани йўқ. Бу борада катта тажрибага ва жаҳон кино бозорида ўз ўрнига эга бўлган Меҳмет Бўздағ каби қардошларимиз билан ҳамкорлик ўзбекни, Ўзбекистонни дунёга танитишга хизмат қилиши шубҳасиздир.

— Карантин суратга олиш ишларига таъсир қилмадими?

— Йўқ. Айни кунларда ўзбек ва турк кино ижодкорлари томонидан сериални суратга олиш ишлари қизғин давом этмоқда. Фильмга тайёргарлик жараёни, ҳатто, коронавирус балоси сабабли қаттиқ карантин ўрнатилган ойлар ичида ҳам тўхтамади. 7 ёшли Имона Холиқова, 4-синф ўқувчиси Расулбек Холиқовдан катта ёшгача бўлган кино ижодкорларимизгача карантин машаққатларига, ҳеч қандай муболағасиз айтишим мумкинки, мардонавор, қаҳрамонларча дош бердилар. Ватан, оила, ёр-дўстлардан узоқлик ҳасратини енгиб, қўйилган масъулиятли вазифани катта иштиёқ билан бажаришга киришдилар. Ўзбек актёрлари карантин кунлари меҳмонхонада сценарийни ўқидилар, турк тили ва тарихдан сабоқ олдилар. Ҳар бир ролнинг ўзига хос томонларини ўргандилар, ролларини машқ қилдилар. Айни вақтда декорацияларни, артистларнинг либосларини тайёрлаш ишлари узлуксиз давом этди. Хоразмшоҳлар саройи, бозор, карвонсарой ва бошқа маконлар қурилишлари жадал олиб борилди. Ниҳоят, июнь ойининг биринчи кунларидан бошлаб, ўзбек киносининг машҳур юлдузлари – Саида Раметова, Тоҳир Саидов, Раъно Шодиева, Жавоҳир Зокиров, Райҳон Уласинова, Юлдуз Ражабова қаторида бўлғуси киноюлдузлар — Акбархўжа Расулов, Нурмуҳаммад Ҳусниддинов, Акмалжон Мирзаев, Феруза Норматова, Жамшид Сагатов, Жаҳонгир Абдумаликов, Яҳё Пўлатов суратга олиш майдончасига чиқдилар. Сериал директори Фарҳод Бадалов актёрларимизнинг иссиқ-совуғидан хабар олиб турибди. Либосчи Шарофат Ҳасанхўжаева ательедагина эмас, суратга олиш майдончасида ҳам турк ҳамкасблари билан бирга санъаткорларимизнинг кийим-бошлари ўзбекона бўлиши учун ҳаракат қилишмоқда. Бош ролларни ўзбек ва турк актёрлари ижро этмоқда. Кимнинг қайси ролни ижро этаётгани ҳозирча сир. Буни мухлисларимиз фильмни куз ойларида телевидение орқали томоша қилганларида билиб оладилар.

Маданият вазири Озодбек Назарбеков ва турк продюссери Меҳмет Бўздағ, режиссёри Метин Гунай, қозоғистонлик режиссёр Нургиса Алмуратнинг йўл-йўриқлари, ўзбек ва турк актёрларининг ҳамкорликдаги иши актёрларимизнинг тажрибаси бойишига хизмат қиляпти. Турк киносидан ўрганадиган жиҳатларимиз бўлгани каби, туркларнинг ўзбек актёрларидан ўрганадиган томонлари ҳам борлиги иш жараёнида яна бир бор ўз исботини топди. Ҳатто, ўзбек актёрлари сериалимиздаги асосий иш орасида Меҳмет Бўздағ томонидан суратга олинаётган “Қурилиш.Усмон” сериалида роль ўйнашга ҳам таклиф қилинди. Жумладан, Акбархўжа мўғул саркардаси ролини маҳорат билан ижро этиб, турк киноижодкорлари ва мухлисларининг таҳсинига сазовор бўлди.

— Суратга олиш ишлари қачон якунланади?

— Сериалнинг 13 сериядан иборат биринчи мавсумини куз ойларининг бошида тугаллаш режалаштирилган. Ҳозирги вақтда кун ғоят иссиқлигига қарамай, актёрларимиз очиқ майдонлардаги жазирамага, сарой ва ўтов ичидаги нафас қайтарадиган дим ҳавога бардош бериб, ўз ролларини муносиб даражада ижро этишга ҳаракат қилишмоқда.

Суҳбатимиз жуда қисқа бўлди. Сабаби Бобохон ака павильонда иш жараёнида экан. Шундай бўлса-да, бизга вақт ажратди. Ҳамда суҳбат якунида, мен албатта, сайтингизга сериал билан боғлиқ барча тафсилотларни етказиб бораман, деди. Демак, сериал билан боғлиқ муҳим воқеалар ҳали олдинда. Бизни кузатинг!

Дилфуза Эргашева суҳбатлашди.