Туркманистонда Россия вакцинаси рўйхатга олинди

0

Туркманистон Марказий Оосиёда биринчи бўлиб, Россияда ишлаб чиқилган “Спутник V” вакцинасини рўйхатга олди. Бу ҳақда Россия Тўғридан-тўғри инвестициялар фонди маълумот бермоқда.
Қайд этиш ўринлики, Туркманистонда мазкур вакцина шошилинч тадбирлар доирасида ҳеч қандай синов ва тажрибаларсиз жорий қилинмоқда. “Спутник V” вакцинаси ҳозирга қадар Беларусь, Аргентина, Сербия, Боливия, Жазоир, Фаластин, Венесуэла ва Парагвай давлатларида рўйхатдан ўтказилган эди.
Мазкур вакцина Россиянинг Гамалея номидаги Миллий эпидемиология ва микробиология илмий текшириш марказида, яхши ўрганилган одам аденовируси вектор платформаси негизида, инсон саломатлиги учун юқори хавфсизлик даражасида яратилган. Олимлар вакцинанинг самарадорлик даражасини 91,1 фоиз деб баҳолашмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Туркманистон дунёда битта ҳам коронавирусга чалинган бемор расман қайд этилмаган, саноқли давлатлар сирасига киради. 2020 йил 6 июль куни Туркманистонга борган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакиллари мамлакатда пандемияга қарши кўрилган чора-тадбирларни юқори баҳолаган эди.