ЯнгиликларМаҳаллий“Уч авлод учрашуви” кўҳна диёр — Хоразмда

“Уч авлод учрашуви” кўҳна диёр — Хоразмда

Дунё тараққиётининг бешиги ҳисобланган шаҳарлар, цивилизациялар саноқли. Улар қаторида Хоразмнинг борлиги ҳар бир ўзбекистонлик учун фахр ва ифтихор эканига шубҳа йўқ. Тамаддун бешикларидан ҳисобланган бу диёр доимгидек юксак эътибор ва диққат марказида. Тарихи минг йиликларга бориб тақаладиган заминдаги бугунги ўзгаришлар, янгиланишлар, фан ва таълим, ишлаб чиқариш, маданият, инсон қадр-қиммати, миллатлараро тотувлик, бағрикенглик тамойиллари асосида олиб борилаётган катта ҳажмдаги самарали ишлар, хайрли ташаббусларнинг сони йилдан йилга ошиб бормоқда. Кўлами жиҳатдан кенгайиб бораётган “Уч авлод учрашувлари”нинг навбатдаги тадбирларига кўҳна кент — Урганч мезбонлик қилди.

Ўзбекистон Қаҳрамонлари, фахрий устоз ва мураббийлар, мамлакат тараққиётига, бугунги тинч, осуда, доруломон кунларга тамал тоши қўйилишида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган ёши улуғлар, ёшлар билан биргаликда, янгиланаётган Хоразмнинг диққатга сазовор масканлари, янги иморатлар, таълим масканларида бўлиб, ҳамюртларимиз, айниқса, ёшларга яратилган шароитлар билан яқиндан танишишди.

Кун давомида олинган таассуротлар бир дастурхон атрофида, кўп йиллик қадрдонлар, устоз шогирдлар, бир сўз билан айтганда, уч авлод ўртасидаги суҳбатларда ўз аксини топди. Кўнгил кўнгилдан сув ичади дейишади. Улуғларимиз, ўрта авлод вакиллари ҳамда эртамиз эгаларини жам қилган дилбар давралар, бугунги тинч ва фаровон кунлар, обод масканлар, миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликда бугунидан рози бўлиб умргузаронлик қилаётган ҳамюрларимизнинг шукроналика йўғрилган суҳбатларига бой бўлди.

Тадбирда Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева, Президент  маслаҳатчиси, генерал-лейтенант Турсинхан Худайбергенов, Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов, Хоразм вилоят ҳокими Фарҳод Эрманов ва бошқалар сўзга чиқиб ушбу тадбирнинг моҳияти ва тарбиявий аҳамияти ҳақида тўхталдилар.

Уч авлод учрашуви. Тарих, бугун ва келажакни бирлаштира олган анжуман кексаю ёшнинг хотира зарварақларида унутилмас кун бўлиши шубҳасиз. Сабаби, жонли тарих билан сўзлашиш, уларни яқиндан таниш биргаликда ҳамфикр бўлиш ёшлар учун катта тажриба ва ҳаёт мактаби бўлиб хизмат қилади.

 “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик”.  Бугун ана шу шиор остида, бир юртда турли миллат ва элат вакиллари тинч-тотув ҳаёт кечиришмоқда. Мамлакатимизда илк бор 30 июль — Халқлар дўстлиги куни кўп миллатли Хоразм элида ҳам кўтаринки кайфиятда бўлиб ўтди.

Миллатлараро дўстлик, бирдамлик, меҳр-оқибат каби инсоний фазилатлар тараннуми ҳисобланган уч авлод учрашувларида қўшни мамлакатлардан келган талабалар ҳам доимо иштирок этиб, шу жамиятнинг фаол аъзоларига айланиб боришмоқда. Туркманистонлик, ҳиндистонлик ва покистонлик талабалар ўз тенгдошлари билан биргаликда бу каби маънавий-маърифий тадбирларнинг доимий иштирокчилари.

Меҳр-мурувват, эътибор ва ғамхўрлик ҳар биримиз учун маънавий қувват манбаимизга куч қўшади.  Уч авлод учрашувида нафақат вилоятдан балки бутун  Республикадан ташриф буюрган таниқли дарғалар, шу заминга меҳнати сингган, унинг равнақига, мустаҳкам келажак иморатига ўзининг тамал тошларини қўйган меҳнат фахрийлари, устозлар, турли миллат вакиллари, намуна қилиб кўрсатса арзигулик ёшлар кенг жамоатчиликка таништирилди. Сидқидилдан кўрсатган хизматлари, жамиятдаги фаол иштироки учун эса бир гуруҳ ватандошларимиз Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги эсдалик нишони билан тақдирланди.

Даврадаги самимий ва дилкаш суҳбатлар, катта ҳаёт тажрибасига эга ёши улуғлар билан мулоқотлардан тўлқинланган ёш етакчилар ҳам ўзининг дил сўзларини яширмади.

Интилиш ва изланишлар ҳар доим ўз натижасини кўрсатади. Бу ҳаракатларни эса аждодлар мероси, уларнинг бой тажрибаси билан бевосита бирлаштириш муваффақият гарови. Янги Ўзбекистонни бунёд этиш учун эса ёшларимиз учун нафақат ўткир зеҳн ва ақл, замонавий билимлар, балки кекса авлод вакилларининг катта ҳаёт мактабидан олган сабоқлари, миллий қадрият ва анъаналарга ҳурмат, Ватанга бўлган муҳаббату садоқат, шу билан бирга юртимиздаги ўзгаришларга дахлдорлик ҳисси билан яшаш ҳам талаб этилади. Уч авлод учрашувлари ана шундай кучли руҳий қувват бераётган мактаб вазифасини ўтаб бераётганига яна бир бор амин бўлдик.

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img