Учига чиққан фирибгар Қаҳрамонлик унвонини олди

0

Эндигина 26 ёшга кирган фирибгарнинг турмуш ўртоғи унинг кирдикорларидан мутлақо хабарсиз эди. Шу боис, НКВД ходимлари ўртоқ Пургинни ҳибсга олиш учун ярим кечаси унинг уйига бостириб киришганида, Пургина хоним бутунлай эсдан оғай деди: — Нима қилаётганингизни тушунмаяпсиз чоғи? Ахир у Совет Иттифоқи қаҳрамони! Фин урушида қатнашиб, яраланган. Қаҳрамонлик кўрсатган одамнинг қўлига кишан солишга қандай ҳаддингиз сиғди? Мен ҳозир ўртоқ Сталинга қўнғироқ қиламан.

Бу тарифлар ҳақиқатан эшитган қулоқни чўчитадиган даражада эди-я, агар-да бу борадаги ҳужжатлар қалбаки бўлмаганда.

Кейинчалик бу шўрлик аёл 31 яшар Валентин Пургиннинг аслида 26 ёшли Владимир Голубенко эканлиги, унинг ўғрилик, товламачилик ва фирибгарлик жиноятлари учун икки бор қамалиб чиққанлигини билгач қандай ҳолатга тушганлигини тасаввур қилинг-а… Лекин ҳа, яна бир лекини фириб бобида устаси фаранг Владимир Голубенконинг кўксига осилган “Олтин юлдуз” медали, бошқа орден ва гувоҳномалари қалбаки эмас, ҳақиқий эди! Бу ҳолатнинг бошқа жиноятлардан ажралиб турадиган эътиборли жиҳати шундаки, собиқ СССР тарихида бунгача на алдов ва на фирибгарлик йўли билан давлатнинг бу каби энг олий мукофотига ҳеч ким эришмаган, бундай бирорта жиноят ҳам содир этилмаган эди ва ундан кейин ҳам бўлмади.

Ўлгудай шуҳратпараст

Владимир фирибгарлик бобида манаман деган фильм қаҳрамонларини ҳам ярим йўлда қолдириб кетди. Уралнинг кичик бир шаҳарчасида оддий ишчи ва фаррош оиласида туғилган болакайнинг оламшумул жиноятчига айланишини ким ҳам ўйлабди, дейсиз. У илк бор майда ўғрилик учун қамалиб чиққанида 19 ёшда эди. Орадан кўп вақт ўтмай, фирибгарлик учун яна меҳнат тарбия колониясига жўнатилган Голубенко у ердан қочишга муваффақ бўлди. Йўловчи поездида нотаниш одамнинг ҳужжатларини ўғирлади ва паспортидаги расми ўрнига моҳирлик билан ўзиникини ёпиштиргач, ўзидан беш ёш катта Валентин Петрович Пургинга айланди қўйди.

Одатда ўғрилар кўздан панада юришни маъқул кўришади. Лекин Голубенко оддий ўғрилардан эмасди-да. У бирваракайига бойлик ва шон-шуҳратга эришишга аҳд қилди ва янги ҳаёт сари дадил қадам ташлади. Сохта Пургин ўзи учун ўта моҳирлик билан Ҳарбий транспорт академиясининг битирувчиси, академиядан тавсифнома ва йўлланма каби қалбаки ҳужжатлар ясади. Даставвал Свердловск шаҳридаги “Путёвка” газетасининг мухбири лавозимига ишга жойлашди. Сўнгра парвозни юқорироққа, Москва томон бурди. Собиқ ўғригина бола тез орада обрўли “Комсомольская правда” газетасининг ҳарбий бўлим мудири ўринбосари лавозимига кўтарилди.

Ҳар соҳанинг ўз устаси бўлгани каби, Голубенко-Пургиннинг фирибгарлик маҳоратига тан бериш керак. Сўзамол, зиёлинома афти ангори ёқимтойгина, одамлар орасида ўзини тутишни ҳам биларди. Янги лавозимда орттирган дўстлари даврасида очиқ-ойдин бўлмаса ҳам, у ўзини НКВДнинг махфий агенти эканлигига шама қиларди. Гоҳида ишда кўкрагида Қизил Юлдуз ордени билан пайдо бўлиб, кўпчиликнинг юрагини ўйнатарди. Бундай юксак унвонга қайси хизматлари эвазига эришганлигини сўраб қолишгудек бўлса, юзига сирли тус бериб, “айтишга ҳаққим йўқ”, дегандек елка қисиб қўярди.

Онасини ҳам аралаштирди

Аслида, бу шон-шуҳратнинг бари олдиндан ўйлаб амалга оширилган жўнгина товламачилик маҳсули эди холос. Валентин Петрович Москвага келгандаёқ, келажагини ўйлаб ошна-оғайниларининг ёрдами билан онасини СССР Олий Мажлис Президиуми биносига тунги фаррошликка ишга жойлаштирганди. Онахон “бутун­иттифоқ етакчиси” Михаил Калининнинг кабинетини ҳам тозаларди. Аёл ўғлининг илтимосига кўра, у ердан ҳақиқий орден ва мукофот ёрлиқларини ўғирлаб, унга келтириб берганди. У пайтларда ҳозиргидек кузатув камералари бўлмагани сабабли, бу ўғирлик ҳеч бир қийинчилик туғдирмаган. Давлат раҳбарининг имзосини эса бир пайтлар у билан бирга колонияда жазони ўтаган рассом маромига етказиб ясаб берди. Шу тарзда найрангбоз учта орден ва уларни тақиб юриш ҳуқуқини тасдиқловчи гувоҳномага эга бўлди.

Устамон фирибгарнинг иштаҳаси борган сари очилиб борарди. Япон-мўғул ҳарбий тўқнашуви айни қизиган бир пайтда у “Комсомолька” газетаси томонидан мақола тайёрлаш учун Халхин-Голга хизмат сафарига юборилади.

Маълум вақт ўтгач, таҳририят “Ўртоқ В.П.Пургин жанг пайтида ярадор бўлиб, Узоқ Шарқда госпиталда даволанмоқда” мазмундаги хабар олади. Орқасидан эса Валентин Петрович Ленин ордени билан Москвага қайтиб келади. Ҳа, бу ҳам фирибгарнинг навбатдаги найрангларидан бири эди. Аслида, у Москвадан ташқарига чиқмаган, орден эса М.Калинин кабинетидан ўғирланган мукофотлардан бири, ҳужжатлар эса собиқ жиноятчи рассомнинг “асари” эканлиги ҳам кейинчалик маълум бўлди.

Нафс ўпқони очилгач…

Бошқаларга бундай улкан шон-шуҳрат, олий мукофотлар, катта пул ва обрў кўпдек кўринса бордир, лекин эндигина 26 ёшли йигит учун ўз оёғи билан силлиққина кириб келган бу ютуқ ўзига оздек туюлаверди. 1940 йил бошларида унинг кўзи Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига тавсия қилинган бир гуруҳ совет-фин жанги қатнашчиларининг рўйхатига тушиб қолди. Шу онда кўнгли Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонини тусаб қолди. Тез фурсатда калласида режа пишди ва пайсалламай ишга киришди. Қачонлардир 39-махсус штабда хизмат сафарида бўлган вақтида ўғирлаб олинган бланкалар яна қўл келди. Мазкур штаб бошлиғи номидан СССР Қуролли Кучлари таркибидаги қўмитага ўртоқ В.П.Пургинни юксак унвон билан тақдирлаш ҳақида тақдимнома юборди. Хатда унинг Ленин ордени ва Қизил юлдуз ордени соҳиби эканлиги, финлар билан жангда қаҳрамонлик кўрсатиб, оғир ярадор бўлгани алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Қарангки, яна товламачига омад кулиб боқди. Политбюро хатдаги фактларни текшириб ҳам кўрмай қарор қабул қилди. 1940 йил 22 апрельда “Комсомольская правда”да Валентин Петрович Пургинга Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони берилганлиги ҳақида хабар чоп этилди. Пургин-Голубенко “еттинчи осмонда” эди. Бўлмаса-чи, таниқли журналистга уйланди, яхши квартирага эга бўлди. У ўзини ҳақиқий қаҳрамондек ҳис қилди, ўзи тўқиган эртакка ўзи ҳам ишонди. Ёшлар, колхозчилар билан учрашувларда жасорати ҳақида тўлқинланиб ҳикоя қиларди. Ҳаммаси силлиқ кетаётган эди, фирибгар кутилмаганда панд еди. Газетада унинг суратини кўрган жазо колонияси ходимлари ва ундан фириб еган жабрланувчилар Владимир Голубенкони таниб қолишди. 1940 йил июль ойида “қаҳрамон” фирибгарни қўлга олишган собиқ “сафдошлари” унинг кирдикорларидан ҳайратга тушишди. 1940 йилнинг декабрида СССРни ўйнатган товламачи фирибгарга чиқарилган отув ҳукми ижро этилди. Бир вақтнинг ўзида унга Совет Иттифоқининг Қаҳрамони унвони бериш ҳақидаги қарор ҳам расмий бекор қилинди.

 Фарида ҚОРАҚУЛОВА таржимаси.

Манба “Аргументы и факты”.