ЯнгиликларҲуқуқУмрбод таъминлаш шарти билан уй-жойларини бошқа шахсга ўтказиб бериш тартиби қандай?

Умрбод таъминлаш шарти билан уй-жойларини бошқа шахсга ўтказиб бериш тартиби қандай?

Глобаллашув замонида ички ва ташқи миграция кучайиши эвазига кўпинча фарзандлари чет элларга яшаш учун кетган кексалар умри ўтган жойдан кетишни хоҳламасдан, ёлғиз қолаётганини кузатиш мумкин. Баъзан қариндош, баъзан бегона шахслар қарамоғида қолган ёлғиз қариялар уларни умрбод таъминлаш шарти билан уй-жойларини бошқа шахсга ўтказиб бериш шартномалари тузишади. Асл мақсади уй-жой бўлган, ноинсоф қариндош ёки бегона шахснинг шартнома шартларига амал қилишини таъминлашнинг қандай йўллари бор?

Баъзи бир ҳолларда турар жой эгаллари кекса ёшда бўлганлиги ёки соғлиғи туфайли бирор бир шахснинг парваришига ва таъминотига муҳтож бўлиб қолади. Бундай каби уй эгалари ўзларига кўрсатиладиган парвариш ва таъминот эвазига номларида бўлган уй жойларни, уй-жойини бир қисмини ёки бўлмаса квартирасини парвариш ва таъминот қилувчи шахсга ўтказиб бериш истагида бўлиб қолишади. Шундай истагидаги уй эгасини парваришлаб ва таъминотини олиб бориб эвазига уй-жойлик бўлишни истагини билдирган шахслар иккинчи тарафдан истаг билдиришганида умрбод таъминлаш шарти билан турар жойни бошқа шахсга ўтказиш шарномасини тузиш лозим.

Умрбод таъминлаш шарти билан уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини бошқа шахсга ўтказиш шартномаси қонунчигилимиз талабларига кўра ёзма шаклда тузилиши ва нотариал тасдиқланиши лозим.

Нотариус уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини умрбод таъминлаш шарти билан бошқа шахсга бериш шартномасини тасдиқлашда, уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини бошқа шахсга ўтказиш бўйича битимларни тасдиқлашнинг умумий қоидаларига риоя қилади ҳамда Фуқаролик кодексининг 530—534-моддалари талаблари асосида амалга оширилади.

Умрбод таъминлаш шарти билан уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини бошқа шахсга ўтказиб бериш шартномасини тасдиқлаш пайтида уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини бошқа шахсга берувчи шахснинг меҳнатга лаёқатлилиги (ёши ёки соғлиғи бўйича) текширилиб, бу ҳақда шартнома матнида кўрсатилиши лозим. Мазкур шартномада уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини бошқа шахсга берувчига моддий таъминотнинг қандай турлари берилиши, уларни ҳар ойдаги пуллик баҳоси ва уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмининг қиймати ҳам кўрсатилган бўлиши керак. Бошқа шахсга ўтказилаётган уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисми ва моддий таъминотнинг қиймати тарафлар келишувига биноан белгиланади.

 Шахс вояга етмаган бўлса, у уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини умрбод таъминлаш шарти билан бошқа шахсга берувчи бўла олмайди.

Умрбод таъминлаш шарти билан уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини бошқа шахсга бериш шартномаси бўйича уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини мулк қилиб бериш мажбуриятини олган шахснинг вафотига ёки ушбу шартнома бекор қилингунга қадар нотариус томонидан уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмига тақиқ қўйилади.

Уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини бошқа шахсга ўтказиб берувчи учун шартноманинг афзалик томони умрини охиригача яшаб келаётган жойида яшаш ҳуқуқини сақлаб қолади.

Шартнома амал қилиб турган даврда уйни олувчи шахс уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини сотишга, ҳадя қилишга, гаровга қўйишга ва уй-жойни мулк ҳуқуқини оғирлаштирадиган бошқа ҳаракатларни амалга оширишга ҳақли эмас.

Шунингдек, таъминлаш шарти билан олган шахснинг қарздорликлари юзасидан ундириш ишлари олиб борилганида умрбод таъминлаш шарти билан ўтказиб берилган уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмига қаратилмайди. Таъминлаш шарти билан берилган кучмас мулк тасодифан нобуд бўлиши олувчини шартнома бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятлардан озод қилмайди.

Таъминот ва парваришни олиб борувчи шахс томонидан шартномада белгиланган мажбуриятлар бажарилмай еки лозим даражада бажарилмаса уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини бошқа шахсга ўтказиб берувчи шахс таъминотни вақти-вақти билан ҳақ тарзида тўлаб туришга алмаштиришни ёки бекор қилишни талаб қилиши мумкин.

Олувчи учун шартноманинг афзалик томонларидан катта миқдордаги пулни бирданига туламасдан, ойма ой фоизсиз тулаб бориш эвазига катта чегирмали муқобил нархда турар жойга эга бўлиши, ҳамда шартнома нотариус томонидан тасдиқланиши билан кучмас мулкка дарҳол эгалиги белгиланади ва уй-жой берувчининг вафотидан сўнг тўлиқ фойдаланиш ҳуқуқларга эга уй эгасига айланади.

Шунингдек, таъминот ва парваришни олиб борувчи шахс шартнома мажбуриятларини бажариш бўйича ўзининг ўрнига ижрочиларни тайинлаши мумкин.

Уй-жойни бошқа шахсга берувчи тарафдан шарнома бекор қилинган тақдирда олувчи шахс шартнома амалда бўлган вақтда бошқа шахсга берувчини таъминлаш ва уйни сақлаб туришга қилган харажатларни қоплашни талаб қилишга ҳақли.

Таъминот ва парваришни олиб борувчи шахснинг моддий аҳволи ўзига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра шартномада шартлашилган таъминотни бера олмайдиган даражада ўзгарса ёки таъминот ва парвариши олиб борилаётган шахс меҳнат қобилиятини тикласа, таъминот ва парваришни олиб борувчининг талабига кўра шартнома бекор қилиниши мумкин.

Шартнома амал қилиб турган даврда таъминот ва парваришни олиб борувчи шахс вафот этган тақдирда шартнома мажбуриятлари унинг ворисларига ўтади, ворислари бўлмаганда ёки улар шартнома мажбуриятларини бажаришдан воз кечганларида олинган уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисми таъминоти ва парвариши олиб борилган шахсга қайтарилади.

                                                   Шуҳратжон АХМЕДОВ,

Марғилон шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус

                                                 

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img