Шахснинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш конституциявий ҳуқуқлардан биридир

0

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 27-моддасига биноан, Ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жойи дахлсизлиги ҳуқуқига эга.

Ҳеч ким қонун назарда тутган ҳоллардан ва тартибдан ташқари бировнинг турар жойига кириши, тинтув ўтказиши ёки уни кўздан кечириши, ёзишмалар ва телефонда сўзлашувлар сирини ошкор қилиши мумкин эмас.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа асосий халқаро хужжатларнинг принципиал қоидаларини ўзида мужассам этган холда, Конституциямиз инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, унинг эркинликлари давлат манфаатларидан устунлигини мустаҳкамлади, одамларимиз учун муносиб ҳаёт шароитини яратишни ўзининг туб мақсади этиб белгилади, ижтимоий адолат тамойилларини эълон қилди . Жиноят процессида ушлаб туриш жиноят судлов вазифаларини ҳал этишга йўналтирилган, кечиктириб бўлмайдиган ҳолатларда қўлланадиган превентив процессуал мажбурлов чораларидан биридир.

Конституциямизнинг ушбу моддасини шарҳлайдиган бўлсак, ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жойи дахлсизлиги ҳуқуқи инсоннинг холис ва ажралмас ҳуқуқи сифатида мустаҳкамланган. Бошқача қилиб айтганда, бу ерда сўз инсоннинг ҳеч ким, ҳатто давлат ҳам тортиб ололмайдиган ҳуқуқлари тўғрисида бормоқда.

Шаънга тажовузлардан ҳимояланиш ҳуқуқи моҳиятан инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ичида энг асосийси ҳисобланади. Бу маънода инсоннинг шаъни – унинг ҳуқуқ ва эркинликлари манбаидир. Шаън – бу жамият томонидан муайян инсоннинг ижтимоий қиммати, ўзига хослигини, ҳар бир шахснинг  инсоният жамиятининг бир бўлаги сифатида тан олишдир.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси шахснинг шаъни ва қадр қиммати бошқа конституциявий ҳуқуқларнинг негизи эканлигидан  келиб чиқади. Конституцияда мустаҳкамланган сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, маданий ва бошқа ҳуқуқларни амалга ошириш – шахснинг шаъни ва қадр-қимматини таъминлашнинг муҳим шартидир. Шу жиҳатдан инсоннинг шаъни ва қадр-қимматининг ҳимояланганлиги – мезон, принцип бўлиб, унга қонун ижодкорлиги, ҳуқуқни қўллаш фаолиятида амал қилиш зарур.  Шахснинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш – барча давлат органлари ва жамоат ташкилотлари, мансабдор шахслар ва фуқароларнинг мажбуриятидир.

Шаън инсоннинг субъектив ҳуқуқи сифатида қадр-қиммат, обрў ва яхши номни муҳофаза қилишни ўз ичига олади. Шахснинг шаънини ҳимоя қилиш мутлақ ва у давлат томонидан амалга оширилади; ҳеч қандай ҳолат уни инкор этиш учун асос вазифасини ўтай олмайди. Шунинг учун ҳар қандай шахснинг – фақат катта ёшли, муомала лаёқатига эга эмас, балки вояга етмаган ва муомала лаёқатига эга бўлмаган шахсларнинг шаъни ҳам ҳимояланиши зарур.

Шаън ва қадр-қиммат номоддий неъматлар тоифасига кириб, ўз навбатида фуқаровий ҳуқуқларнинг алоҳида гуруҳини ташкил этади. Номоддий неъматлар дейилганда иқтисодий мазмунга эга бўлмаган ва амалдаги қонунчиликда унга эга бўлганларнинг шахсидан ажралмайдиган деб эътироф этилган неъмат ва эркинликлар тушунилади.

Шаън ва қадр-қимматни ҳимоя қилиш турли шаклларда амалга оширилади: конституциявий-ҳуқуқий, жиноий-ҳуқуқий, фуқаровий-ҳуқуқий ва бошқа соҳалар. Бу ҳолатда, агар конституциявий-ҳуқуқий шакл ҳимоя институтининг ўзини мустаҳкамласа, бошқа шакллар уни амалга ошириш механизмини тартибга солади.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг VI боби қуйидаги шахснинг шаъни ва қадр-қимматига қарши содир этилган жиноятларга бағишланган: туҳмат (139-модда), ҳақорат қилиш (140-модда), шунингдек аёлни никоҳ қуришга ёки никоҳда бирга яшашда давом этишга мажбурлаш ёхуд унинг хохиш-иродасига қарши никоҳ қуриш учун олиб қочиш (136-модда).

Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 17-моддасида “Шахснинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш” принципи мустаҳкамланиб, унда “Инсон шаъни ва қадр-қимматини камситадиган, унинг шахсий ҳаётига тааллуқли маълумотлар тарқалиб кетишига олиб келадиган, соғлиғини хавф остига қўядиган, асоссиз равишда унга жисмоний ва маънавий азоб-уқубат етказадиган ҳаракатлар қилиш ёки қарорлар чиқариш тақиқланади”, дейилади. Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 18-моддасида: “Фуқароларнинг шахсий ҳаёти, уларнинг турар жойлари дахлсизлиги, ўзаро ёзишмалари, телеграф алоқалари ва телефон орқали сўзлашувларининг сир сақланиши қонун билан қўриқланади. Шахс эгаллаб турган турар жой ёки бошқа бино ва ҳудудда тинтув ўтказиш, олиб қўйиш, кўздан кечириш, алоқа муассасаларида почта-телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйиш ва уларни олиб қўйиш, телефонлар ва бошқа сўзлашув қурилмалари орқали олиб борилаётган сўзлашувларни эшитиб бориш фақат ушбу Кодексда белгиланган ҳолларда ва тартибда амалга оширилиши мумкин”, дейилган.

Ўзбекистон Республикасининг  2012 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-344-сонли “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги Қонунининг 7-моддасида инсоннинг шахсий ҳаёти ҳолатларига оид маълумотларнинг ошкор этилишига олиб келадиган, унинг ҳаётини, соғлиғини хавф остига қўядиган, шаъни ва қадр-қимматини камситадиган ҳаракатларни амалга ошириш тақиқланиши, 13-моддасида эса  фуқароларнинг шахсий ҳаётига тегишли, шаъни ва қадр-қимматига дахлдор маълумотларни уларнинг розилигисиз ошкор этмаслик таъкидланган.

Фуқаровий-ҳуқуқий шаклларга Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1-моддасини киритиш мумкин, унда хусусий ишларга бирон бир кишининг ўзбошимчалик билан аралашишига йўл қўйилмаслиги принципи мустаҳкамланган. Ушбу принципни такомиллаштириб, ФКнинг 100-моддасида фуқаро ўзининг шаъни, қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар юзасидан, башарти бундай маълумотларни тарқатган шахс уларнинг ҳақиқатга мос келишини исботлай олмаса, суд йўли билан раддия этишга, ўзига етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплашни талаб қилишга  ҳақли. Агар суднинг фуқаронинг шаъни, қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотларни рад этиш юзасидан қарори бажарилмаган бўлса, суд ҳуқуқбузарга нисбатан қонунда назарда тутилган тартибда жарима қўллаши мумкин (МЖтКнинг 198-1-моддаси; ЖКнинг 232-моддаси). Бу ҳолда жаримани тўлаш ҳуқуқбузарни суд чиқарган қарорда назарда тутилган мажбуриятларни бажаришдан халос этмайди.

Шахсий ҳаётга аралашмаслик – инсоннинг шахсий ҳуқуқларини кафолатловчи асосий конституциявий принциплардан биридир. Мазкур принцип остида инсоннинг шахсий ва олилавий ҳаётига кимнингдир аралашуви, шунингдек унинг розилигисиз шахсий ҳаётига оид маълумотларни тарқатиш ман этилиши  тушунилади.

Агар фуқаронинг шахсий ҳаёт ҳуқуқини бир қанча ошкор этилмаслиги кафолатланган сирларнинг йиғиндиси деб тасаввур этилса, уларнинг ичида қуйидагиларни ажратиб кўрсатиш мумкин: шахсий сирлар (ҳеч кимга ошкор этилмайдиган) ва касбий сирлар (фуқаролар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан маълум касб эгаларига ошкор этиладиган). Ушбу мазмунда шахсий сирларга: ижод ва муносабатлар сирлари; оилавий сирлар; турар жой, кундаликлар, шахсий ҳужжатлар, почта-телеграф жўнатмалари ва телефон сўзлашувлари сирлари киради. Касбий сирларга эса тиббиёт, банк, суд ҳимояси ва вакиллик, фарзанд асраб олиш, дастлабки тергов, нотариал ҳаракатлар, фуқаролик ҳолатини қайд этиш сирларини киритиш мумкин (Оила кодекси, Фуқаролик кодекси, Ўзбекистон Республикасининг “Журналистнинг касбий фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”,”Ахборот эркинлигининг кафолатлари ва принциплари тўғрисида”ги қонунлари).

Жиноят судлов ишларини юритишда ушбу принцип жиноят ишларини юритувчи давлат органларининг мансабдор шахслари жиноят процесси иштирокчиларининг шахсий ҳаётига аралашишни ман этувчи ҳуқуқий талаблар негизида мужассамланган.

Жумладан:

жиноят ишларини юритиш вақтида ҳар бир иштирокчига хусусий (шахсий ва оилавий ) ҳаётга аралашмаслик кафолатланади;

ҳеч ким шахснинг розилигисиз унинг шахсий ҳаёти ҳақидаги маълумотларни тўплаш, сақлаш, фойдаланиш ва тарқатига ҳақли эмас;

Ўзбекистон Республикаси ЖПКда назарда тутилган тартибда шахснинг шахсий ҳаётига оид маълумотлардан фақат жиноят судлов ишлари олдида турган вазифаларни адо этишда фойдаланиш мумкин;

шахсий ҳаётга оид маълумотлар билан танишиш рухсат этилган ҳар қандай шахс бундай ахборотни тарқалиб кетишининг олдини олишга мажбур;

шахсий ва оилавий ҳаётга тааллуқли маълумотлар тарқалиб кетишига олиб келадиган ҳолларда суд жиноят судлов ишларини ёпиқ суд муҳокамасида кўришга ҳақли (ЖПКнинг 17, 19, 271-моддалари).

Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган халқаро ҳужжатларда ҳам инсоннинг шаъни, обрўси, шахсий ҳаёти ва турар жой дахлсизлиги ҳақидаги қоидалар мавжуд. Жумладан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 12-моддасида “Ҳеч кимнинг шахсий ва оилавий ҳаётига ўзбошимчалик билан аралашиш, уй-жойи дахлсизлигига, унинг ёзишмаларидаги сирларга ёки унинг номус ва шаънига ўзбошимчалик билан тажовуз қилиниши мумкин эмас. Ҳар бир инсон худди шундай аралашув ёки тажовуздан қонун орқали ҳимоя қилиниш ҳуқуқига эга”, дейилган. Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида халқаро пактнинг 17-моддасида  “Ҳеч ким ўзининг шахсий ва оилавий ҳаётига ўзбошимчалик ёки ноқонуний тарзда аралашишга, ўзининг уй-жойи ёки ёзишмалари сири дахлсизлигига ўзбошимчалик ёки ноқонуний тарзда тажовуз қилинишига ёки унинг ор-номуси ва шаънига ноқонуний тажовуз килинишига дучор этилиши мумкин эмас. Ҳар бир инсон худди шундай аралашув ёки тажовузлардан қонун орқали ҳимоя этилиш ҳуқуқига эга”, дейилган.

АҚШ конституциявий амалиётида шахсий ҳаёт дахлсизлиги “правейси” деб номланиб, баъзи ҳолларда “тинч қўйиш ҳуқуқи” деб ҳам аталади. Немис ҳуқуқ доктринасида эса “шахснинг ахборот суверенитети” ғояси шакллантирилган.

Турар жой дахлсизлиги ҳам инсоннинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларига мансуб бўлиб, унинг шахсий ҳаётини муҳофаза қилишга хизмат қилади. Ушбу ҳуқуқ шахснинг турар жойига ҳеч ким қонунда кўрсатилган асосларсиз  киришга ҳақли эмаслиги қоидаси орқали амалга оширилади. Турар жой дахлсизлиги деганда шахсий, бегоналар кириши мумкин бўлмаган, қулай шароитларда яшашни таъминловчи, шахснинг хусусий ҳаётидаги табиий жараёнлар ҳақидаги ахборотлар, шахсий ва оила сирлари сақланишини кафолатловчи ёпиқ ҳудуд тушунилади.

Турар жой дахлсизлиги конституциявий ҳуқуқи – инсоннинг Конституция ва бошқа халқаро ҳужжатларда белгиланган қулай ва хавфсиз яшаши учун ижтимоий ваколатлари ва ўз турар жойига бегоналарни киритиш юзасидан қарор қабул қилишда эркин фикр юритишидир.

Ўзбекистон Республикаси Уй жой кодексининг 9-моддасига биноан, фуқароларнинг доимий яшашига мўлжалланган, белгиланган санитария, ёнғинга қарши, техник талабларга жавоб берадиган, шунингдек белгиланган тартибда махсус уйлар (ётоқхоналар, вақтинчалик уй-жой фонди уйлари, ногиронлар, фахрийлар, ёлғиз қариялар учун интернат-уйлар, шунингдек болалар уйлари ва бошқа махсус мақсадли уйлар) сифатида фойдаланишга мўлжалланган жойлар турар жой деб ҳисобланади.

Турар жой дахлсизлигини ҳуқуқини амалга ошириш механизми шарҳланаётган модданинг иккинчи қисмида, Ўзбекистон Республикаси  Жиноят-процессуал кодексида, Ўзбекистон Республикасининг “Ички ишлар органлари тўғрисида”, “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги Қонунларида, шунингдек бошқа меъёрий-ҳуқуқий актларда мужассамланган. Бу ҳолатда қонун деганда Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг ушбу ҳолатлар қайд этилган ва турар жойни тинтув қилиш ҳамда кўздан кечириш назарда тутилган 20, 21-моддалари назарда тутилади.

Фуқароларнинг турар жой дахлсизлигини бузиш, яъни турар жойга унда яшовчиларнинг иродасига қарши куч ишлатган ҳолда ноқонуний кириш Ўзбекистонда жиноят ҳисобланади ва жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради.

Ёзишмалар ва телефонда сўзлашувлар сирини ошкор қилмаслик ҳам шахснинг муҳим конституциявий ҳуқуқларидан биридир. Фуқароларнинг шахсий алоқа воситаларидан фойдаланишда дахлсизлик ҳуқуқининг маъноси шундаки, қонунда бевосита назарда тутилган ҳолатлардан ташқари ҳеч кимнинг шахсий иродасига зид ҳолда унинг ёзишмалари, телефон сўзлашувлари, телеграф маълумотлари билан танишишга ҳаққи йўқ.

2017 йил 1 апрелдан бошлаб почта-телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйишга фақат суд қарори асосида йўл қўйилмоқда  (ЖПКнинг 166-моддаси) ҳам шахснинг мазкур конституциявий ҳуқуқини мустаҳкамлашга қаратилган.

Ўзбекистон Республикасида ёзишмалар ва телефонда сўзлашувлар, телеграф ва бошқа жўнатмалар  сирини қасддан ошкор қилиш, агар у шундай қилмиш учун маъмурий жавобгарлик қўлланилгандан кейин содир этилган бўлса, жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради (ЖКнинг 143-моддаси).

Хулоса қилиб айтганда, Суд, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилинишини кафолатлаш, фуқароларнинг хусусий мулкка бўлган ҳуқуқлари кафолатларини кучайтириш, фуқароларнинг одил судловга ҳеч бир тўсқинликсиз эришишини таъминлаш инсоннинг шаъни, қадр-қиммати, унинг шахсий ҳаёти ва турар жойини ҳимоя қилиш конституциявий ҳуқуқларини мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор ташкилий-ҳуқуқий чоралар амалга оширилди. Кейинги босқичда, жиноий жазо тизимини ислоҳ этиш; вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар учун жиноий жазонинг либераллаштирилиши, процессуал ҳаракатлар ўтказилишида уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтирилиши; қилмишнинг жиноятлигини инкор қилувчи, жазони енгиллаштирувчи ва бошқа йўл билан шахс ҳолатини  яхшиловчи қонунларнинг қўлланиши; судланганлик муддатларининг қисқартирилиши; адвокатларнинг роли ва далилларни тўплаш ва мустаҳкамлаш, уларга баҳо бериш тизмини илғор хорижий тажрибада кенг қўлланиладиган исботлаш стандартларини инобатга олган ҳолда қайта кўриб чиқиш, шунингдек, судлов ишларидаги ваколатларининг кенгайтириш, айбига иқрорлик бўйича келишув институтини жиноят процессуал кодекси ва жиноят кодексига киритиш шулар жумласидандир. Асосийси ҳар бир қонун негизида инсон манфатлари ҳамда Конституциямизга мувофиқ бўлиши лозим.

Гулчеҳра Тўлаганова,
юридик фанлар доктори