Уй олиш учун мигрант номидан унинг яқин қариндошлари ва бошқа қариндошлари ҳам ариза бериши мумкин

0

Бугун «Тараққиёт стратегияси» марказида Адлия вазирлиги томонидан ҳар ҳафта ташкил этиладиган «Қонунчиликдаги янгиликлар» брифингида навбатдаги матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда асосий эътибор уй-жойга эҳтиёжманд меҳнат мигрантларига уй ажратиш масаласига қаратилди.

2020 йил 29 январда «Уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат мигрантларига кўп квартирали уйлардан хонадонлар ажратиш чора-тадбирлари тўғрисида» Ҳукумат қарори қабул қилинган эди.

Қарор билан тасдиқланган низомга мувофиқ, уй-жойлар имтиёзли ипотека кредити асосида ҳар йили республикамизнинг туман ва шаҳарларидан белгиланган тартибда ажратилади.

Ташқи меҳнат миграцияси Агентлиги масъул ходимининг маълум қилишича, мазкур низомга мувофиқ, 2020 йил учун мигрантларга республика миқёсида 3 462 та хонадон ажратилаяпти. Шундан Самарқанд вилояти учун 450 та, Андижон учун 420 та, Фарғона учун 420 та, Навоий учун 60 та ва Сирдарё вилояти учун 90 та, шунингдек, Бухоро вилоятига 240 та, Қорақалпоғистон Республикасига 210 та, Жиззах вилоятига 120та, Қашқадарё вилоятига 300 та, Наманган вилоятига 300 та, Сурхондарё вилоятига 270 та, Тошкент вилоятига 180та, Хоразм вилоятига 240 та,Тошкент шаҳрига 162 та хонадон тақсимланган.

Уй-жойлар қандай тартибда берилади?

Бундай уйлардан олмоқчи бўлган меҳнат мигранти авваламбор «Labor migration» дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтиши шарт. Бу президентимизнинг 2019 йил 20 августдаги 5785-сонли фармонида белгилаб берилган. «Labor migration» дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган фуқароларга Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги томонидан тавсиялар берилади ва бу тавсиялар вилоят, туман ва шаҳар комиссияларига киритилади. Шу тавсиялар асосида меҳнат мигрантлари яшайдиган ҳудуддаги комиссия ёш оилалар, ногиронлар ёки хотин-қизлар учун имтиёзли уйлар ажратилгани каби мигрантларга бериладиган уйларга талабгорларнинг ҳужжатини кўриб чиқади ва ҳақиқатдан ҳам эҳтиёжманд эканлигини, оилавий шароитини 15 иш куни ичида муфассал ўрганиб чиқади. Шундан кейин комиссиянинг уй ажратиш ёки ажратмаслик тўғрисида хулосаси чиқарилади.

Эслатиб ўтамиз, Комиссияга ва Ташқи меҳнат миграцияси Агентлиги филиалларига, нафақат, уй-жойга муҳтож мигрантларнинг ўзлари, балки, улар хорижда бўлган тақдирда уларнинг оила аъзолари, оила аъзолари бўлмаса бошқа қариндошлари (амаки, тоға каби) ҳам мигрант номидан ариза билан мурожаат қилишлари мумкин.