Давлат хизмати қандай тушунилиши керак?

Узоқ йиллардан бери “Давлат хизмати тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш долзарб масала бўлиб келаётган эди. Давлат хизматининг умумий жиҳатларини, асосларини, унинг турларини, ташкилий-ҳуқуқий механизмини, уни ўташ тартибини, шунингдек давлат хизматчисининг ҳуқуқий мақомини белгилаб берувчи ягона қонуннинг йўқлиги кўп муаммолар келтириб чиқараётган эди.

Давлатнинг тараққий этиши, энг аввало, давлат хизматини тўғри ташкил этишга боғлиқ. Давлат органларининг самарали фаолият олиб бориши кўп жиҳатдан бу қонуннинг қабул қилинишини тақозо этади. Ҳуқуқшунос олим Е.В.Охотский айтганидек, “Давлат хизматчилари, уларнинг интилиши ва қизиқишлари қандай бўлса, давлат ҳам шундай тараққий этади”.

«Давлат хизмати тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси бир неча марта қайта ишлаб чиқилди, лекин айрим сабабларга кўра қабул қилинмади. Шунингдек, “Давлат хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ва Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясида назарда тутилган эди. Мазкур қонуннинг “Давлат фуқарлик хизмати тўғрисида”ги қонунга қандай боғлиқлиги бор деган савол туғилади. Ёки қонун лойиҳасининг номи шундай таҳрирда ўзгартирилдими? Давлат хизмати билан давлат фуқаролик хизматини фарқи борми? Чунки республикамиз қонунчилик ҳужжатларида асосан давлат хизмати атамаси қўлланиб келинган, лекин давлат хизмати ва давлат хизматчиси тушунчаси ҳеч бир қонунчилик ҳужжатида келтирилмаган. Фақат назарий асослари ҳуқуқшунос олимлар томонидан келтириб ўтилган эди. Давлат хизмати тушунчасига кўпчилик олимлар турлича таъриф беришган.

Жумладан, ҳуқуқшунос олим Б.М.Лазерев “Давлат хизмати – давлатга хизмат қилиш, яъни унинг талаби билан маълум бир пул мукофоти эвазига давлат органида давлат олдида турган вазифа ва функцияларни амалга ошириш бўйича бўладиган фаолиятдир”, деб таъриф берган.

Хорижий давлатларда давлат хизмати тушунчаси қандай?

Ҳуқуқшунос олим О.Т.Хусанов бу ҳақда шундай ёзади, давлат хизмати вакиллик, ижроия, суд ҳокимияти органларининг бошқарувидаги ва бошқа давлат органларидаги давлат номидан унинг вазифаларини бажарувчи хизматлардан иборат. Хорижий давлатлар қонунчилигида давлат хизмати тушунчаси дерли бир-бирига яқин, яъни давлат хизмати деганда профессионал асосда давлат органларининг ваколатларини ижро этишни таъминлашга қаратилган фаолият деб белгиланган. Ҳорижий мамлакатлар қонунчилигини ҳамда ҳуқуқшунос олимларнинг илмий ишларини таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, давлат фуқаролик хизмати давлат хизматининг тизимига кириб, унинг бир тури ҳисобланади.

Жумладан, Арманистон Республикасининг қонунчилигида давлат хизмати тизими фуқаролик хизмати, суд, дипломатик хизмат, мудофаа бўйича махсус хизмат, миллий хавфсизлик, полиция, солиқ, божхона хизмати ва бир қатор давлат хизмати  турларидан иборат. Кирғизистон Республикаси давлат хизмати тизимига эса давлат фуқаролик хизмати, ҳарбий, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва дипломатик хизмат турларини ўз ичига олади. Россия давлат хизматининг тизими давлат фуқаролик, ҳарбий ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш хизмати каби турлардан иборат. Германия Федератив Республикасида давлат фуқаролик хизмати оммавий хизмат деб юритилади.

Давлат хизматининг бундай турларга бўлиниши ҳар бир давлатнинг қонунчилигида махсус қонунлар билан тартибга солинадиган давлат хизмати турлари мавжудлигини билдиради. Бизнинг мамлакатимиз қонунчилигида ҳам ҳарбий хизмат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш хизматлари, солиқ, божхона хизмати ва бошқа бир затор давлат хизматининг турлари алоҳида қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинган, аммо давлат фуқаролик хизмати ва уни ташкил этиш механизмини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжати мавжуд эмас эди. Айрим давлатларда давлат фуқаролик хизматига оид муносабатлар шу давлатнинг Давлат хизмати тўғрисидаги қонуни билан ёки алоҳида Давлат фуқаролик хизмати тўғрисидаги ёхуд Оммавий хизмат тўғрисидаги қонунлар билан тартибга солинган ҳамда давлат фуқаролик хизмати давлат хизматининг тури эканлиги белгиланган. Шунингдек, Президент, бош вазир, губернаторларнинг, судьяларнинг ҳамда давлат сиёсий мансабларини эгалловчи бошқа шахсларнинг фаолияти давлат фуқаролик хизмати ҳисобланмаслиги таъкидлаб ўтилган.

Давлатнинг махсус хизмати фаолияти алоҳида қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади

“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳасида ҳам қонуннинг қўлланилиш соҳаси белгиланиб, қайси соҳаларга татбиқ қилинмаслиги ҳам кўрсатиб ўтилган: мазкур қонун Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Олий Мажлис Сенати аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатлари ҳамда судьялардан ташқари барча Ўзбекистон Республикаси давлат фуқаролик хизматчиларига татбиқ этилади.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, мудофаа, давлат хавфсизлиги органларида, дипломатик, божхона, солиқ ва қутқарув хизматида хизмат ўтаётган давлат хизматчиларининг ҳуқуқий мақоми алоҳида қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади, деб белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларидаги ҳарбий хизмат ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардаги хизмат давлатнинг махсус хизмати ҳисобланади ва алоҳида қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Дарҳақиқат, юқорида келтириб ўтилган соҳалардаги давлат хизматини тартибга солувчи алоҳида қонунлар мавжуд. Масалан, Ички ишлар органлари тўғрисидаги қонун, Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисидгаи қонун, Мудофаа тўғрисидаги қонун, Умумий ҳарбий мажбурият ҳарбий хизмат тўғрисидаги қонун, Давлат солиқ хизмати, Давлат божхона хизмати тўғрисидаги қонун ва бошқа шу каби махсус қонунлар билан тартибга солинади.

Шунингдек, қонун лойиҳасида давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестрига киритилган лавозимларда амалга оширувчи Ўзбекистон Республикасининг фуқароси давлат фуқаролик хизматчиси ҳисобланиши белгиланган. Давлат фуқаролик хизматининг Давлат лавозимлари реестри, яъни давлат органлари ва ташкилотларидаги иерархик тарзда ташкил қилинган давлат лавозимларининг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади. Энди ким давлат фуқаролик хизматчиси ва унинг ҳуқуқий мақоми, ижтимоий кафолатлари, унинг фаолиятини баҳолаш қандай аниқланади, деган баҳс-мунозарага асос қолмайди.

Қонун лойиҳаси 11 та боб ва 75 та моддадан иборат бўлиб, Қонунни қўлланилиш соҳаси ва мақсади; давлат фуқаролик хизматининг асосий принциплари; Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги ваколатлари; давлат фуқаролик хизматчисининг ҳуқуқий ҳолати (мақоми) (давлат фуқаролик хизматини ўташ билан боғлиқ ҳуқуқ, мажбурият ва чекловлари); давлат фуқаролик хизмати соҳасида коррупциянинг олдини олиш
чора-тадбирлари (манфаатлар тўқнашуви, даромадлари, мол-мулки ва кўп миқдордаги харажатларини декларация қилиш); миллий кадрлар захираси; давлат фуқаролик хизматига кириш, ўташ ва уни тугатиш тартиби; давлат лавозимларининг гуруҳ ва категориялари; давлат фуқаролик хизматчиларининг малака ва мартаба даражалари; давлат фуқаролик хизматчиларининг касбий ривожланиши; фаолият самарадорлигини баҳолаш тизими (KPI); давлат фуқаролик хизматчиларини меҳнатига ҳақ тўлаш, пенсия таъминоти ва ижтимоий ҳимояси; давлат фуқаролик хизматчиларининг жавобгарлиги каби муносабатларни тартибга солиши белгиланган.

Қонун лойиҳаси фақат харажатлар декларацияси учунгина аҳамиятлими?

Кўпчилик ижтимоий тармоқда мазкур қонуннинг қабул қилиниши давлат хизматчиларини мол-мулки ва кўп миқдордаги харажатларини декларация қилиш учунгина аҳамиятли деб ҳисоблашмоқда. Ваҳоланки, декларация қилиш коррупциявий омилларни бартараф этиш ва уларга қарши курашиш мақсадида амалга оширилиб, мазкур тартиб фақат давлат фукаролик хизматчиларига нисбатан эмас, балки барча турдаги давлат хизматчиларига нисабатан татбиқ этилиши керак. Мазкур қонун билан фақат Давлат фуқаролик хизматчилари ва улар оила аъзоларининг даромадлари, мол-мулки ва кўп миқдордаги харажатларини декларация қилиш тартибга солинади. Бошқа давлат хизматчиларининг ва улар оила аъзоларининг даромадлари, мол-мулки ва кўп миқдордаги харажатларини декларация қилиш тартиби махсус қонунларда ҳам белгиланиши мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, давлат хизматининг асосий тури бўлган давлат фуқаролик хизматининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини, унинг механизмини белгилаб берувчи қонуннинг қабул қилиниши давлатимизнинг ривожланишида, давлат хизматининг самарали фаолият юритишида жуда ҳам муҳим аҳамиятга эга ҳамда мазкур соҳадаги мавжуд муаммо ва баҳс-мунозааларни бартараф этишга хизмат қилади.

Ф.Б.Исаева,
ТДЮУ, Давлат ҳуқуқи ва бошқаруви
кафедрасининг катта ўқитувчиси

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг