Ваъда, манфаат, мажбурият: муносабатлар асоси ҳисобланган шартномалар ҳақида

0

Кундалик ҳаётда ҳамма муносабатлар бир-бирига боғлиқ. Йўловчи автобусда ишга етиб олади: ҳайдовчи уни манзилга соғ-омон вақтида олиб бориб қўяди, йўловчи эса бунинг учун унга ҳақ тўлайди. Талаба ўқиш учун пул тўлайди, фанларни ўзлаштиради. Университет уни ўқитади ва диплом беради. Буларнинг ҳаммаси шартномавий муносабатлар ҳисобланади.

Шартномани оддий қилиб қонунан тартибга солинадиган ваъда деб аташ мумкин. Ваъда эса бирор нарсани қилиш ёки қилмаслик ҳақида бўлади. Масалан, бир тараф иккинчи тарафга тақиқ қўйиши ва айтилганидек бўлгач, уни мукофотлаши мумкин.

Шартнома тузилиши учун уни тузувчи тарафлар ўзаро келишиб олиши керак. Уларнинг бири таклиф беради, иккинчиси эса қабул қилади. Агар бир тараф ваъдасини бажаришдан бош тортса, кейингиси қонуний чора кўрилишини сўрайди. Шартнома ҳуқуқи эса бу муносабат ҳақиқатан шартнома талабларига жавоб берадими, унинг мазмуни қанақа, агар шартнома талаблари бузилган бўлса, зарар кўрган тарафга компенсация қандай тўланади, деган саволларга жавоб топади.

Тарих: қандай жамиятларда шартномаларга эҳтиёж бўлган? 

Тарихда шартнома ҳуқуқи бизнес алоқалари ривожланган жамиятларга вужудга келган. Савдо алоқалари яхши ривожланмаган жамиятлардан эса унинг бирор кўзга ташланадиган аломатини топиш қийин. Айрим ибтидоий жамиятларда қариндошлик алоқалари ва диний муносабатларни тартибга солишда шартнома қоидаларига ўхшаб кетадиган бошқа белгилар учрайди.

Масалан, қадимги Рим қонунчилигида илк шартнома дин билан боғлиқ тарзда мавжуд ва диний санкциялардан иборат бўлган. “Jus jurandnm” деб аталган тартибга кўра, ўзини Худога бағишлаган руҳоний қасамини бузса, у жамиятдан айириб қўйиш билан жазоланган.

Бартер муносабатлари ривожланган ҳудудларда эса битимлар ўзини ўзи тартибга солиш хусусиятига ҳам эга бўлган. Сабаби ҳар иккала томон унда белгиланган мажбуриятларни бажаришган. Муаммо эса айирбошланган товардан бирор камчилик топилгандан сўнг пайдо бўлган.

Юстинан қонун китобида

Илк шартнома намуналари олтинчи асрда Византия ҳукмдори Юстинианнинг қонун китобларида қайд этилган. Улар турли хилдаги битимлар ва келишувлардан иборат эди, баъзилари бажариш талаб қилинадиган, баъзилари эса бунга зарурат бўлмаган битимлардан иборат эди. Кейинроқ келишувга эришилгандан сўнг бажарилиши керак бўлган шартномалар тузилиши ҳам бошланди. Бироқ ғарбий империя қулаши билан бу тараққиётга нуқта қўйилди, ғарбий Европа урбанизация ва тараққиётдан ортга чекиниб, аграр муносабатлар кўпроқ кўзга ташланадиган ҳудудга айлана боради. Бу эса суд ва маъмурлар ўрни заифлашиб боришига сабаб бўлади. Ғарбий Европада ренессанснинг бошланиши шартномавий муносабатларнинг яна ривожланиши учун шароит қилиб беради.

Савдо кўргазмалари ва савдо судлари

Янги шартнома ҳуқуқи Европа бўйлаб савдогарлар муносабатлари орқали ривожлана бошлади. Улар фаол савдо ҳаётида норасмий, лекин вазиятга мослашувчан шартномавий муносабатларни амалга ошишарди. 13 асрдан эса халқаро савдо кўргазмаларида савдогарлар судлари ҳам ташкил қилана бошланади. Бу судларни ўзлари савдогар бўлган ва савдо муаммолари, одатларини яхши билган эркаклар бошқарган, улар тезкорлик билан адолатни таъминлай олишган.

12-13 асрда Англия ва Европа қитъасининг бошқа қисмларида шартнома ҳуқуқи ривожида фарқ сезила бошлайди. Англияда бу муносабатлар судлар орқали ривожланган бўлса, қитъада бу шартнома тартиблари тизимли ўйлаб чиқиш орқали тараққий эта бошлайди.

“Албатта, манфаат бўлиши керак…”

13 асрдан инглиз умумий ҳуқуқида шартномавий муносабатлар иккита тушунча: “қарз” ва “аҳд” вужудга кела бошлади. Келишувга кўра, пул бир тарафга маълум фойда эвазига қарзга берилиши мумкин эди.

16 асрдан инглиз умумий ҳуқуқи тартиби бўйича ишловчи судлар шартномавий муносабатлар учун алоҳида “Consideration” доктринаси асосида иш кўра бошладилар. “Consideration” деб аталган доктринага кўра, шатрнома тузилаётганда берилаётган ваъда бир хил қийматга эга бўлиши шарт эмас, лекин у, албатта, бирор қийматга эга бўлиши керак ва савдолашилиши, яъни келишилиши керак эди.

Шартнома мажбурий ҳужжат сифатида

Рим ҳуқуқи таъсирида Роман-герман шартнома ҳуқуқининг ривожланишига бу тизим қонунчилигининг таъсири катта бўлди. Рим католик черкови ҳам шартномавий муносабатларга таъсир кўрсатади.

Черков ўз тартиблари бўйича норасмий, яъни оддий ваъда ҳам бажарилиши керак деган қарашни илгари сурди. Бу қараш норасмий шартномаларнинг ривожланиши учун рағбат берди.

18 асрда ҳуқуқшунос ёзувчилар ва юристлар норасмий шартномаларни ҳам судда ижро этиш мумкин деб ҳисоблаша бошлаган. 1804 йилда қабул қилинган Франция фуқаролик кодексида (Наполеон кодекси) шартномавий муносабатлар ҳақида тўхталиб ўтилган. Кодексга кўра, агар мажбуриятлар эркин бўлса, у бажарилиши мажбурий ҳужжат сифатида қаралган. Бунда шартномадаги мажбуриятларнинг бажарилиши жамият фаровонлигига таъсир қилмаслиги ва айрим тоифадаги шахслар, масалан, вояга етмаганларнинг ҳуқуқларига зарар етказмаслиги керак эди.

Ихтиёрийлик, ижро ва жавобгарлик

Анъанавий шартнома қонунчилиги мажбуриятларнинг ихтиёрий тарзда қабул қилиниши, уларнинг ижроси назорати ва агар мажбурият бажариш қоидалари бузилса, санкциялар тайинлаш каби асосий қоидалардан иборат тарзда ривожланди.

Шартномада бир томон иккинчи томонга ниманидир таклиф қилади, иккинчи томон эса ўша таклифни қабул қилиши билан шартномавий мажбурият вужудга келади.

2 хил ҳуқуқий тизимда шартномалар: асосий фарқ нимада кўринади?

Умумий шартнома ҳуқуқида шартнома “consideration” доктринасига кўра, нимадир қийматли ваъдага эга бўлиши керак.

Айтайлик, бир томон иккинчисига хизмат ёки товарини таклиф қилади. бошқа томон эса бу ваъдага яраша ҳақ ваъда қилиши керак.

Фуқаролик ҳуқуқида эса “cause” доктринаси шартномалар тузилишида устувор. Унга кўра, шартномавий муносабатларга киришаётган томонларнинг ўзаро мажбуриятни бўйниларига олишдан мақсади бўлиши керак. Фуқаролик ҳуқуқий шартномалари умумий ҳуқуқ шартномаларидан ҳар иккала тараф ҳам нимадир ваъда бериши шарт эмаслиги билан ажралиб туради.

Масалан, шартнома бир томон иккинчи томонга манфаат ваъда қиладиган, лекин ўзи манфаат кўрмайдиган шаклда ҳам тузилиши мумкин.

Бундан ташқари, фуқаролик ҳуқуқида учинчи шахс фойдасига шартномалар тузилиши мумкин, агар учинчи томон бу мажбуриятни қабул қилишни хоҳламаса, шартнома тузилмаган ҳисобланади. Умумий ҳуқуқда эса шартномадан манфаат фақатгина ундаги томонлар фойдасига бўлиши керак.

Таклиф ва маъқуллаш (Оферта ва акцепт)

Таклиф – бажарилиши аниқ шартлар билан ифодаланган ваъда ҳисобланади. Таклиф:

    • уни қабул қилиш ёки рад этиш ҳақида қарор қабул қилиш учун иккинчи томонга тушунарли қилиб етказилиши керак. Таклиф ёзма ёки оғзаки етказилиши мумкин;
    • таклиф бир кишига, маълум гуруҳга ёки бутун дунёга нисбатан берилиши мумкин. Фақат аниқлаштирувчи бўлиши керак.

Масалан, Carlill v Carbolic Smoke Ball Co Ltd компанияси  1981 йил 13 ноябрда ўз “Carbolic smoke ball” маҳсулотларидан фойдаланиб гриппдан бутунлай узоқ бўлиши ҳақида рекламалар жойлаштиради. “Carbolic” моддаси бактериялардан тозаловчи ва ҳимоя қилувчи модда ҳисобланади. Компания карболик тутун тўпидан фойдаланишига қарамасдан грипп юқтириб олган киши учраса, унга 100 фунт стерлинг беришни ваъда қилади. Бу рекламани кўрган Мисс Карлилл компания ишлаб чиқарган шарчалардан фойдаланади, сўнг бир неча ҳафтадан сўнг гриппга чалинади.

Мисс Карлилл 100 фунт стерлинг ундириш учун компанияни судга беради. Суд қарорига кўра, унинг даъвоси қондирилади ва пул ундириб берилади. Суд рекламада кишини руҳлантирувчи сўзлардан фойдаланиш мумкин, лекин компания рекламада агар грипп ютирилса, пул бериш ҳақида ваъда бердими, демак, у бажарилиши керак деган хулосани беради.

Қабул қилиш (Акцепт)

Шартноманинг кейинги муҳим таркибий қисми ундаги таклифни қабул қилиш билан белгиланади. Акцепт учун шартноманинг кейинги томони ундаги таклифни бажара олиш имконига эга бўлиши керак.

Масалан, “Агар сиз машинангизни қизил рангга бўяб сотсангиз, мен уни 500 фунтга сотиб оламан”. Акцептни учун уни қабул қилувчида машинани қизил рангга бўятишга шароит бўлиши лозим.

Хулоса

Шартномалар ҳаётимизнинг ҳар бир қисмида амал қилади, турли муносабатларнинг балансда ушлаб турилишини таъминлайди. Ҳозир улар замон тараққиётига мос тарзда ривожланиб, янги муносабатларни ҳам ифодаламоқда. Шартномаларнинг ҳуқуқий табиати ҳақида хабардор бўлиш билан мураккабдай туюлган нарсалар осонга, дуч келиниши мумкин бўлган муаммолар эса доимо ечимга эга бўлади.

 

Зилола ҒАЙБУЛЛАЕВА,
Тошкент давлат юридика университети магистранти